АДАШМАЙЛИК.
08 август 2020 й.
1028 марта ўқилди.

 

АДАШМАЙЛИК.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан!
Ҳозирги кунда қулоғимизга мутаассиблик, ҳаддан ошиш, диний экстремизм, терроризм каби сўзлар тез-тез чалинадиган бўлиб қолган.  Ўзида фақат салбийликни жамлаган, боши берк бўлган бу кўчаларга айрим шахсларнинг кириб қолиш сабабларини имкон қадар ушбу мақолада ўрганишга ҳаракат қиламиз.
Аввало кишининг ҳаддан ошиши, муросасиз бўлиши, ўзидан бошқаларни нуқсонда деб билиши бу унинг жоҳиллиги ва мутаассиблиги туфайли юзага келади десак, хато қилмаган бўламиз. Мутаассиблик араб тилидаги “ғулув” сўзи билан маънодош бўлиб “ҳаддан ошиш”, “чегарани бузиш”, “чуқур кетиш”,  деган маъноларни англатади. Кишининг ҳаддан ошишига эса унинг тарбиясизлиги, илмсиз-жоҳиллиги сабаб бўлади. Ўзи билган баъзи бир нарсаларнинг юзага келиш сабаби, ўрни ва макони, кимга ва нима учун аталганини билмасдан, воқеликни аниқ идрок этмаган ҳолда ҳукм чиқаради ва ўзининг бу ҳукмига мутаносиб бўлмаганларни айблай бошлайди. Демак, бундай кишилар Аллоҳ таоло эътиқод ва ибодат масалаларида белгилаб қўйган чегаралардан ташқари чиқадилар, ҳудудларни бузадилар. Ислом эса ҳар қандай ҳолатларда ҳам Аллоҳ таолонинг белгилаб қўйган меъёрлари, ҳукмларининг бузилишидан қайтаради.
Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида мусулмонларни “Ўрта уммат” деб васфлади. Муфассирлар ушбу сифат замирида мусулмон киши ғулувга кетмайди, ҳаддан ошмайди шу билан бирга бепарво, лоқайд бўлмасдан балки шулардан холи бир ўрталикда, меъёрда бўлади деб тафсир қилишган. Шунга кўра мусулмон деганда биз ҳар бир нарсанинг ҳаққини Аллоҳ таолонинг каломи ва суннати набавияга мувофиқ адо этадиган, муросаи-мадора қилувчи, ақли нафсига ғолиб, ғулув ва бепарволикдан холи бўлган кишини тушунамиз, десак тўғри бўлади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Динда чуқур кетишдан сақланинглар, чунки сиздан олдинги қавмларни динларида чуқур кетишликлари ҳалок қилди”, - дедилар. (Насоий ривояти). Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики мутаассибликда бошқа қавмларга тақлид қилишлик ҳам бор экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса бошқа қавмларга тақлид қилишдан қайтарганлар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳаддан ошувчилар ҳалок бўлдилар”. (Муслим ривояти). Имом Навави раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадис шарҳида: “Бу ердаги ҳаддан ошувчилардан мурод шундай кишиларки, улар ўринли бўлмаган ҳолатларда қаттиқлик қиладилар”,-дедилар. Уламолар: “Ушбу ҳадис ўзида мутаассибликни намоён қилган барча нарсага тегишлидир. Хоҳ у эътиқод масаласида бўлсин, хоҳ ибодат, хоҳ одамлар билан муносабатда бўлсин, хоҳ урф-одат барчасини ўзида жамлайди”,- деганлар.
Бизлар учун қиёматга қадар йўлчи юлдуз бўладиган Аллоҳ таолонинг Каломи ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида мутаассиблик, ҳаддан ошишликдан қайтарилган экан нега бу иллат ҳаётимизда ўзининг борлигини кўрсатиб турибди. Бунинг ўзига яраша бир қанча сабаблари бор. Қуйида уларнинг айримларини санаб ўтамиз:
Жоҳиллик-илмсизлик. Динни бир ёқлама, тор доирада тушуниш. Мутаасиблик балосига мубтало бўлганларнинг аксари  динни айнан бир ёқлама, саёз тушунганлари учун ҳам шундай ҳолатга тушиб қоладилар. Ахир Ислом динини яхши билган киши унинг эзгулик, тинчлик, инсонларга фақатгина манфаат бўлган дин эканлигини англаб, ҳар қандай террор ва экстремизм кўринишларини қораламайдими?! Айнан жоҳиллик ҳамма иллатларнинг онасидир. Жоҳил киши кимдан нимани эшитса ўшани қабул қилади. Ўз нафсига ёққан нарсани ҳақиқат деб билиб, кўр-кўрона эргашади. Айтилган нарсани ақл тарозисига солиб, ўлчаб кўриш учун унда илм йўқ. Мана шу жоҳиллик уни журъатли қилиб, турли жиноятларга қўл уришга ундайди. Ислом эса бизларга бешикдан қабргача илм олишни тарғиб қилади.
Қуръон ва суннатни яхши биладиган олимлардан узоқлашиш. Олимлар пайғамбарлар меросхўрларидир. Улар Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган рахмат хазинабонлари. Улар бошқалардан кўра нима мумкин-у, нимага рухсат йўқлигини яхши англайдилар. Ҳукм ва ҳолатларни Аллоҳ таоло уларга инъом этган илмларига суянган ҳолда талқин қиладилар. Улар Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида бизларга “Зикр аҳлидан сўранг” деб амр қилган зотлардир. Агар биз мутаассиблик ҳолатига тушиб қолган кишилар билан муомала қиладиган бўлсак аён бўладики, уларнинг аксари таълими, илми, амали, одоби билан кўпчиликка танилмаган шахслардан ёки манбаси суриштирилмаган интернет саҳифаларидан, кўпчилик олимлар томонидан эътироф этилиб, мутолаага тавсия қилинган китоблардан ташқаридаги манбалардан олганликлари маълум бўлади. Мухаммад ибн Сиррин розияллоҳу анҳу: “Ҳақиқатда дин бу илмдир. Шундай экан уни кимдан олаётганларингизга қаранглар”,- дедилар.
Оилавий тарбиянинг йўқлиги.  Ҳеч кимга сир эмаски, бола тарбия топган муҳит унинг келажагига бевосита таъсир қилади. Ота-онасининг унга қандай муомалада бўлганлиги, қандай шароитда яшаганлиги, онгининг шаклланишида қандай тушунчалар омил бўлганлиги боланинг эртанги кунини белгилайди. Айнан оилада бола меҳр-муҳаббат, ўзаро ҳурмат, ҳалоллик, масъулият, меҳнатсеварлик, илмга рағбат каби тушунчаларнинг дастлабки таълимини олади. Шунинг учун ҳам боланинг тарбиясида оиланинг ўрни беқиёс. Нуқсонли (маънан) оилада боланинг онггида шаклланган маънавий бўшлиқни у бошқа жойдан тўлдириш ҳаракатида бўлади. Ўзга нарсалардан қидиради. Оқибатда биз истамаган салбий ҳолатлар юзага келади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир бола фитратда туғилади. Кейин ота-онаси уни ёки яҳудий, ёки насроний, ёки мажусий қилиб тарбиялайди”, - дедилар. Тўртовлари ривоят қилишган.
Ёш авлоднинг ёши улуғлардан узоқлашиши. Ҳозирги кун ёшлари анча пешқадам. Ўз фикри, ўз сўзига эга. Олийгоҳларда ўқишади, интернетдан усталик билан фойдаланишади, чет элларга чиқиб келишади. Улар куч, ғайрат, шижоатга тўла. Бироқ, уларда ҳеч бир таълим даргоҳи бера олмайдиган ҳаётий тажриба йўқ. Уларда ёши улуғларимиздаги вазминлик, мулоҳазалик, босиб ўтган ҳаёт йўлларига суянган ҳолда узоқни кўра билиш қобилияти йўқ. Шунга кўра ёшлар ҳар бир ишларида ҳаётда ўз мавқеъига эга бўлган, чуқур билим ва инсонларга манфаати билан танилган нуроний отахонларимиз, ёши улуғларимиз билан бaмаслаҳат иш қилсалар фақатгина фойдада бўладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни яқинлигининг аломатларидан бири одамлар илм олишлари учун ёшларга мурожаат қилишларидир”,-дедилар. Киши  масжид  олдидан  ўтиб,  икки  ракат намоз  ўқимаслиги,  фақат  таниган  кишиларигагина салом бериши ва ёш гўдак (ўзининг бирор иши билан) қарияни  элчи  қилиб  юбориши  қиёмат аломатларидандир.  Ибн  Масъуд  розияллоҳу  анҳудан. Табароний ривояти.
Демак, юқорида санаб ўтилган иллатларни даволашда илму-маърифат, таълим-тарбия ва ўзаро ҳамжиҳатлик етарли асос бўлади десак муболаға бўлмайди.


Ғиждувон туман “Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний” жомеъ масжид
имом-хатиби О. Амонов
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:36
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram