Аллоҳдан нимани сўрашни биламизми?
04 апрел 2020 й.
1193 марта ўқилди.
Аллоҳдан нимани сўрашни биламизми?
Аллоҳ таолонинг биз бандаларга ато этган неъматлари шу қадар кўпки, ҳатто уларни санаб саноғига ета олмаймиз. Шубҳасиз, улар орасида офият иймондан кейинги энг улуғ неъматдир. Шу боис, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эрта-ю кеч Аллоҳ таолодан офиятни сўраб дуо қилар эдилар. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечки пайтда ҳам, тонг отганда ҳам ушбу дуоларни тарк этмас эдилар: “Эй Аллоҳ, албатта, мен Сендан дунё ва охиратдаги офиятни сўрайман. Эй Аллоҳ, албатта, мен Сендан афв (кечиришинг)ни ҳамда диним, дунёйим, аҳлим ва молимда офиятни сўрайман. Эй Аллоҳ, камчилигимни беркит, қўрқинчларимдан омонлик бер. Эй Аллоҳ, олдимдан ва ортимдан, ўнгимдан ва чапимдан ҳамда устимдан мени муҳофаза қил. Остимдан кутилмаганда ҳалокатга дучор қилинишимдан Сенинг улуғлигинг ила паноҳ тилайман” (Абу Довуд ривояти).
Уламолар офиятни қуйидагича таърифлайдилар: дунёдаги офият – динда фитнага тушиб қолишдан, жисмда турли хасталикларга дучор бўлишдан, аҳли-оила ва мол-у мулкда талофатга рўбарў бўлишдан саломат бўлмоқлик.
Динда фитнага тушиб қолишнинг маъноси шуки, инсонда эътиқодий адашиш, шак-шубҳалар, нафсоний шаҳватлар, шайтоний васвасалар, тоатларни бажаришда камчиликка йўл қўйиш ва бундан бошқа дин-у диёнатга зарар берувчи ҳолатларнинг юзага келишидир. Дунёдаги офият сўралганида мана шундай нохушликлардан ҳам саломатлик сўралган бўлади.
Охиратдаги офият эса қабр азобидан, Қиёматнинг даҳшатидан ва дўзах азобидан саломат бўлишдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга ҳам Аллоҳдан офият сўрашни тавсия қилар эдилар. Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у зот айтадилар:
– Эй Аллоҳнинг расули, менга Аллоҳ азза ва жалладан нима нарсани сўрашимни ўргатинг, - дедим.
– Аллоҳдан офиятни сўранг, - дедилар.
Бир неча кун ўтди. Сўнг келиб, эй Аллоҳнинг расули, менга Аллоҳ азза ва жалладан нима нарсани сўрашимни ўргатинг, дедим. Шунда у зот менга: “Эй Аббос, эй Расулуллоҳнинг амакиси, Аллоҳдан дунё ва охиратдаги офиятни сўранг”, - дедилар (Термизий ривояти).
Абу Бакр розияллоҳу анҳу минбарда туриб йиғладилар ва дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аввалги йили минбар узра турдилар ва йиғлаб айтдилар: “Аллоҳдан афвни ва офиятни сўранглар. Чунки ҳеч кимга имондан кейин офиятдан кўра яхшироқ нарса берилмади” (Термизий ривояти)
Бугунлик кунда дунё бўйлаб коронавирус касаллиги кенг тарқалаётган, инсониятни қаттиқ ташвишга солаётган бир пайтда, биз мўмин-мусулмонлар бу хасталикнинг олдини олиш мақсадида эълон қилинган карантин қоидаларига тўлиқ амал қилиш ила зоҳирий сабабларни бажаришимиз керак. Шу билан бирга, ҳар бир иш Аллоҳнинг изни ва иродаси билан бўлишига қатъий ишонган ҳолда тавба-тазарруда бўлишимиз, дуою илтижоларимизда набавий кўрсатмага биноан доимо Аллоҳ таолодан офиятни сўрашимиз лозимдир. Ана шунда Аллоҳ таолога энг севикли дуони қилган бўламиз. Зеро, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч бир банда “Эй Аллоҳ, албатта, мен сендан дунё ва охиратдаги офиятни сўрайман”, дейишидан кўра Аллоҳга севиклироқ дуони қила олмайди”, - дея марҳамат қилдилар (Табароний ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга дунё ва охиратда офиятни ато этсин!
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
Маҳмудов Асрорхон тайёрлади.
«орқага