Аждодларимиз мероси
24 феврал 2016 й.
3417 марта ўқилди.

 Аждодларимиз мероси

Чориқулбой – Ромитанлик сахий бойлардан бўлиб, у Чориқулбой Пирнафасбой ўғлидир. Чориқулбой нафақат Ромитанда, балки Бухоро ва унинг атрофларида ҳам ўзининг сахийлиги, художўйлиги, ҳалоллиги, камбағалпарварлиги билан донг таратган. Айниқса, унинг Зарафшон дарёси устида қурдирган узунлиги 100 метр, эни 8 метрга яқин бўлган машҳур кўприги, Ромитан шаҳрида қурган клуби ҳозир ҳам одамлар кўз ўнгида қад кўтариб турибди.
 
 Чориқулбой Ромитаннинг Қоқиштувон қишлоғида туғилган. Унинг аждодлари асли чорвадор бойлардан бўлишган. Аммо деҳқончилик ва ҳунармандчилик соҳасини хам ривожлантиришга эътибор берганлар. Чориқулбой ўзининг қўйчиликдан топган маблағидан қурган машҳур кўприги 1911-1914 йилларга тўғри келади. Бу кўприк Чориқулбой кўприги деб юритилади.
 
Айтишларича, Чориқулбой қурувчи устани Олмониядан, кўприк лойиҳасини тайёрловчи мутахассисни Чехиядан чақирган. Шунингдек рус муҳандислари ҳам келишган. Кўприкнинг тоши Қоровулбозор ва Ғозғондан келтирилган. Унда асосан оби ғишт, ганч ишлатилган, бирорта ҳам ёғоч ёки арматура сим ишлатилмаган. Кўприк қуриб бўлингач Чориқулбой амир Олимхонни таклиф қилади ва икки кун тўй берилгач кўприкни очиқ деб эълон қилади.
 Кўприк ён томонидаги гумбазга Чориқулбой қуйидаги сўзларни ёзиб қолдирган: “ Мен Чориқулбой, халқнинг ризолиги, дунё ҳаваси ва шавқи, элим осойишталиги ва меҳри учун, инсонлар бахту-саодати, келажагига хизмат қилиши учун ушбу кўприкни қурдим”.
 Чориқулбой Пирнафасбой ўғли 1924 йилда  туман марказида клуб, 1926 йилда эса мактаб қуриб беради. Жамоалаштириш бошлангач, барча бойлар қатори у ҳам қулоқ сифатида мол-мулки мусодара қилиниб, сургун қилинади. Чориқулбой сургунда 1934 йили Дарғонотада (Туркманистонда) вафот этади. 
1993 йили унинг невара чеваралари у дафн қилинган жойдан тупроқ келтириб, Қоқиштувонда мақбара ўрнатдилар.
 
 
С.Фахриев
Ромитан туман “Ҳазрати Умар” жомеъ масжиди
имом хатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:14
Пешин: 13:10
Аср: 18:10
Шом: 20:15
Хуфтон: 22:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram