АҚИДА – ИСЛОМ НЕГИЗИДИР
21 июл 2025 й.
227 марта ўқилди.

АҚИДА – ИСЛОМ НЕГИЗИДИР
Ислом динида ақида (эътиқод) ҳар қандай ибодат, ахлоқ, муомала ва илмдан аввал келадиган асосий ва илк қадамдир. Чунки инсон Исломни қабул қилганидан сўнг, эътиқоди тўғри бўлмаса, қилган амаллари, ибодатлари ва ахлоқий фазилатлари ҳам самарасиз бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам ақидани ўрганиш ва уни мустаҳкамлаш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юбораётганларида: “Аввало уларни Аллоҳни якка деб билишга чақир. Агар буни қабул қилсалар, кейин Аллоҳ уларга беш вақт намозни фарз қилганини билдир”, деганлар (Имом Бухорий ва Термизий ривояти).
Бу ҳадисдан аёнки, ақида – ҳар қандай амалдан аввал келадиган асосдир. Хўш, шу ўринда ақида нима деган савол туғилиши табиий.
“Ақида” сўзи араб тилидаги “ақд” – яъни “боғлаш” сўзидан келиб чиққан бўлиб, қалб билан мустаҳкам боғланган, инсоннинг иймони ва динига оид эътиқодий масалаларни англатади. Кўплик шакли “ақоид” бўлиб, эътиқод қилиш вожиб бўлган эътиқодий ҳукмларни ўз ичига олади.
Ақида – балоғатга етган ҳар бир мусулмоннинг қалбида мустаҳкам жойлашиши шарт бўлган, шариат томонидан талаб қилинган иймон масалаларидир. Инсоннинг икки дунёдаги саодати айнан унинг ақидасига боғлиқдир. Пок ақида, соф эътиқод инсонни ҳақ йўлга бошлайди ва амалларини мақбул қилади. Акс ҳолда, эътиқоддаги бузуқлик инсонни ҳалокатга етаклаши мумкин.
Ислом динига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, эътиқодий масалаларни қатъий далиллар билан исботлаш, шубҳа ва бидъатларни рад этиш, ҳақни очиқ-ойдин баён қилиш, дин асосларини ботил ақидалардан муҳофаза қилиш ақиданинг муҳим вазифаларидан саналади.
Ақидасиз амал – шамолда учган чўпдек бефойда. Атоқли аллома Сўфи Оллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳ ақида борасида бундай деганлар:
Ақида билмаган шайтона элдур,
Агар минг йил амал деб қилса елдур.
Бу сатрлардан кўриниб турибдики, ақидасиз амал – ичи бўш ва риёкор ҳаракатдир. Қалбда соф эътиқод бўлмас экан, амаллар ҳам маъносиз бўлади.
ФАРҲОД ЖУМАЕВ
Бухоро шаҳар “Дилкушо” жомеъ 
масжиди имом-хатиби
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:45
Куёш: 07:44
Пешин: 13:10
Аср: 16:40
Шом: 18:20
Хуфтон: 19:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram