Ақидада адашмаслик, икки дунё саодатига эриштиради
21 октябр 2023 й.
421 марта ўқилди.

Ақидада адашмаслик, икки дунё саодатига эриштиради
Ақида – инсон ҳаётида одоб-ахлоқ, ибодат, олди-берди алоқалари ва барча илмлардан муҳимроқ ўрин тутади. Чунки инсон Исломни қабул қилгандан сўнг, биринчи навбатда унинг зиммасига ибодатларни ўрганишдан ҳам аввал ақида илмини ўрганиш вожиб бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Mуоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яман аҳлига элчи қилиб юбораётганларида:  
﴿ فَلْيَكُنْ أوَّلَ ما تَدْعُوهُمْ إلى أنْ يُوَحِّدُوا اللَّهَ تَعَالَى، فَإِذَا عَرَفُوا ذلكَ، فأخْبِرْهُمْ أنَّ اللَّهَ قدْ فَرَضَ عليهم خَمْسَ صَلَوَاتٍ ﴾
(رواه الامام البخاري والامام الترمذي)
яъни: “Aввало уларни Aллоҳ таолони бир дейишга чақиринг, қачон улар Aллоҳни бир деб билишса, Aллоҳ таоло уларга беш вақт намозни фарз қилганлигини хабарини беринг”, – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоятлари).
Aллоҳ таоло Қуръони каримнинг Mуҳаммад сурасида шундай марҳамат қилади:
 فَاعْلَمْ أَنَّهُ لآ إِلَـٰهَ إِلاَّ اللَّهُ وَاسْتَغْفِرْ لِذَنْبِكَ وَلِلْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَاللَّهُ يَعْلَمُ مُتَقَلَّبَكُمْ وَمَثْوَاكُم  
яъни: “Бас, (эй, Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг! Аллоҳ сизларнинг (бу дунёдаги) кезадиган жойларингизни ҳам, (охиратда) борадиган жойларингизни ҳам билур” (19-оят).
Уламоларимиз мазкур ояти кариманинг тафсирида шундай дейдилар: “Ушбу оятда Aллоҳ таолони ёлғиз эканини билишга бўлган буйруқ истиғфор айтишга бўлган буйруқдан олдин келтирилмоқда”. Бу эса Aллоҳ таолонинг ёлғизлигини билиш, яъни тўғри эътиқодни шакллантириш қанчалар аҳамиятли эканига ишорадир. Шу сабабдан ҳам Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ: “Фиқҳдан олдин ақида илмига буюрилдик”, – деганлар. Имом Aбу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Ақидада билимдон бўлиш фиқҳий аҳкомларда билимдон бўлишдан афзалроқдир”, – деганлар. 
Энг аввало, қалбда ақида асослари ўрнашмас экан, шариат аҳкомларини бажаришдан фойда бўлмайди. Зеро, улуғ машойихларимиздан Сўфи Оллоёр айтганларидек: 
“Ақида билмаган шайтона элдир,
Агар минг йил амал деб қилса – елдир”.
Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг йўналишларига кўра иймон бу – тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқлашдир. Қуйидагиларга имон келтириш вожиб: 1. Аллоҳ таолога; 2. Унинг фаришталарига; 3. Китобларига; 4. Набийларига; 5. Охират кунига; 6. Қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканига; 7. Ўлгандан кейин қайта тирилиш бор эканига. 
Турли ижтимоий сўровномалардан ҳозирги айрим ёшларимизнинг ақидавий билими ўта саёз экани маълум бўлиб қолмоқда. Имон-эътиқод, ўтган пайғамбарлар ва нозил қилинган илоҳий китоблар ҳақидаги оддий саволларга кўпчилик ёшлар жавоб бера олмаётгани жуда ачинарли ҳолдир. Аслида бу бир пайтлар аждодлари бутун дунёга аҳли сунна ақидасини таълим берган халқнинг бугунги кундаги авлодларига ярашмайди. Ваҳоланки, буларни билишлик ва ҳақ дея эътиқод қилишлик – ҳар бир мусулмонман деган кишининг зиммасида фарзи айндир. Бу нарса барча ота-оналарни ташвишга солиши керак. Зеро, фарзандларимизнинг имон-эътиқоди борасида Охиратда – Аллоҳ таолонинг ҳузурида масъулмиз! Аллоҳ таоло ҳар бир мўминга хитоб қилиб, шундай буюрган: 
  يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ   
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)” (Таҳрим сураси 6-оят).
Киши ўзини ва оила аъзоларини дўзахдан сақлаши – энг аввало соғлом ва мустаҳкам эътиқод билан бўлади. Аллоҳ таолога ширк келтирган ёки иймонида шубҳада бўлган кимса Охират диёрида нажот тополмайди.
Муҳаммаджон Ўтаев
“Ойбиноқ” масжиди имом-хатиби
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:58
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram