БАДГУМОНЛИК БИЛАН ХУЛОСА ҚИЛМАЙЛИК!
15 октябр 2021 й.
638 марта ўқилди.
БАДГУМОНЛИК БИЛАН ХУЛОСА ҚИЛМАЙЛИК!
Қуръони Каримда шундай оят бор: “Эй, иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир” (“Ҳужурот” сураси, 12-оят).
Аллоҳ мана шу оятда мусулмонларни бадгумонликдан қайтаради. Чунки бу нарса бировни таҳқирлаш бўлиб, катта зарарларнинг сабабчисидир. Бадгумонлик мумкин эмас, деганда, шарт шуки, гумон қилинаётган одам тақводор, яхшилик билан ном чиқарган, шариатга амал қилувчи одам бўлса, шунда ўша киши ҳақида ёмон гаплар қилиш ҳаромдир. Аммо, фисқу фасод билан ном чиқарган, шариатни ҳурмат қилмайдиганлар ҳақида ёмон гумон қилиш ҳаром эмас.
Сўнгра, Аллоҳ жосусликдан қайтаради. “Жосуслик” деганда, кишиларнинг яширган ишини бекордан-бекорга ошкор қилишга махфий уринишни тушуниш керак. Бу нарса, албатта, ҳеч кимга фойда бермайди. Аксинча, одамлар орасида душманчилик келиб чиқишига сабаб бўлади. Аммо ҳукумат бузғунчилар ва ёмон ниятли кишиларнинг ортидан одам қўйса, бўлаверади, чунки, бу нарса жамият учун зарурдир. Юқоридаги ман қилиш эса, кишилар орасида адоват чиқармаслик мақсадида бўлган.
Бошқа бир оятда: “Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” (“Ҳужурот” сураси, 6-оят).
Демак мусулмон одам ҳамма эшитганига ишонавермаслиги, у хабарни асосини текшириши лозим. Кимларнинг иши бузғунчилик, чақимчиликдир. Бу ҳам ёлғоннинг бир тури бўлиб, ўз эгасининг қалби қоралигини, одамлар орасида душманчилик ва хусуматдан бошқа нарса бўлмаслигини хоҳловчи шахс эканлигини билдиради. Чақимчига қарши курашнинг энг яхши усули, унинг гапига қулоқ солмасликдир. Аллоҳ шундай дейди: “Итоат қилма! Ҳар бир қасамхўр, пасткашга. Кишиларни айбловчи, чақимчилик қилиб юрувчига” (“Қалам” сураси, 10-11 оят).
Имом Нававий «Саҳиҳи Муслим»га ёзган шарҳида чақимчиликни: «У – одамларнинг бир-бирлари ҳақидаги гапларини орани бузиш ва фасод тарқатиш йўлига кўра ташишдир», дея таърифлайди.
Бир куни Ҳузайфа розияллоҳу анҳу бир кишининг гап ташиб юриши ҳақида эшитиб қолди, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Чақимчи жаннатга кирмайди”, деганларини эшитганман дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Хулоса қиладиган бўлсак, ноўрин ёмон фикрлардан ўзимизни тиямиз, жаннатдан тўсадиган чақимчиликдан сақланамиз, жосусликдан қочамиз, ғийбатлардан узоқлашамиз, мусулмонларни айбини очмаймиз, халқ орасида уларни масхара қилмаймиз. Бу гуноҳга ундайдиганларни сўзига қулоқ солиб, итоат қилмаймиз.
Аҳли тақво бўлган, яхшилик билан ном чиқарган, дунё эътироф қилган олимлар, яхшилар ҳақида ёмон гумон қилмаймиз. Уламоларни сўзларига итоат қилиб, ҳурматларини хох моддий, хох жисмоний, хох маънавий томондан бўлсин жойига қўясак, бу дунёмиз ҳам, охиратимиз ҳам обод бўлади. Зеро уламоларимиз Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг меросхўрларидир. Бу ҳурмат билан гўё Расулимиз, маҳбубимиз алайҳиссаломни ҳурматларини жойига қўйган бўламиз.
Юртимиз тинч, танимиз соғ, уламоларимиз кўп, иймонимиз саломат бўлиб, яна бу миллатдан Бухорийлар, Термизийлар, Самарқандийлар, Ғиждувонийлар ва Нақшбандийлар чиқмоғини Роббим насиб қилсин.
Ғиждувон туман “Соктари” жомеъ масжид
имом-хатиби Жасурбек Латипов
«орқага