Ақийдада адашмайлик.
25 июн 2023 й.
2549 марта ўқилди.

 Ақийдада адашмайлик.

Ҳар бир мусулмоннинг ақидаси тўғри бўлиши ўта муҳимдир. Чунки ақида нотўғри бўлган ҳолда қилинган амаллар қанчалар кўп ва ихлос билан бажарилган бўлмасин, унинг заррача фойдаси йўқдир. Буюк ватандошимиз Сўфи Оллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳ ақоид илмини ўрганиш зарурлигини баён қилиб шундай деган:
              Ақида билмаган шайтона элдур,
              Агар минг йил амал деб қилса елдур.
Яъни: ақиданинг зарурий масалаларини билмаган киши ҳар қанча ибодат, яхшилик қилса ҳам, қилган ибодатлари унига ҳеч қандай наф бермайди.  
Тарихдан ҳазиргача давом этиб келиятган турли оқим, фирқаларнинг  ҳаммасининг бўлинишига сабаб эътиқодда, ақийдада адашганлиги ва фикрларининг нотўғрилиги, хилма - хиллигидадир.
“Ақийда” сўзи арабча “ ақада” феълидан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Ислом ақийдаси мусулмон инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуъасидир. Бу илмга бўлган ишонч онгимизда мустаҳкам қарор топгандан кейин, у бизни ақлимизга ва қиладиган ишларимизгаўз таъсирини ўтказади. Қачон маълум бир илм бизни фикримизга айланиб, ҳис-туйғуларимизни йўллайдиган ва ҳаракатларимизни бошқарадиган ҳолга етганда, ақийдага айланган бўлади. Шунинг учун ақийда тўғри бир илмга асосланган бўлиши лозимдир. Бу илмнинг мақсади – Аллоҳга, динга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва  улар ҳақидаги шубҳаларни рад қилишдир. Тўғри йўлни изловчиларга очиқ-ойдин ҳақни баён қилиш билан йўл кўрсатиш. Диннинг асосларини турли ботил фирқалар, кимсаларнинг шубҳа ва адаштиришларидан муҳофаза қилиш. Умуман олганда икки дунё саъодатига эришишдир. Бугунги кунимизда динимиз душманлари халқимизни, мусулмонларни, айниқса ёшларимизни онгига ва қалбига динимизнинг асли-асосига зид бўлган тушунча ва ғояларни сингдиришга уринмоқда. Ва бу орқали уларни соф  эътиқодидан адаштиришга эришмоқда. Ачинарлиси, улар эътиқодларининг бузуқлиги сабабидан ота-онаси, оиласи, юртига қилиятган хиёнат ва жиноятларини тўғри йўл деб ҳисоблашмоқда. Бу қилиятган хунрезликларини, гуноҳларини тўғри, савобли амал деб эътиқод қилишмоқди. Чунки, баъзи бир душманларимиз уларнинг онги ва қалбини заҳарлаб,  қилиятган жиноятларини тўғри деб таълим берган, тушунтирган.
Минг афсуски, бугунги кунда ҳам ислом тарихда илк вужудга келган хаворижлар каби “такфирчи” оқимлар пайдо бўлиб, мусулмонларни куфрда айблаб, дўзахга ҳукм қилаётгани ачинарли  ҳолатдир. Хаворижлариннг давомчилари бўлган Ироқ, Суриядаги экстремист, террорчи гуруҳлар турли мамлакатларидаги одамларни ислом шариатининг кўрсатмаларига амал қилмаятганликда айблаб,  динимизда катта гуноҳ ҳисобланган амаллардан бирини қилган  ва  ўзларининг  сафига қўшилмаганларни  “ кофир ” бўлади, диндан чиқади деб, кўпчиликни тўғри йўлдан адаштиришга ҳаракат қилмоқда. Мусулмонларни кофирга чиқариш орқали уларнинг қонлари, моллари, жонлари биз учун ҳалол бўлади деган,  эътиқодий тойилиш оқибатида бегуноҳ инсонларни, ёш гўдакларни, кекса ва аёлларни қонини тўкиш каби бир қанча жиноятларни амалга оширмоқдалар.
Аслида, муқаддас ва пок динимизда, эътиқодимизда катта гуноҳ қилган мусулмон киши фосиқ, гунаҳкор бўлади аммо кофир бўлмайди, диндан чиқмайди.
Мазҳабимиз асосчиси Абу Ҳанифа ( р.а) айтадилар: “ Гуноҳи кабира қилган мўмин фосиқ ( гунаҳкор) бўлади. Кофир бўлмайди”- деб.    
Гуноҳлар сабабли мусулмон кишини кофир дейиш, эътиқоднинг бузуқлигидандир.                Муҳаммад Анвар Бадахшоний “ Ақидатут - Таҳовия” китобларида шундай деганлар: “Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳи туфайли модомики ўшани ҳалол ҳисобламаса кофир қилмаймиз”. Демак, Аллоҳ таоло ҳалол санаган нарсаларни ҳаром, ҳаром санаган нарсаларни ҳалол деб, айтмаса кофир деб айтмаймиз.
Имом Таҳовий айтадилар: “Банда ўзини имонга киритган нарсани инкор қилиши билангина имондан чиқади”. Яъни: Ўзи ишонган, тан олган, иймон келтирган Аллоҳни, пайғамбарларини, китобларни, фаришталарни, қиёмат куни ва  инсонларни ҳисоб-китоб қилинишини, жаннат, дўзах кабиларни инкор қилса, мусулмон кофир бўлади, диндан чиқади.       
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бир киши ўзининг биродарига “Эй кофир”, деса, (куфр ҳукми) иккисидан бирига қайтади дедилар”. (Имом Бухорий ривояти).
Шунинг учун бировга нисбаттан “ сен кофир ” дейиш осон. Аммо бу сўзининг нотўғрилиги оқибатида ўзининг кофир бўлиш хавфи бор. Бу сўз тилга енгилдур, лекин шу биргина сўз билан инсоннинг ўзи диндан чиқиб қолиши оғир бир ҳолдур. Шу каби исломнинг асли бўлган эътиқодий масалаларни, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, ижтимоий ҳамкорлик, комил инсон, диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, ватан муқаддаслиги, инсон улуғлиги каби миллий ғоя ва  мафкурамизни ёшларимиз онгига сингдирсак, шу руҳда тарбиялаб вояга етказсак, олдимизга қўйган мақсадларимизга етишамиз, фарзандларимизни онги ва қалбини ғанимларнинг тузоғидан сақлаган бўламиз.      Ёшларимизни мустаҳкам эътиқод ва иродага эга бўлган ҳар қандай таъсирларга оғиб кетмай, ўзига тўғри йўл топа оладиган, қатъий характерга эга этиб тарбиялаш лозим. Фарзандлармизни қалби пок, эътиқоди соф, тўғри ва мустаҳкам бўлса ҳеч қандай  фикр ва ғоялар уларни тўғри йўлдан оздираолмайди.
Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтадилар:  “... Огоҳ бўлинг, жасадда бир парча гўшт борки, агар у соғлом бўлса, бутун жасад соғлом бўлади. Агар у айниса, жасаднинг қолган қисми ҳам бузилади. Огоҳ бўлинг, у парча гўшт қалбдир ”  деб. ( Бухорий ва Муслим ривояти)
Қачон қалб маънавий иллат ва касалликлардан саломат бўлса,  жисмга бу ўзининг ижобий таъсирини намоён қилади. Эътиқодимиз мустаҳкам, қалбимиз пок, ақидамиз соғлом бўлса амалларимиз қабул, жамиятимиз обод, халқимиз хотиржам, қиладиган ишларимиз чиройли ва самарали бўлади.
 
Ғиждувон туман «Соктари» жомеъ
масжиди имом-хатиби Жасурбек Латипов

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:56
Пешин: 13:10
Аср: 16:25
Шом: 18:00
Хуфтон: 19:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram