“Адолат бўлмаган жойда одамлар нимага ишонсин”
27 январ 2020 й.
1301 марта ўқилди.

 “Адолат бўлмаган жойда одамлар нимага ишонсин”

 
Бугун, 24 январь куни Муҳтарам Президентимизнинг мурожаатномаларида қўйилган энг устувор вазифалар, ташаббуслар, таклифларни бевосита эшитиб, жуда кўп хулосаларга келдим.
Нутқнинг чуқур ва аниқ рақамлар таҳлили, амалий ва танқидий руҳи, салоҳият ва имкониятларимизни сафарбар қилиш ҳақидаги жонкуярлик бизнинг қалбимизга ҳам ўтди. Чунки иқтисодиётнинг янада ривожланиши йўлида, инфратузилманинг барча бўғинларини уйғун ривожлантирилиши борасида билдирилган фикрлари, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламнинг яхши турмуш шароитини таъминлаш - бу Юртбошимизнинг оталарча ғамхўрлигидан бўлса, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида Эммануэл Кантнинг “Адолат бўлмаган жойда одамлар нимага ишонсин”, дея таъкидлаган фикрининг келтирилиши суд-ҳуқуқ тизими соҳибларини адолат тамойилида иш тутишлари йўлидаги эзгу давъват деб айтиш мумкин. Айниқса, Президентимиз ўз нутқларида ҳадис илмининг султони Ҳазрат Имом Бухорийнинг “Барча амаллар ниятга қараб”, - дея ривоят қилинган ҳадисларига таяниб, халқимиз турмуш тарзи, унинг савиясини юксалтириш мақсадида белгилаб берган устувор йўналишларидан асосийси илм-маърифатга асосий урғу берилганлиги биз илм аҳли зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Чунки барча замонларда ҳам илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай деган тамойилга асосланиб жамиятнинг мустаҳкам илдизларини ташкил этувчи маърифатни ривожлантириш – бу келажакни мустаҳкам пойдеворини қўйиш дегани.
Президентимиз нутқида коррупцияни илдизи билан қуритиш мақсадида таклиф этган “ҳалоллик вакцинаси” хусусидаги фикрлари ҳар қандай тафаккур соҳибини фикрлашга чорлайди. Гарчи бу вакцина нанооламнинг бир зарраси бўлсада, қалбларни тўғри йўлга бошлайдиган виждоннинг бир бўлаги десак тўғри бўлади.
Шу ўринда айтиш жоизки, тасаввуф аҳлининг бунга оид ўзига хос қарашлари бор. Хусусан, Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг бетаъма бўлиш, риёни қоралаш мақсадида айтган ушбу мисралари фикримизнинг яққол далилидир:
Бирав ту тарки риё кун ки дар риё 
Ҳазор сола ибодат ним жав нахаранд.
Мазмуни: 
Боргин сен риёни тарк этгинки, риёла қилинган ибодатнинг қиймати бир дона арпачалик қадри йўқдир.
Демак, риё, таъма, манманликнинг Яратган олдидаги қадри ҳаминқадар экан инсонлар фикр қилиши керак, номаъқул йўллар билан топилган ёхуд орттирилган бойлик, обрў, эътибор пуч ёнғоқ каби қадрсиз экан. Биз поклик йўлида улғайиб келаётган ёш авлодни сафарбар этсак, келажакда унинг мевасини ўзимизга нафи ортиқроқдир. Амаллар ниятга кўра дейилган юқоридаги иқтибосдан айтиш жоизки, ҳар бир касб соҳиби қайси йўналишда бўлмасин ўсиб келаётган навниҳолларни қандай парвариш қилса, унинг ажрини, мукофотини шу йўсинда олиши мумкин. Зеро, келажак акс-садоси бўладиган биз эккан ниҳоллар тўғри ўссагина яхши ҳосил бериши мумкин. 
Фикримнинг якунида барча илм аҳлини тафаккурга чорлаб, айтмоқчи эдим: Огоҳ бўлайликки, атрофимизда содир бўлаётган ҳар қандай жиноятга мойиллик бўлган вазиятга бепарво бўлсак, эртага бу гирдоб бизнинг ҳам болаларимизни ўз домига тортмай қўймайди. Ўринли жойда танбеҳ бериш, инсофга чақириш, виждон амрига қулоқ солиш - бу ҳалоллик сари илк қадам бўлиши мумкин. Букрини қабр тузатади деганларидек, умрини ўтаб бўлган тўнкаларни кесиб ташлаб қутулиш мумкин, лекин эгриликка мойил бўлган ниҳолни боғбон кўмакчи ёғоч ёрдамида тўғри ўсишга мажбурлагани каби устозлар навниҳолларни тўғри йўлдан боришга мажбурлаши масъулиятдир. 
Бу йўлда барча илм аҳлига мустаҳкам ирода, чидам ва бардош тилаб қоламан.
 
Г.Юнусова, 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакилининг хотин - қизлар масалалари ёрдамчиси
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:00
Куёш: 05:47
Пешин: 13:10
Аср: 18:00
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram