Ахлоқ – унинг аҳамияти ва фоидалари
01 март 2016 й.
2867 марта ўқилди.
Ахлоқ – унинг аҳамияти ва фоидалари
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
إنما بُعثت لأتممَ مكارم الأخلاق
“Мен карамли (гўзал) хулқларни мукаммал қилишлик учун юборилганман”.
Карамли хулқлар қурилган бино каби бўлиб, асрлар давомида пайғамбарлар уни барпо қилиб келган. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам эса шу бино якунловчиси, охирига етказувчисидирлар. Сабаби, хулқ-атворсиз дин қозисиз маҳкамага ўхшайди. Шунингдек, динсиз хулқ ҳам йўқ нарсадир. Бугунги кун уммати тааммул қилиб кўрса, кишиларнинг хулқи инқирозга юз тутганлигини кўради. Шу сабабдан мақоламизда хулқга доир тушунчаларни, мусулмон кишига безанишлик вожиб бўлган чиройли хулқлар ҳамда узоқлашашиши шарт бўлган ёмон хулқлар тўғрисида тўхталмоқчимиз.
Кишининг феъл-атвори, табиати унинг ботиний суратидир. Аммо инсоннинг зоҳирий сурати бу - хулқи. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари эса бунга далилдир:
... واهدِني لأحسنِ الأخلاق، لا يهدي لأحسنِها إلا أنت، واصرِفْ عني سيِّئَها، لا يصرِفُ عني سيِّئها إلا أنت...
Эй Аллоҳим, ... мени энг чиройли хулққа ҳидоят этгин, сендан ўзга чиройлисига ҳидоят эта олмас. Мени ёмон хулқдан ўзинг қайтаргин. Сендан ўзга уни мендан қайтара олмас... (Имом Муслим ривояти).
Баъзида зоҳири ва ботини гўзал, деб ҳам айтишади. Шунда унинг халқи яъни, тузилиши ва хулқи яъни, феъл-атвори назарда тутилади.
Хулқ истилоҳда киши нафсига одат ҳолига келиб, осонлик ва енгиллик билан содир бўладиган ишга айтилади. Содир бўладиган ишда фикрлаш ва хаёл қилиш шарт бўлмайди, яъни ўз-ўзидан содир бўлади. Нафснинг бу ҳолатидан мақталинган феъллар ёки мазаммат қилинган феъллар содир бўлади. Агар мақталинган феъллар содир бўлса, ундай кишининг хулқи чиройли деб айтилади. Агар мазаммат қилинган иш содир бўлса, хулқи бузуқ, ёмон хулқли деб айтилади.
Бу ерда хулқ ва тахаллуқ орасида бир нозик фарқ бор. Тахаллуқ бу сохта кўрсатиш, ўзига юклаш, қийинчилик билан намойиш этиш маъноларини беради. Тахаллуқий ишлар узоқ давом этмайди. Киши қанча ҳаракат қилмасин ўз аслий феълига қайтади. Бундай феълларга хулқ дейилмайди. Хулқ деб одатга айланган, нафсига синган феълларга нисбатан айтилади. Ундай феълни намойиш этишда осонлик ва енгиллик бўлади. Шунингдек, киши бир марта рост гапирса, унинг хулқи ростгўйлик билан хулқланган ёки бир марта ёлғон гапирса хулқи ёлғонлик билан хулқланган дейилмайди. Балки киши бир феълда давомий бўлса, унинг табиатига синган бўлса хулқланибди, дейилади.
Ахлоқнинг аҳамияти.
Исломда ахлоқнинг аҳамиятини бир неча ўринда ифодаласак бўлади:
Биринчидан: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даъватларининг мақсади чиройли хулқланиш бўлган. Бунинг далили:
إنما بُعِثْتُ لأتممَ مكارم الأخلاق
“Мен макорим (гўзал) ахлоқни мукаммал қилиш учун юборилдим”.
Бу ҳадис билан хулқнинг аҳамияти улканлигига ишора бор. Ваҳоланки ақида ва ибодат ундан ҳам аҳамияти кучлироқ. Лекин пайғамбарона услубда гарчи бошқа нарса аҳамиятли бўлсада хулқнинг аҳамияти кўтарилмоқда эди. Шунинг учун бир киши: “Ақида ва ибодат биринчи ўринда турган бўлса хулқнинг аҳамияти нима учун кўтарилган”, деб сўраса, жавоб шундай бўлади: “Сабаби, хулқ одамлар кўрадиган ва кўпроқ идрок этадиган нарсадир. Одамлар кишининг ақидасини кўришмайди. Чунки унинг ўрни қалб. Шунингдек, унинг ҳамма ибодатини ҳам кўрмайдилар. Лекин одамлар кишининг ахлоқини кўрадилар, шу эътибордан муомала қиладилар. Динига шу жиҳатдан баҳо берадилар. Кишининг гаплари ва сўзларига қараб эмас, балки бажарадиган ишига қараб даражага лойиқ деб биладилар. Тарих бизга улкан далил. Мовароуннаҳрнинг баъзи шаҳарлари ҳамда Ислом оламининг жанубий-шарқий ерлари, ҳозирги Индонезия, Филиппин, Малайзия мусулмонлари даъват қилиш ёки қонли ғазотлар йўли билан эмас, балки мусулмон тожирлар ва савдогарларнинг ахлоқи туфайли мусулмон бўлишган. Ўша давр мусулмон савдогарлари ростгўйлик, омонатдорлик, адолат ва бағрикенгликни кўрсата олишган ва бу хулқлар Ислом дини орқали топилганлигини кўрсатишган”.
Лекин таассуфки ҳозирги баъзи мусулмонлар ўзларининг хулқлари билан одамларни Ислом динидан қайтармоқдалар.
Иккинчидан: Ислом чиройли хулқни улуғлашга чорлайди. Ислом дини ахлоқни фақат йўл деб билмади. Уни киши ажр-савоб оладиган ибодат даражасига кўтарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат кунида ахлоқни фазилат ва яхшилик асоси этиб тайинладилар ва айтдилар:
إن أحبَّكم إليَّ، وأقربَكم مني في الآخرة مجلسًا، أحاسنُكم أخلاقًا، وإن أبغضَكم إليَّ وأبعدَكم مني في الآخرة أسوَؤُكم أخلاقًا
“Албатта, охиратда сизларнинг менга севиклироғингиз ва менга яқин ўтирадиганингиз ахлоқи гўзалидир. Охиратда мени ғазабимни келтирадиганингиз ва мендан энг узоқда ўтирадиганингиз ахлоқи ёмонларингиздир”.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли хулқ эгасининг ажри қиёматда тарозини босишлиги, ҳатто ундан оғир нарса йўқлиги ҳақида билдирганлар:
ما من شيءِ أثقلَ في ميزان المؤمن يوم القيامة مِن حُسن الخُلق
Қиёмат кунида мўъминнинг мезонида чиройли хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмас.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли хулқнинг ажри бошқа асосий ибодатлар саналган намоз ва рўза каби юқори бўлишлигини айтдилар:
إن المؤمنَ لَيُدركُ بحُسن الخُلق درجةَ الصائمِ القائم
Албатта, мўъмин киши чиройли хулқи ила рўзадор ва кечалари намоз ўқигувчининг даражасини олади.
Яна Рауслуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам киши жаннатга кирадиган воситаси чиройли хулқ эгаси бўлиши эканлигини билдирдилар:
فقد سُئل - صلى الله عليه وسلم - عن أكثرِ ما يُدخِل الناسَ الجنَّةَ؟ فقال: تقوى اللهِ وحُسن الخُلق
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни жаннатга кўпроқ киргизадиган нарса ҳақида сўралганларида: “Аллоҳга тақво қилиш ва чиройли хулқ эгаси бўлиш”- деб жавоб бердилар.
Бошқа ҳадисда хулқ эгасини жаннатга киришини кафолатладилар ҳатто энг чўққи даражага эришишлигини маълум қилдилар ва айтдилар:
أنا زعيمٌ ببيت في ربَضِ - أطراف - الجنَّةِ لِمَن ترَك المِراءَ وإن كان محقًّا، وببيتٍ في وسَط الجنة لِمَن ترَك الكذبَ وإن كان مازحًا، وببيتٍ في أعلى الجنَّة لمن حسُن خلُقه
“Ким гумон тортишувни тарк этса, гарчи ҳақ бўлса ҳам, Жаннат атрофидан уй берилишлигига мен кафил. Ким ёлғон гапиришни тарк этса, гарчи мазаҳланса ҳам, Жаннат ўртасидан уй берилишлигига мен кафил. Кимнинг хулқи чиройли бўлса Жаннатнинг энг юқори қисмидан уй берилишлигига мен кафил”.
Учинчидан: Ахлоқ - Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати қиёматгача қолишлигига асосдир.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматини узоқ муддатда бошқа дин вакилларига ўрнак ва намуна бўлишлигининг асосий сабаби чиройли хулқли бўлишдир. Шоир Шавқий шундай дейди:
فأقِمْ عليهم مأتَمًا وعويلا وإذا أُصيب القومُ في أخلاقِهم
Агар бир қавмнинг хулқи бузилса, уларда кўз-ёш ва маҳв бўлишликни белгилаб қўй.
Аллоҳ таоло Исро сурасининг 16 оятида шундай марҳамат қилади:
وَإِذَا أَرَدْنَا أَنْ نُهْلِكَ قَرْيَةً أَمَرْنَا مُتْرَفِيهَا فَفَسَقُوا فِيهَا فَحَقَّ عَلَيْهَا الْقَوْلُ فَدَمَّرْنَاهَا تَدْمِيرًا
Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни истасак, унинг маишатпарастларини (итоатга) амр қилурмиз, бас, улар у (шаҳарда) фисқ қилурлар. Бас, биз у (шаҳар)ни мутлақо вайрон қилурмиз.
Тўртинчидан: Ахлоқ - муҳаббатни тортади ва адоватни кетказади.
Аллоҳ таоло Фуссилат сурасининг 34 оятида шундай марҳамат қилади:
وَلَا تَسْتَوِي الْحَسَنَةُ وَلَا السَّيِّئَةُ ادْفَعْ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ فَإِذَا الَّذِي بَيْنَكَ وَبَيْنَهُ عَدَاوَةٌ كَأَنَّهُ وَلِيٌّ حَمِيمٌ
Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила (ёмонликни) даф қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур.
Ҳақиқатдан ҳам тарих бунга очиқ мисол. Душманлик қилиб юрган одамлар ўзаро дўстга айланиб қолишди. Мисол учун Умар розияллоҳу анҳу, Икрима розияллоҳу анҳуларнинг душманчилиги кучли эди. Лекин улар улкан Ислом хизматчиларга айландилар.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
إنكم لن تسَعُوا الناسَ بأموالكم، ولكن تسعونهم بأخلاقكم
Сизлар одамларга молларингиз билан эмас, балки ахлоқингиз билан (яхшилик) етказасизлар.
Ҳадисга мувофиқ Абу Ҳотим айтади: “Оқил одам одамларга чиройли хулқ билан муҳаббатни сингдириши, етказиши шарт. Чиройли ахлоқ қуёш музни эритганидек, хатоларни эритади. Ёмон хулқ эса кишининг амалини сирко асални бузганидек бузади”.
Бешинчидан: Ахлоқ жамолдан (ташқи чирой) афзал.
Киши жамоли икки хил бўлади. Биринчиси ҳиссий – шакл, шамоил, кўриниш, мансаб, обрўда кўринади. Иккинчиси маънавий – нафс, йўл тутиш, закийлик, зукколик, илм, одоб ва ҳоказаларда кўринади. Шоир айтади:
إن الجمالَ جمالُ العلم والأدبِ ليس الجمالُ بأثواب تُزيِّنُنا
Жамол биз кийган кийимда эмас. Албатта, жамол илму адабдадир.
Аллоҳ таоло инсон боласида иккита аврат борлигини айтади. Биринчиси – жисм, иккинчиси – нафс аврати. Уларнинг ҳар иккаласида сатр, яъни ёпинадиган нарсаси бор. Жисм кийим билан ёпинса, нафс ахлоқ билан ёпинади. Аллоҳ маънавий сатрнинг муҳим эканлигини билдирди.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 26 оятида айтади:
يَا بَنِي آدَمَ قَدْ أَنْزَلْنَا عَلَيْكُمْ لِبَاسًا يُوَارِي سَوْآتِكُمْ وَرِيشًا وَلِبَاسُ التَّقْوَى ذَلِكَ خَيْرٌ ذَلِكَ مِنْ آيَاتِ اللَّهِ لَعَلَّهُمْ يَذَّكَّرُونَ
Эй одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки эсласалар.
Ахлоқли бўлишга ёрдам берувчи амаллар.
Бу ўринда инсон чиройли хулқни касб қилишлигига қодир бўладиган воситалар ва сабабларни келтирамиз.
1. Аввало, сайри-сулукда юрувчи киши фикр ва эътиқод масаласида тўғри бўлишлиги лозим. Диндор бўлган киши эътиқодда адашиб, ҳақ йўлдан чиқса катта адашувда бўлади. Сабаби, эътиқод бу - иймондир. Мўъминларнинг иймон жиҳатдан мукаммалроғи ахлоқи чиройлисидир, деган мазмундаги ҳадис шунга далолат қилади. Агар ақида саҳиҳ бўлса, унга эргашган хулқ ҳам чиройли бўлади. Тўғри эътиқод ўз эгасини ёмон ахлоқдан макорим (гўзар) ахлоққа етаклайди.
2. Дуо қилиш. Киши Аллоҳ таолодан чиройли хулқ эгаси бўлишни ёлвориб сўраши даркор. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам истифтоҳ дуосида худди шундай қилганлар:
...اهدِني لأحسنِ الأخلاق، لا يهدي لأحسنِها إلَّا أنتَ، واصرف عنِّي سيِّئَها، لا يصرفُ عنِّي سيِّئَها إلَّا أنتَ...
Эй Аллоҳим, .... мени энг чиройли хулққа ҳидоят этгин, сендан ўзга чиройлисига ҳидоят эта олмас. Мени ёмон хулқдан ўзинг қайтаргин. Сендан ўзга қайтара олмас.... (Имом Муслим ривояти).
Бошқа ҳадисда:
اللَّهُمَّ إنِّي أعوذُ بك مِن منكَراتِ الأخلاق والأعمالِ والأهواء
Эй Аллоҳим, мен инкор этилган (ёмон) ахлоқдан, амаллардан ва ҳавойи нарсалардан паноҳ сўрайман. (Имом Термизий ривояти)
3. Мужоҳада (тиришиш, ҳаракат қилиш). Чиройли хулқ ҳидоят топишлик белгиси. Киши унга ҳаракат қилиши ва қандай машаққат бўлмасин тиришиши лозим. Аллоҳ таоло Анкабут сурасининг 69 оятида айтади:
وَالَّذِينَ جَاهَدُوا فِينَا لَنَهْدِيَنَّهُمْ سُبُلَنَا وَإِنَّ اللَّهَ لَمَعَ الْمُحْسِنِينَ
Бизнинг (йўлимизда) қаттиқ ҳаракат қилганларни Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз. Албатта, Аллоҳ чиройли амал қилгувчилар биландир.
Ҳаракат дегани киши ўз нафсида бир ёки икки марта ҳаракат қилиб қўйишлигини билдирмайди. Бу ҳаракат якун топгунча, ўлим етгунча давом этади. Мужоҳада ҳам улкан ибодатдир.
4. Муҳосаба. (Ўз нафсини тергап туриш)
Бу ҳолат нафси ила ёмон ахлоқ ҳисобланган иш бажарган пайтида бошқа бу ишга қайтмаслигини англатади. Ўзини-ўзи тергап туради. Ҳар доим бирон иш қилмоқчи бўлса савобни ният қилади. Агар савобда бардавом бўлса нафсини ўша савобларга эркин қўйиб беради. Мабодо яна нафс ўзини ёмон тарафга олиб борса, ўзини тергайди, хафа бўлади ва яна савоб ишга буриб юборади.
5. Ёмон хулқ натижасидан пайдо бўладиган кўнгилсиз ишларга назар солиш.
6. Нафсни тарбияшлашда умидсизликка тушиб қолмаслик.
7. Ҳимматни баланд қўйиш.
8. Сабр ва қаноатни касб қилиш.
9. Иффатли бўлиш.
10. Шижоатни кўпайтириш.
11. Адолат билан муносабатда бўлиш.
12. Хурсандлик ва завқу шавқда бўлиш. Хафалик маҳзунликни ўзидан йироқ қилиш.
13. Ғафлатда ва (маънан) уйқуда бўлмаслик.
14. Жоҳилликдан юз ўгириш.
15. Ёмонликка офият, бағрикенглик ва яхшилик ила юзланиш.
16. Атрофдаги одамлардан рози бўлиб яшаш, уларга машаққатни юкламаслик.
Мақола ёзувчи: Бухоро шаҳар
“Мавлоно Шамсиддин Маҳбубий”
масжиди имом-хатиби Манзитов Бахтиёр.