Бағрикенглик нима?
16 ноябр 2024 й.
74 марта ўқилди.

Бағрикенглик нима?
Бағрикенглик инсонлараро тинчлик ва тотувликни таъминлашда катта аҳамиятга эга, бағрикенглик, юмшоқлик, раҳмат ва шафқат каби қадриятлари инсонни маънавий ва ахлоқий юксакликка олиб борадиган асосий устунлардан ҳисобланади.
Бағрикенглик (толерантлик) турли соҳаларда намоён бўлиши мумкин. У жамият, маданият, дин, сиёсат ва шахсий муносабатлар каби ҳаётнинг турли жабҳаларида аҳамиятлидир.
1. Диний соҳада:
Турли дин ва эътиқодларга ҳурмат қилиш, уларни тан олиш ва низолардан қочиш. Бу, айниқса, кўп миллатли ва кўп динли жамиятларда муҳимдир.
2. Маданий соҳада:
Турли миллат, урф-одат ва анъаналарга ҳурмат қилиш. Маданиятлар ўртасидаги фарқларни тушуниш ва уларни қадрлаш бағрикенгликнинг муҳим кўринишидир.
3. Ижтимоий соҳада:
Жинс, ирқ, тил, ижтимоий мақом ёки жисмоний имкониятларга қараб одамлар ўртасидаги тенгликни таъминлаш.
4. Сиёсий соҳада:
Ҳар хил фикрлар ва қарашларга ҳурмат билан ёндашиш, сиёсий рақобатни зўравонликсиз ва одилона ўтказиш.
5. Шахсий муносабатларда:
Инсонларнинг хатоларини кечириш, уларнинг фикри ва танловларини қабул қилиш. Бу соҳада бағрикенглик оилавий ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлайди.
Бағрикенглик барча соҳаларда ҳам инсонлар ўртасидаги бирдамликни таъминлаш учун асосий омил ҳисобланади.
Ҳар бир инсоннинг қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ва уларга меҳр-мурувват кўрсатиш муҳим ҳисобланади. Бу қадриятлар нафақат шахсий ҳаётда, балки бутун жамиятдаги тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга қаратилгандир.
Гўзалликни кўриш учун гўзал қалбли бўлмоқ лозим. Биз кўрадиган нарса руҳинг кўзгусидаги аксдир.
Кина ва нафратни ўзида жамлаган қалб муҳаббатни қандай кўради, бағрикенглик йўлини қандай тутади?!
Ҳасад уни еяётган қалб қандай қилиб ўзи яхши кўрган нарсани бошқага илина олади?!
Бировлар айбини, қабоҳатни қидириб юрган қалб гўзал хислатларни қаердан кўра олади?!
Гўзалликни кўриш учун покиза қалб билан қарамоқ лозим. Йўқса инсон қалбида бино қилганинг қора девордан ўзга нарса кўринмайди
Қалбнинг юмшоқлигидан, инсонларга нисбатан шафқатидан киноядир. У инсонлар хурсанд бўлса хурсанд бўлади, хафа бўлса хафа бўлади.
Талҳа ибн Абдурраҳмон ибн Авф қурайшнинг энг сахий кишиларидан эди. Бир куни унинг хотини унга деди : 
- Ака-укаларингиздан ёмонроқ кишиларни билмайман.
- Нега бундай деяпсан ?
 - Улар бойлигингизда ҳар куни сиздан хабар олишади. Камбағал бўлсангиз умуман келишмайди. 
Талҳа аёлига шундай дедилар :
- Аллоҳга қасамки, бу уларнинг гўзал ахлоқ соҳиби эканликларидандир. Биз уларни икром қилишга қодир бўлганимизда келишади. Бунга қодир бўлмаган пайтимизда келишмайди.
Мовардий айтадилар :
"Талҳа ўзининг гўзал хулқи билан бу ишни гўзал таъвил қилганига боқ. Бу иш қалб саломатлиги дунёда роҳат охиратда сардатдир.
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига хамр ичган кишини келтирилди, уни жазолаб кейин қўйиб юбордилар. У кетгач, саҳобалардан бири уни сўкиб: “Аллоҳ сени хор қилсин!”, деди. Шунда пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Ундай деманглар. Шайтонга ёрдамчи бўлманглар. Аксинча: “Аллоҳим! Уни мағфират қил. Аллоҳим! Унга раҳм қил!, денглар!”.
Бу дин бағрикенглик, юмшоқлик, раҳмат ва шафқат динидир.
Ҳаммамизда катта ёки кичик гуноҳ бор. Ҳар биримиз кўринганимиздан ёмонроқмиз. Аммо Роббимиз бизни сатр қилган.
Бағрикенгликга нечоғли муҳтожмиз!
Эр ва хотин бу услубга қанчалар муҳтож!
Ота ва бола бу услубга қанчалар муҳтож!
Ака ва ука бу услубга қанчалар муҳтож!
Қўшни ва қўшни бу услубга қанчалар муҳтож!
Дўст ва дўст бу услубга қанчалар муҳтож!
Қариндош ва қариндош бу услубга қанчалар муҳтожмиз.
Ҳатто бағрикенглик куни жаҳон миқёсида ҳар йили 16 ноябрь куни нишонланади.
Бу кун ЮНЕСКО томонидан 1995 йилда белгиланган бўлиб, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва тушунишни рағбатлантириш мақсадида нишонланади. Унинг мақсади - турли маданиятлар, динлар ва миллатлар ўртасидаги ҳамкорлик ва тинчликни қўллаб-қувватлашдир.
Азизжон Жамолов,
Шофиркон туман "Шайхи Дарвеш" масжиди имом-хатиби 
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:56
Пешин: 13:10
Аср: 16:25
Шом: 18:00
Хуфтон: 19:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram