АМИР ТЕМУР ВА БАҲОУДДИН НАҚШБАНД
11 апрел 2020 й.
«орқага
1328 марта ўқилди.
АМИР ТЕМУР ВА БАҲОУДДИН НАҚШБАНД
Олти аср муқаддам, XIV асрда Туронзамин мусулмон дунёсига, башарият тарихига икки буюк зот – Баҳоуддин Нақшбанд ва Амир Темурни етиштириб берди. Бу улуғ бобокалонларимизнинг авлодлар олдидаги хизматлари мазмун ва соҳа жиҳатдан турлича бўлса-да, уларнинг дунёқараши ва маънавияти бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир. Буюк давлат арбоби, енгилмас саркарда, Мовароуннаҳр иқтисодий, сиёсий ва маънавий тараққиётига улкан ҳисса қўшган, илм-фан ва бунёдкорлик ҳомийси Амир Темур ҳақли равишда тарих саҳифаларидан муносиб ўрин олди. Хожаи бузрук ва шоҳи Нақшбанд номлари билан машҳур Баҳоуддин Нақшбанд эса Мовароуннаҳрда тасаввуфнинг йирик намоёндаси, каромат кўрсатувчи мўъжизакор, нақшбандия тариқати асосчиси ва раҳнамоси сифатида бутун мусулмон дунёсига таниш ва азиздир.
Амир Темур ва Баҳоуддин Нақшбанд – замондош арбоблар. 1318 - йилда Бухорода туғилган Баҳоуддин 18 ёшга етганда 1336 - йилда Амир Темур дунёга келди. У етук давлат арбоби сифатида ўз салтанатини мустаҳкамлаётган бир даврда 1389 - йилда Нақшбанд бу дунёни тарк этади. Амир Темур яна 16 йил давомида ўз пиру комили ғояларига таяниб катта давлатни идора қилди. Кураш ва тўс-тўпалонларга бой бир аср ичида қарийб 60 йил давомида мураккаб ижтимоий-сиёсий муҳитда яшаган табаррук зотлар бутун куч ва ақл-у заковатларини Мовароуннаҳр мамлакатини ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан мустаҳкамлашга бағишладилар ва шу тарихий хизматлари билан халқ дилида асрдан асрга ўтадиган ўчмас хотира қолдирадилар. Улуғ аждодларимиз фаолиятидаги муштараклик ҳали ўсмирлик ва балоғатга етган чоғларида, мўғул зулми остида инграб ётган халқни озодликка чақириш ўйида эканлигида акс этади.
Маълумки, XIV асрнинг бошларида Мовароуннаҳрда мўғул истибдодидан қутулиш ҳаракати тобора кенг қулоч ёзаётган эди. Юрт ва миллатни хонавайрон қилган мустамлакачиларга қарши курашга бел боғлаган Темур мамлакатнинг турли воҳаларида бошланаётган қасоскорлик кураш жараёнларини диққат билан кузатиб турарди. Унинг ўткир нигоҳи доирасига Бухорода халқнинг озодлик курашига ундаётган Баҳоуддин Нақшбанднинг ватанпарварона чиқишлари ҳам кирганлиги тарихий ҳақиқатдир.
Соҳибқирон Амир Темур ўз ўгитларининг бирида шундай дейди: “Пиру комил шайх Баҳоуддин Нақшбанднинг - Кам егин, кам ухла, кам гапир - деган панду насиҳатларига амал қилдим”. “Аркону давлатга, барча мулозимларимга ҳам айтар сўзим шу бўлди, кам енглар - очарчилик кўрмасдан бой-бадавлат яшайсизлар, кам ухланглар - мукаммалликка эришасизлар, кам гапиринглар, доно бўласизлар”. Ҳа, Нақшбанд таьлимотининг ҳаётбахшлиги қувватини жаҳонгир бобомиз ҳам ҳар лаҳза ҳис этиб турганлар.
Ривоятларга қараганда Амир Темур хам ёшлигида Бухорога келиб, ҳазрат Баҳоуддинга бир неча вақт мурид бўлган. Мулла Салоҳиддин Тошкандийнинг “Темурнома” китобида Амир Темур ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд хизматида бир йил Бухоронинг Қасри Орифон қишлоғида яшаганлиги ривоят қилинади. Бир ривоятда Амир Темурнинг ёшлик давридаги жасурлиги баён этилади.
Мўғул хонининг ўғли Тўхтамишхон чумчуқ уясидан унинг болаларини олаётган пайтида, бир илон унинг бўйнига чирмашади, барча ваҳимага тушиб, болани қутқаришга югурадилар. Шунда Соҳибқирон мўғул маликаларидан, мерган Шаҳр Орой чодиридан ўқ ва ёйини олиб, Илонга қараб ўқ узади. Илоннинг калласи узилиб тушади. Бу воқеадан сўнг мўғул хони Амир Темурга миннатдорлик рамзи сифатида оғирлиги ўн ботмон (1 ботмон – 20 кг.) келадиган Жўжидан қолган гурзини инъом этган.
Дорулмон асрлар силсиласида Амир Темур тарих саҳнасига чиқгач, ўзининг илоҳиёт ва тариқат устози, пири Нақшбандга катта ғамхўрлик кўрсатади. Нақшбандия тариқати ва унинг комиллик таълимоти бу даврда кенг тарқала бошлайди. Темурийлар салтанатининг пойтахти Самарқандга масофа ҳамда маънавий жиҳатдан яқин бўлган Бухорога Темур ҳар гал ташриф буюрганида, дарвоза олдида отдан тушиб, Арккача пиёда борган. Бу унинг Нақшбанддек азиз авлиёларга ва волидайи муҳтарамаси Тегинабегим Моҳни дунёга келтирган шаҳарга юксак ҳурмати ифодасидир.
Шавкат БОБОЖОНОВ,
ЎзР ФА Тарих институти таянч докторанти