АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА ДЕГАНДА НИМАНИ ТУШУНИШ ЛОЗИМ?
24 декабр 2021 й.
664 марта ўқилди.

 
АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА ДЕГАНДА НИМАНИ ТУШУНИШ ЛОЗИМ?

Исломиятдаги энг тўғри йўл "Аҳли сунна вал жамоа" йўлидир. Бу йўлни мазмун-моҳиятини илмли кишилар яхши билади. Аммо илмсиз, авом халқ бу ҳақида эшитган бўлсада унинг моҳиятини англаб етмайдилар. Шунинг учун халқ тушунадиган қилиб тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Аввало, "Аҳли суннат" атамасига тўхталадиган бўлсак, "аҳл-эга", "суннат- одат", яъни "одат эгаси" деган маънони англатади. Жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам 23 йил, пайғамбарлик мобайнида нима одат билан одатланганлар, ўша одат билан одатланишликни, ҳамда у зотнинг саҳобаларини одатларига суннат дейилади. Масалан:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш болаларни хатна қилишга одатланганлар, шунинг учун ёш болаларни хатна қилишни суннат деймиз. Пайғамбаримиз овқатдан олдин уч марта муборак қўлларини ювишга, бисмиллоҳ билан бошлашга, ўнг қўл билан таом ейишга...одатланганлар. Биз ҳам ўша одат билан одатланишимизга "суннат" дейилади. Динимиздаги минглаб суннат амалларнинг барчаси жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда у кишининг саҳобаларини муборак йўли ва одатларидир. 
"Вал жамоат" - "кўпчилик", "бир гуруҳ одамлар"- яъни: мусулмонларнинг мутлоқ кўпчилиги, суннатга, Расулуллоҳ ва у зотнинг асҳоблари, тобеинлар, табаа тобеинларнинг муборак одатларига эргашиб, амал қилиб келган омма мусулмонлардир, деган маънони билдиради. Қисқа қилиб айтганда суннат деганда-Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда у кишининг саҳобалари йўли;
Жамоат деганда - саҳобалар, тобеинлар, табаа тобеинлардан иборат солиҳ салафлар назарда тутилади. Соф, аҳли сунна вал жамоа эътиқодида бўлган киши энг тўғри йўлидадир. 
Барчага эътиқодни тузатиш ва амал этиш лозим эканлиги, ҳақиқат оламига бу икки қанот билан учиб борилишини тушунтириб, Имом Раббоний, ўзларининг "Мактубот" асарларида, Хизирхонга ёзган 94-мактубларида шундай дейдилар:"Ҳақ таоло ҳазратлари Муҳаммад Мустафонинг дини йўлига киргизсин! Барчага олдин лозим бўлган нарса "аҳли сунна вал жамоа" олимларининг тушунтирган ва билдирганлари ҳолда, муносиб эътиқодни тузатишдир. Жаҳаннамдан нажот топиши билдирилган бир фирқа (нажот фирқаси) бу олимларнинг фирқасидир. Имонни ислоҳ қилгандан сўнг; фарзларни, вожибларни, суннатларни, мустаҳабларни ва ҳаромни, ҳалолни, макруҳни ва шубҳали бўлган нарсаларни ўрганиш ва бу фиқҳ маълумотларига кўра ҳаракат қилиш лозимдир. Бу эътиқод ва амал номли икки қанотга эришгандан сўнг, агар Аллоҳ таоло ёрдам этса, изн берса, ҳақиқат оламига учиш мумкин. Бу икки қанотга етмагунча ҳақиқат оламига учиб бўлмайди.
 
Қутилдим деб ўйлама эй Саъдий хожа,
Муҳаммад алайҳиссаломга эргашмагунча.
 
Аллоҳ таоло бизни ва сизни у буюк Пайғамбарига эргашиш ила шарафлантирсин!

Шофиркон туман "Қори Фазлиддин" масжид

имом-хатиби Мустақим Исоев 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:36
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram