Ақидада адашган қавм
07 декабр 2021 й.
592 марта ўқилди.

 
Ақидада адашган қавм

Ушбу оқим таълимоти моҳияти ва ғоявий намоёндаларига нисбат берилган ҳолда “салафий”, “муваҳҳидун”, “ваҳҳобий” деган атамалар билан юритилади. 
“Салафийлик” оқими XVIII аср ўрталарида Марказий Арабистоннинг Нажд ва ал-Хосса вилоятлари ҳудудида юзага келган. Дастлаб, ушбу оқимнинг асосчиси Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб (1703-1898) диндан чекинувчиларга қарши кураш олиб борди. Унинг фикрича, нафақат араб саҳросидаги аҳоли, балки бутун мусулмон ўлкалари ҳам асл Ислом таълимоти бўлмиш “тавҳид”дан узоқлашган. Ўша пайтда Марказий Арабистон расман турк халифалиги қўл остида бўлса-да, унинг таъсири бу ўлкада сезиларли равишда сусайган эди. Чунки империянинг ўзида бошланган инқироз нафақат давлат хавфсизлиги сиёсатида, балки диний уламолар фаолиятида ҳам акс этган эди.
Жуғрофий муҳит, қабила ва табақалар ўртасидаги зиддиятлар уларнинг бирлашувига тўсқинлик қилса, бошқа бир қатор иқтисодий ва сиёсий омиллар бу ҳудуднинг бирлашувини тақозо қилар эди. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб эса, ўлкада ва вужудга келган вазиятни тушуниб, уларни ягона мафкура асосида бирлаштириш мумкинлигини англаб етди ва ўз таълимотига асос солди.   
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг XVIII асрдаги шогирд ва издошлари ҳамда оқимнинг кейинги даврдаги тарафдорлари уни янги таълимот яратди, деб таъкидлашади. Аслида унинг таълимотидаги асосий ғоялар илгариги диний оқим ва мактабларда мавжуд бўлган. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб улардаги баъзи ғоя ва таълимотларни ривожлантирган, айримларига эса урғу берган, холос. Жумладан, тадқиқотчилар томонидан “салафий” лик оқими ҳанбалий мазҳаби асосида шаклланганлиги, яъни Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ибн Ҳанбалнинг қарашларини ривожлантириб, унга диний-сиёсий тус берганлигини таъкидлашади. Лекин шу нарса маълумки, VIII аср охири ва IX аср бошларида Ислом ўлкаларида мўътазилий оқимининг пайдо бўлиши ва у томондан Ислом таълимотларига зид бир қатор ақидалар илгари сурилиши соф Ислом диний тамойилларига жиддий хавф туғдира бошлаган. Мана шундай вазиятда ибн Ҳанбал катта жасорат билан исломий ақидани қилганлиги сабаб, у динни сақлаб қолган шахс сифатида Абу Бакр сиддиқ билан тенглаштирилади. Бу унинг Ислом оламидаги шуҳрати ошишига ва суннийликнинг кўзга кўринган энг йирик вакилларидан бирига айланишига олиб келди. Баъзи тадқиқотчилар ибн Ҳанбалнинг ҳуқуқий қарашлари, сўз ва фатволаридаан келиб чиқиб, шахсий мазҳаб деб баҳо беришади. Кейинчалик, издош-шогирдлари томонидан унинг ҳуқуқий қараш ва фатволарни тўплаб, бу мазҳабга алоқадор 30 та ҳуқуқий тамойил ва қонунларни ўз ичига олган китоблар ёзилгани қайд этилади.
Вазият тақозисига кўра, ибн Ҳанбал ўз замонасидаги мусулмонларга исломий ақидаларни асл ҳолига қайтариш, фақатгина Қуръон ва Суннатга эргашиш лозимлигини тарғиб қилган. Шу сабабли у “Исломни битъатлардан қутқарувчи” деган номга ҳам сазовор бўлган. Бу эса, кейинчалик мусулмон жамияти заифлашган ва турғунлашган пайтларда ибн Абдулваҳҳоб ғояларининг шаклланиши ва тарқалишида катта рол ўйнади.
XIV асрда яшаган Тақиюддин ибн Таймия ҳам ибн Ҳанбал таълимотининг ёйилишига сезиларли ҳисса қўшган. Бу Ислом уламоси Сурияда туғилиб, вафотига қадар 500 дан зиёд асар таълиф қилди. Ибн Таймия ўзининг асарлари ва маърузаларида дастлабки ислом ёки асл исломда бўлиш, ҳар қандай битъатлар диний бузилишларга олиб келишини таъкидлади. У авлиёлар, ҳатто Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилишга ҳам қарши чиқди. Чунки бу давга келиб Мадинадаги “Пайғамбар масжиди”да жойлашган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрини зиёрат қилиш Ҳаж амаллари асносида йўлга қўйилган эди.
Ибн Таймия фақат назарий масалаларда эмас, амалиётда ҳам муросасиз бўлгани учун бошига кўплаб кулфатлар орттирган. Қозилар ва ҳукмдорлар кўп марта унга жарималар солиб, тана оғриқлари жазоларини беришган. У ўз ҳаётининг анча қисмини зиндонларда ўтказиб, 1328-йилда вафот этади.
Тақдир тақозоси билан ибн Таймия ислом экстремизмининг биринчи назариётчиси – “бобокалони”га айланиб қолди. Чунки мутаассиб кучлар ибн Таймиянинг давлат ҳақидаги концепциясига амал қилган ҳолда шундай  фикр қиладиларки, унга кўра Ислом дини, умуман давлат тизимининг қандайдир аниқ шаклини кўрсатиб бермайди. Ибн Таймия: “Ҳар қандай давлат, агар у одамлар томонидан шариат аҳкомлари бажарилишини таъминласа, унинг тузуми қандай бўлишидан қатъий назар, ислом давлати ҳисобланиши мумкин, - дейди. Ёки унингча, “давлатни шариат асосида бошқармаётган ҳукмдорга нисбаттан жиҳод эълон қилиниши лозим”.
Умуман олганда ибн Таймиянинг “революцион” ғоялари кейинчалик бир неча тузилмалар, жумладан, “салафий”лик оқими намоёндалари томонидан кенгайтирилиб, Исломдаги энг радикал кўринишга эга бўлган таълимот барпо қилинди.
Оқим қарашлари. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб бевосита динни “тозалаш”, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам замонасидаги асл Ислом таълимотига қайтиш, ширкка олиб борувчи бутпарастлик маросимларидан қутулиш кабиларга қарши ҳаракатларни олиб борган. Ҳатто, у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларини зиёрат қилишни ҳам тавҳидга зид, деб баҳолайди. Шунингдек, “бидъат”га алоҳида урғу бериб, унга қарши муросасиз кураш олиб борди.
Бироқ ушбу ўлкалардаги диний вазият юқорида таъкидлаганимиздек, ўта мураккаб бўлган. Чунончи, марказий ва шарқий Арабистонда шиа мазҳабининг “ибодия”си, ал-Хосса вилоятида “қармат”, Яманда “зайдий” оқими тарафдорлари яшашарди. Табиийки, бу оқимларнинг барчасида азиз авлиё ҳамда қадамжоларни зиёрат қилиниши кенг тус олган эди. Хусусан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодларини улуғлаш ҳамда уларнинг қадр-қимматини вафотидан кейин ҳам эъзозлаш ҳоллари мавжуд эди. Карбало, Нажд, Дирия, Макка, Мадина, Тоифдаги муқаддас жойларга зиёратчилар йил бўйи келишиб, жонлиқлар сўйишар ва турли маросимларни амалга оширишарди. 
Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб шу каби авж олган маросимларга ўта мутаассиблик руҳида кураш бошлади. У кескин тарзда ушбу ишларни қоралар, “ширк”, “бидъат”, “куфр” сўзларини қўлларди. Ваҳоланки, мусулмонларнинг юқоридаги маросимлари эътиқодда ширк бўлмаган. Бу эса, унга кўпчилик устидан “куфр” калимасини ишлатиш ҳуқуқини бермасди. Шубҳасиз, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб таълимотидаги энг катта қаршилик олиб келган фикрларидан бири бу – ўзига қўшилмаганларни динсизлар, деб эълон қилгани эди. Шуниси қизиқки, улар бошқа диндаги одамларга, масалан, яҳудийлар ва насороларга ўзларининг сўзларига қўшилмаган мусулмонларга қилган муросасизликни қўлламасди.
Иймон масаласида улар тутган йўллар мўминлар, хусусан, минтақамиз мусулмонлари ўртасида турли келишмовчиликлар ва кўнгилсизликларга сабаб бўлган. Бошқа бир қатор мазҳаб ва оқимлар, жумладан, мотурудий таълимотида киши Аллоҳга иймон келтириши билан мусулмонлар қаторига ўтиши таъкидланган. Ҳанбалий мазҳабида эса, эътиқодни амалда тасдиқлаш талаб қилинади. Худди шу хусусиятлар кейинчалик “сафий”ларнинг юртимиз мусулмонларининг кўпчилигига нисбатан турли хил ибораларни ишлатишларига сабаб бўлди. 
Шу билан биргаликда улар юртимизда асрлар давомида шаклланган анъанавий ҳанафийлик мазҳабига зид таътимотларни ҳам баён қилишган. Жумладан, бидъат, тавассул, тасаввуф тариқатлари, тасвирий санъат, мавлуди шарифни нишонлаш, ўтганлар руҳига Қуръон тиловати савобининг етиши, қабрларни зиёрат қилиш ёки унинг устига белги – қабртош қўйиш кабилар бўйича қарашлари мусулмон аҳолимиз ўртасида ихтилофлар келиб чиқишига сабаб бўлган.

Бухоро шаҳар “Масжиди Баланд” жомеъ масжид

имом-хатиби Миршод Саидов 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:34
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram