АЛОУДДИН БУХОРИЙ
06 июн 2020 й.
1101 марта ўқилди.

 

АЛОУДДИН БУХОРИЙ

Мужтаҳид, аллома, имомлар султони Абу Абдуллоҳ  Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ало Бухорий Ҳанафий ҳижрий 779 (милодий 1377) йили Бухорода таваллуд топганлар.
Бошланғич илмни аввал оталари Муҳаммад ибн Алодан, сўнгра тоғалари Ало ибн Абдураҳмондан олганлар. Шу билан бир қаторда машҳур имом Саъдуддин Тафтазоний ва Бухоро алломаларининг қўлида таҳсилни давом эттирганлар.
Кейинчалик илм талабида кўплаб мамлакатларга ижодий сафари натижасида Ҳинд диёрига қарашли Ҳайдарободга яқин бўлган қадимий Кулбаржо шаҳарчасида истиқомат қилганлар. Диний ва дунёвий илмлари билан обрў-эътибор қозонганлари боис ҳатто мамлакат подшоҳлари, шаҳар ҳокимлари ҳам бу зотдан сабоқ олишган.
Каъбатуллоҳ зиёрати учун Маккага сафар қилган аллома у маконда ҳам кўплаб шогирдлар орттириб, уларга муттасил таълим берганлар. Шунингдек, Мисрга саёҳати чоғида Қоҳирадаги кўп уламолар ҳам  у кишининг илмларидан манфаат олганлар. Шу боис Қоҳирада уламои киромлар сафидан жой олдилар.
Шом сафарида ҳам ноёб иқтидорлари таҳсинга учраб, тафсир ҳамда фиқҳга доир билимлари алломалар томонидан эътироф этилган.    
Фиқҳ, усул, ҳадис, тафсир, луғат, , мантиқ, мунозара, балоғат, илмул баён, фасоҳат тасаввуф илмида пешво бўлганлар. Сўз санъати нозикликларини ҳам ботиний ҳис қилганлар.   
Бу зот кўплаб шогирдларни тарбиялаб, диний илмларни дунёнинг турли томонларига етказилишини маълум маънода таъминлаганлар. 
Алоуддин Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ «Ар-радду ъалал вужудия», «Фазиҳату-л-мулаҳҳидийн ва насиҳату-л-муваҳҳидийн», «Назҳату-н-назар фи кашфи ҳақиқати-л-инша ва-л-хабар», «Фатаво фи ҳукми ижтимаъи-р-рижал ва-н-ниса ли-з-зикр», «Ақийдату Алоуддин Бухорий», «ал-Малжама ли-л-мужассима», «Рисала фи-л-мавзуъ» каби китобларнинг муаллифи ҳисобланади. Алоуддин Бухорийнинг ибн Таймия билан Дамашқда ақида хусусидаги мубоҳасаси маълум ва машҳурдир.
Аҳли сунна вал жамоат эътиқоди, ҳанафий мазҳаби ривожи, эътиқод софлиги учун қилган хизматлари беқиёс.  Турли низоларга барҳам  бериш мақсадида  оқимлар тафовутига қатъий қаршилик кўрсатиб, бидъат ва хурофотларнинг олдини олишда пешволик қилганлар. 
Алоуддин Бухорий ҳижрий 841 (милодий 1438) йили муборак Рамазон ойининг 5-куни Дамашқ яқинидаги Мизза шаҳарчасида вафот этганлар.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакили,
Бухоро вилоят бош имом-хатиби Жобир Элов
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:47
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram