АҲЛИНГИЗГА ХУШМУОМАЛА БЎЛИНГ
29 декабр 2021 й.
648 марта ўқилди.

 

АҲЛИНГИЗГА ХУШМУОМАЛА БЎЛИНГ

Эркак ҳам аёл ҳам солиҳа бўлмоғи лозим шунда оила мустаҳкам ва жамият гўзал бўлади.
Аёл киши шу тўрт нарса туфайли оиласини хонавайрон қилади:
1. Қайсарлик;
2. Жаҳл, асаббузарлик;
3. Шубҳа-гумон;
4. Овозни баландлатиш.
Эркак киши ҳам тўрт нарса туфайли оиласини хонавайрон қилади:
1. Узоқлашиш;
2. Эътиборсиз бўлиш;
3. Қаттиққўл бўлиш;
4. Бахиллик қилиш.
Аллоҳ Таъоло Қуръони каримда айтади:
 الْخَبِيثَاتُ لِلْخَبِيثِينَ وَالْخَبِيثُونَ لِلْخَبِيثَاتِ وَالطَّيِّبَاتُ لِلطَّيِّبِينَ وَالطَّيِّبُونَ لِلطَّيِّبَاتِ أُولَئِكَ مُبَرَّءُونَ مِمَّا يَقُولُونَ لَهُمْ مَغْفِرَةٌ وَرِزْقٌ كَرِيمٌ 
"Нопок аёллар нопок эркаклар учун (лойиқ)дир, нопок эркаклар нопок аёллар учун (лойиқ)дир. Покиза аёллар покиза эркаклар учун, покиза эрлар покиза аёллар учундир. Айнан ўшалар (покиза эрлар ва покиза аёллар) уларнинг айтаётган бўҳтонларидан покдирлар. Улар учун мағфират ва фаровон ризқ (Жаннат неъматлари) бордир" (Нур сураси, 26-оят).
Эр-хотиннинг гоҳида ҳар хил бўлишига Пайғамбарларда ҳам мисоллар бор: “Аллоҳ кофир бўлган кимсалар ҳақида Нуҳнинг хотини ва Лутнинг хотинини мисол келтирди. У иккиси Бизнинг бандаларимиздан икки солиҳ банданинг (қўл) остида эдилар. Бас, у (аёл)лар уларга хиёнат қилдилар. (Нуҳ ва Лут) Аллоҳ(нинг азоби)дан бирор нарсани у иккисидан даф қила олмадилар. (Уларга): «Кирувчилар билан бирга дўзахга кирингиз!» – дейилди” (Таҳрим сураси, 10-оят).
Аслида, Аллоҳ таолонинг оятларида қарама-қаршилик бўлмайди. Лекин оятларни нотўғри тушуниш сабаб маънолари зид кўриниши мумкин. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди:
"Қуръон (оятларининг маънолари) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?! Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўпгина қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар" (Нисо сураси, 82-оят).
Мана, ўн тўрт аср  ўтаётган бўлсада, илоҳий мўъжиза – Қуръони карим оятларида келтирилган маълумотларда бирорта хато жумла топилгани йўқ, топилмайди ҳам. 
Энди Нур сураси 26-оятининг тафсирига келсак, бу оят мунофиқлар Оиша онамизни зинода айблаганда, поклаш-оқлаш бўлиб келган. Шунинг учун аксар муфассирлар оятдаги “Ал-хобисат” сўзини “нопок сўзлар”, деб тафсир қилишган. Бу тафсирга кўра оятнинг маъноси, мунофиқлар айтаётган нопок сўзлар нопок одамларга мос келади, яхши сўзлар эса яхши одамларга мосдир. Оиша онамиз ва бошқа пок кишилар мунофиқлар айтаётган гаплардан узоқдир.
“Ал-хобисат” сўзи “нопок аёл” маъносини ҳам эҳтимол қилгани учун баъзи муфассирлар ояти каримани, аслида, покка пок, нопокка нопок лойиқ ва мос келади, деб тафсир қилганлар. Бу эса гоҳида покка нопок тўғри келиб қолиши мумкинлигини йўққа чиқармайди.
Бу оят “Тафсири Жалолайн” китобида шундай келтирилган:
“Нопок аёллар ва ёмон сўзлар ёмон кишиларга, ёмон кишилар нопок аёллар ва ёмон сўзга хос (мос)дир. Покиза аёллар ва яхши сўзлар яхши кишиларга, яхши кишилар покиза аёллар ва яхши сўзларга хос (мос)дир. Яъни, нопокка лойиқ бўлгани нопокдир. Пок кишига лойиғи покдир...”.
Аҳлингизга хушмуомала бўлинг. Қалбингизда улар алоҳида ўрин эгаллашини айтинг.
- Унинг ҳаётига ҳам қизиқинг. Ичидаги туйғуларини айтишига қўйиб беринг.
- У билан холис муносабатда бўлинг. Ундан меҳр кутсангиз, аввало сиз унга меҳр беринг. 
- Аёл киши унга эътибор беришингизни хоҳлайди. Иш жойингизда қандай муаммолар бўлса ҳам, уйдаги хотинингизни унутманг. У ҳаётингиз, жуфтингиз ва шеригингиздир.
- Унга ёш қизалоқлардек муомала қилинг: хато қилса, ўргатинг, уни ёлғиз ташлаб қўйманг. Унинг ёнида қанча кўп одам бўлмасин, эрининг ўрнини боса олмайди. 
- Аёлингиз ва фарзандларингиз ҳақига доим дуо қилинг. Бу мўминларнинг сифатидир. "Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан шод-хуррамлик ҳадя этгин», дейдиган кишилардир. (Фурқон сураси, 74 - оят)
         
Шофиркон туман "Искогаре" жомеъ масжид
имом-хатиби Тоштемир  Назаров
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:36
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram