АҚИДА – БАРҚАРОР ЖАМИЯТ ПОЙДЕВОРИ
05 август 2025 й.
376 марта ўқилди.

АҚИДА – БАРҚАРОР ЖАМИЯТ ПОЙДЕВОРИ
Ақида – инсоннинг қалбидаги эътиқод ва динига бўлган ишончи асосидир. Бу фақат шахсий ишонч эмас, балки бутун жамиятнинг маънавий устуни, бирдамлик ва барқарорлик кафолатидир. Ақида пок бўлса, жамиятда ўзаро ҳурмат, адолат ва бағрикенглик устувор бўлади.
"Аҳли суннат вал жамоа" эътиқоди – мўътадил, яъни ўртача ва мувозанатли йўлни танлаган, радикализм ва мутаассибликдан йироқ бўлган йўналишдир. Бу эътиқодда фақат шахсий ибодат эмас, балки ижтимоий масъулият, тинчлик ва ҳамжиҳатлик ҳам асосий ўрин тутади.
Ақиданинг жамиятдаги аҳамияти ниҳоятда беқиёс. У туфайли бир қанча ижобий хислатлар таъминланади. Ақидаси мустаҳкам жамиятда инсоф, ҳалоллик, ватанпарварлик ва бирдамликка асосланган ҳаёт тарзи қарор топади. Эътиқодсизлик эса маънавий бўшлиқка, зўравонлик ва жиноятлар кўпайишига сабаб бўлади. Эътиқоди мустаҳкам бўлган инсон ўзи ва бошқалар учун зарарли бўлмайди. Ақида уни хулқ-атворини назорат қилишга, бошқаларни ҳурмат қилишга, адолатни устувор кўришга ундайди. Ақида инсонни илм талаб қилишга, ақл ва мантиқ билан ҳақни англашга чорлайди. Бидъат, жаҳолат ва мутаассибликка қарши курашишда ҳам ақиданинг соф бўлиши муҳимдир.
Ақида фарзанд тарбиясида ҳам пойдевор вазифасини бажаради. Қалбида соф эътиқоди бўлган ёш ҳақ ва ботилни ажратади, жамият манфаатига хизмат қилувчи фойдали шахсга айланади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда диний эркинлик, ақидани ўрганиш ва унга амал қилиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Масжидлар, диний таълим муассасалари, интернетдаги исломий манбалар орқали эътиқодни мустаҳкамлаш, ақоидни ўрганиш имконияти ҳар ким учун очиқ.
Бироқ бу имкониятлардан оқилона ва масъулият билан фойдаланиш талаб қилинади. Ҳақиқий илм ва соф ақидани ўрганмасдан туриб, диний фаолият билан шуғулланиш ёки бошқаларни йўлга солишга уриниш фақат зарар келтиради.
Соф ақида барча яхшиликларнинг асосидир. У инсонни нафақат Аллоҳга яқинлаштиради, балки уни инсонлар орасида ҳам фойдали, иноқ, адолатли ва фидокор қилиб тарбиялайди. Жамиятда соф ақида ва мўътадил эътиқод ҳукм сурса, у ерда тинчлик, тараққиёт ва маънавий юксалиш албатта бўлади.
Ақида барқарор бўлса – жамият барқарор бўлади. Эътиқод мустаҳкам бўлса – ҳаёт нурли ва маънавий бой бўлади.
ФАРҲОД ЖУМАЕВ
Бухоро шаҳар “Дилкушо” жомеъ масжиди имом-хатиби 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:45
Куёш: 07:44
Пешин: 13:10
Аср: 16:40
Шом: 18:20
Хуфтон: 19:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram