Бағрикенглик – жамият тинчлиги
13 ноябр 2016 й.
2573 марта ўқилди.

 Бағрикенглик – жамият тинчлиги

Муборак динимиз таълимоти барча аҳли мўмин-мусулмонларни жамиятдаги турли халқлар ва миллатлар билан тинч-тотув ва ўзаро бирдамлик асосида яшашга, дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга чорлайди. Зеро жамият тинчлиги ва тараққиёти миллатлараро, динлараро ўзаро бағрикенглик ва тотувликка боғлиқдир.
Аллоҳ таоло бандаларини тинч-тотув, аҳилликда, бир-бирларига меҳр-мурувват кўрсатиб ҳаёт кечиришга буюрган ва буни ҳидоятга эришишнинг асосий йўлларидан бири эканлиги тўғрисида муборак каломида зикр этган:
Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир. ”(Ҳужрот-13)
Аллоҳ ушбу ояти каримада ‘Эй одамлар!’ деб барча инсониятга нидо қилмоқда, унинг миллати, ранги, ирқи ва дини қандай бўлишидан қатъий назар,уларни асли бир яъни отамиз Одам Ато ва онамиз Момо Ҳаво эканлиги эслатилмоқда. Булардан тарқалган зурриётларнинг турли халқлар, миллат ва қабилаларга бўлинишининг асосий сабаби, ўзаро танишиш, маърифат ҳосил қилиш эканлигини Аллоҳ уқтирмоқда. Аксинча урушишингиз учун , жанжаллар чиқариш учун ёки бир-бировларингизни устларингиздан фахрланиш ва мақтаниш учун демаяпти. Демак ер юзидаги барча инсонлар бир ота ва бир онадан тарқалган экан, улар бир оила фарзандларидек бир-бировларига меҳр-мурувватда бўлишлари керак. Бу борада мўмин-мусулмонлар азалдан инсонларга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто ғайримусулмонларга эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишнинг юксак намунаси бўлиб келганлар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бу борада фақат Ислом умматигагина эмас, балки бутун инсониятга ҳақиқий ибрат-намуна эдилар.Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадялар бериб улардан ҳадялар қабул қилар эдилар. Бир куни Мадинага Ҳабашистондан насроний дини вакиллари келганда уларни масжидга тушириб зиёфат бердилар. Сарвари Олам Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир ҳадиси шарифларида “Барча дин аҳлига хайру эҳсон  қилингизлар” деб марҳамат қилдилар.
Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларида мусулмонларни ўз диндош биродарларига ва барча инсонларга яхшилик, меҳр-мурувват қилишга чорлаш билан бир қаторда, ўзаро тинчлик ва тотувликда бўлган бошқа дин вакилларига ҳам яхшиликда ва меҳр-шавқатда бўлишларини ирода қилиб бундай дейди:
“Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севади.” (Мумтаҳина-8)
Ояти каримада келтирилган ҳукм Ислом динининг нақадар инсонпарвар ва бағрикенг  дин эканлигининг ёрқин далилидир. Бу билан Аллоҳ таоло мўмин мусулмонларни бошқа миллат ва дин вакилларига яхшилик ва адолат қилишдан ман қилмаяпти.
Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ривоят қилинган ҳадисда:
Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради” (Аҳмад Ибн Ҳанбал) дедилар.
Динимиз асоси Қуръони карим ва Пайғамбаримиз(с.а.в.) ҳадиси муборакларида, жамиятдаги барча инсонлар билан бўладиган ўзаро муомалаларда бағрикенглик, меҳр оқибатга тарғиб қилинади.Бу илоҳий кўрсатмага амал қилишлик эса, ер юзини тинчлиги ва ободлигига асосий сабаб бўлади.
Хулоса ўрнида Абу Абдуллоҳ Рудакийнинг айтган сўзларини келтирсак:
Кишилар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамкорлик кишилик жамияти учун муҳим аҳамиятга эга ишдир. Ҳақиқий дўстлик учун кишиларнинг ҳатто турли динда бўлишлари ҳам халақит бермайди.
Аллоҳ таоло кўп миллатли мустақил юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигини бардавом ва барқарор қилсин.
 
 
“Шоҳ-Аҳсавий” жомеъ
масжиди имом-хатиби
Ҳ.Ширинов
 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:15
Куёш: 06:51
Пешин: 13:10
Аср: 16:35
Шом: 18:20
Хуфтон: 20:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram