Аллоҳ таоло ва Мусо алайҳиссалом ораларидаги суҳбат
17 сентябр 2022 й.
562 марта ўқилди.
Аллоҳ таоло ва Мусо алайҳиссалом ораларидаги суҳбат
Биз мусулмон уммати биламизки, Аллоҳ таоло банул башарни ҳидоят этиш мақсадида дунёда Пайғамбарларни юборди. Айнан шу ҳидоят элчилари сабаб бу уммат ва олдинги уммат гуноҳ ва савобни, яхши ва ёмонни, жаннат ва дўзахни фарқига борди. Агар Аллоҳ бу умматни бошига айни Набий ва Расулларни юбормаганида бутун инсоният гуноҳ ва залолат ботқоғига ботган бўларди.
Айни дамда сўзлаб бермоқчи бўлган ривоятимиз ҳам бир Пайғамбар сабаб гуноҳлардан тийилиб ҳақ йўлда собит туришликка ҳар биримизни ундайди. Ушбу ҳадис ривояти Жобир ибн Абдуллоҳ р.а.дан ривоят қилинган бўлиб, ўтмишимизнинг фахри бўлган машҳур фақийҳ Абу Лайс ас-Самарқандий ўзларининг “Танбийҳул-Ғофилийн” асарларида келтирадилар: “Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга юборган саҳифалар ичида ўнта боб бўлиб, биринчи саҳифасида ёзилган калимада Аллоҳ шундай деди: “Эй Мусо, Менга ҳеч ширк келтирма. Менинг мушриклар юзи ўтда ёниши ҳақидаги сўзим ҳақдир. Менга шукур қил, ота-онагга шукур қил, шунда сени ҳалокатдан сақлайман ва умрингни зиёда қиламан, яхши ҳаётда яшаттираман ва яхшироғига буриб қўяман. Мен ўлдиришни ҳаром қилган жонни ўлдирма, зеро, Мен уни ҳаром қилдим. Мабодо, ушбу ҳолат сен томондан содир бўлса билгинки, ер сенга кенглиги билан ҳам торлик қилади, осмон шунча катталиги билан ҳам сенга танглик қилади, ғазабим билан дўзахга тушиб қоласан.
Менинг исмим билан ёлғон ва гуноҳкор ҳолатда қасам ичма! Чунки ким Мени покламаса, исмларимни улуғ тутмаса, мен ҳам уни покламайман. Одамларга Мен берган нарсаларга ҳасад қилма. Чунки ҳасадчи Менинг неъматларнинг душмани, қазоимни рад этувчи, Мен тақсим қилиб берган нарсаларга ғазабланувчидир. Ким шундай қилса, у Мендан эмас, Мен ҳам ундан эмасман. Қулоғинг маъносига етмаган, ақлинг англай олмаган, қалбинг боғланмаган нарсаларга гувоҳлик берма. Мен қиёмат куни гувоҳларнинг берган гувоҳликлари ростми ёки йўқми булар ҳақида қаттиқ сўроқ қиламан. Ўғрилик қилма, қўшнингни хотини билан зино қилма! Агар қилсанг, сендан юзимни ва осмон эшикларини беркитаман, дуоларингни қабул қилмайман. Ўзинг яхши кўрган нарсаларни ўзгалар учун ҳам яхши кўр. Мендан бошқага атаб қурбонлик сўйма, фақат Менинг номимга атаб сўйилган қурбонликни қабул қиламан”.
Аслида, юқоридаги насиҳатларнинг бари биз уммат учун. Пайғамбарлар эса бу насиҳат ва вазифаларни бизгача етиб келишига сабабчи бўлган воситачилар ҳисобланади. Аллоҳдан сўраймизки Аллоҳ барчамизни Ўзига итоатли, пайғамбарларига муҳаббатли, синовларига сабрли, хайрли амалларига қувватли, жаннатга шижоатли солиҳ бандалар қаторида қилсин!
Миршод Саидов,
“Масжиди Баланд” жомеъ масжиди имом-хатиби
«орқага