Бадгумонликдан сақланайлик
12 ноябр 2015 й.
2755 марта ўқилди.

 Бадгумонликдан сақланайлик
 
 
         Аллоҳ таоло инсонларни доимо тўғриликка, адолатга, покликка ва бошқаларга яхшилик қилишга буюради. Бу илоҳий амр моддий ва маънавий, зоҳирий ва ботиний барча ишларга ҳам тегишлидир.
 
         Агар инсонни бошқаларга тили ва қўли билан озор етказиши қанчалик ёмон амал бўлса, қалбида бошқа кишиларга нисбатан адоват ва ҳасаднинг бўлиши ҳам шунчалик ёмондир. Атроф – муҳитни, ўз вужудини ва кийимларини пок сақлаш мусулмоннинг қанчалик муҳим бурчи бўлса, қалбини ҳам ёмон иллатлардан сақлаши унданда муҳимроқ бўлиб, иймоннинг нишонасидир. Ҳатто қиладиган амалимизни зоҳиридан кўра қалбимиздаги ниятнинг холислиги муҳимроқ ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Албатта Аллоҳ таоло сизнинг суратингизга ва мол – дунёйингизга эмас, балки қалбингизга ва амалингизга қарайди” – деганлар.
 
         Инсонларда кўп учрайдиган қалб касалликлари ва ёмон иллатлардан бири – бадгумонликдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бадгумонликни қаттиқ қоралаган. У зот “Ҳужурот” сурасида шундай марҳамат қилади:
 
         Эй, иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. “(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин” (12 оят).
 
         Ояти каримада мўминларни, жамиятдаги тартиб – интизомини издан чиқарадиган, меҳр – оқибатни йўқолишига ва кўп фитналарга сабаб бўладиган иллатдан қайтарилмоқда. Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпроқ бир – биридан ёмон гумондан келиб чиқади. Ундан сақланиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак.
 
         Бир одам ҳақида ноўрин хаёлларга бориш ва у ҳақида ёмон фикрда бўлиш катта хатодир, чунки гумон ҳеч қачон ҳақиқат бўла олмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
 
         Уларнинг кўплари гумонга эргашадилар, холос. Албатта, гумон ҳақ ўрнида ҳеч нарса бўла олмас. Албатта, Аллоҳ таоло нима қилаётганларини билувчи зотдир. (Юнус – 36)
 
         Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бадгумонликдан сақланинг. Албатта, бадгумонлик энг ёмон ёлғончиликдир” – дедилар. Ёмон гумон энг катта ёлғон экан, бу иллат охир – оқибат инсонни гуноҳкор бўлишига сабаб бўлади.
 
         Инсоннинг хаёлидан кечадиган ёмон гумонлардан холи бўлиш учун аввало уни ҳақиқатга чиқармаслик ва уни орқасидан эргашмаслик лозим. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Умматимнинг ажралмас учта хусусияти бор: шумланиш, ҳасад ва бадгумонлик” – дедилар. Шунда бир саҳобий “Ё Расулуллоҳ кимда шу хислатлар бўлса, қандай кетказади.” – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қачон ҳасад қилсанг, Аллоҳга истиғфор айтгин, қачон гумон қилсанг, уни тасдиқламагин, қачон бир нарсадан шумлансанг, (унга парво қилмай) ўз ишингда давом этавер” – деб жавоб бердилар.
 
         Мўмин киши бошқаларда ёмон ўй қолдирадиган ишлардан ҳам сақланиши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида эътикофда бўлганларида ҳузурларига София онамиз (розияллоҳу анҳо) келдилар, бироз гаплашиб, сўнг уйга қайтиш учун турдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам онамизни қоронғу тунда кузатишга чиққанларида, у ердан ансорлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тезлаб қолдилар. Шунда у зот “Икковингиз шошилманг, бу (аёл) София менинг хотиним” – дедилар. Саҳобалар ҳайратга тушиб: “Эй Аллоҳнинг расули, бизни сиз ҳақингизда ёмон ўйлашдан Аллоҳ сақласин” – дейишганда у зот : “Албатта, Шайтон инсоннинг қон юрар жойида юради. Мен у сизнинг қалбингизга бирор ёмонликни отишидан қўрқдим” – дедилар.
 
         Бундан кўринадики, кишилар кўнглига ёмон гумон келтириши мумкин бўлган ишларда эҳтиёт бўлиш керак экан, акс ҳолда ёмон бир фитнага тушиб қолиш ҳеч гап эмас.
 
         Гўзал фазилатлардан бири бошқалар тўғрисида ёмон гумондан сақланишдир. Кишилар бир – бирларига нисбатан яхши ўйда, очиқ юзли бўлишлари лозим. Муқаддас динимиз нақадар фазилатли эканини яна шундан ҳам билиш мумкинки, бир хонадонга келган одам, албатта рухсат сўраб кириши лозим. Ҳадисларда баён қилинишича, келган одам хонадон соҳибларини уч марта чақириши мумкин. Ҳар бир чақириқ орасида тўрт ракат намоз ўқиш муддатича кутилади. Бунинг ҳикмати эса, хонадон соҳиби намоз ўқиётган бўлиши мумкин деб, яхши гумон қилиш ва намозни якунлаб, жавоб беришини кутиш демакдир.
 
         Хулоса ўрнида Ҳазрат Умар (р.а) айтган насиҳатларини келтирамиз: “Мўмин биродаринг оғзидан чиққан сўздан фақат яхши гумон қилгин. Чунки сен ўша сўзни (ёмон бўлса ҳам) яхшиликка йўйишга имкон топасан”.       
 
 
         Шоҳ – Аҳсавий жомеъ
     масжиди имом хатиби
  Ҳ.Ширинов           
 
 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram