Ажри улуғ нафақа
26 август 2020 й.
863 марта ўқилди.
Ажри улуғ нафақа
Динимизда рўзғор тебратиш учун касб-ҳунар ўрганиб, меҳнат қилишга тарғиб этади. Танбаллик, дангасалик, ишёқмаслик каби жамиятга, оиласига зарар келтирадиган инсонлар қораланади. Ўтган олимларимиз, авлиё-и киромларимиз, уламоларимиз оилани боқиш учун касб-ҳунар ўрганиш вожиб ва уларни таъминлаш фарз деганлар.
Жумладан, Аллоҳ таоло айтади: "Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз..". (Жумъа сураси, 10-оят)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Киши ейдиган нарсалариниинг энг покизароғи ўз қўли билан касб қилганидадир". (Имом Абу Довуд ривояти )
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: "Бир динор Аллоҳ йўлида нафақа қилганинг, бир динор қул озод қилишга сарфлаганинг, бир динор мискинга хайр эҳсон қилганинг, бир динор аҳли оиланга нафақа қилганинг, булар ичида ажри улуғроғи аҳлингга қилган нафақангдир". (Имом Муслим ривояти)
Инсон ҳалол касб қилар экан, албатта, биринчи навбатда нияти холис бўлиши лозим. Яъни, шу ҳалол касб орқали ўзи ва оиласини таъминлаши, ўзгаларга қарам бўлмаслиги, қолаверса, жамиятга фойдаси тегадиган, ночорларни оғирини енгил қиладиган, касбидан ҳамма манфаат топадиган бўлмоғи керак. Зеро, ҳалол касб қилишнинг дунёвий ва ухровий фойдалари бордир. Ҳалол касб орқали ризқ ва умрда барака кўпаяди. Асосийси, Аллоҳнинг ризоси ва дуолари ижобат бўлишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улуғ саҳобаларидан Саъд ибн Абу Ваққосга шундай деганлар. "Эй Саъд! Таомингни ҳалол бўлишига эътибор бергин, дуоси қабул бўладиганлардан бўласан". (Имом Табароний ривояти)
Ромитан туман «Эшони Пир» жомеъ масжид
имом-хатиби Олим Ибрагимов
«орқага