БАҒРИКЕНГЛИК ВА ТОТУВЛИК
27 август 2020 й.
975 марта ўқилди.
БАҒРИКЕНГЛИК ВА ТОТУВЛИК
Тарихдан шу нарса маълумки, қайси жамият ҳаётида диний бағрикенглик тамойиллари ўз ифодасини топса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият қарор топиб, барча инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечирадилар. Тинчликсиз тараққиёт ва фаровонлик бўлмагани каби, диний бағрикенгликсиз тинчлик барқарор бўлмайди.
Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудуди қадим асрлардан турли маданият, тил, урф-одат, турмуш тарзига эга бўлган хилма хил динларга эътиқод қилувчи, бир бирига ўхшаш бўлмаган бир неча халқлар яшаган ўлкадир. Ўзбекистоннинг муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани, кўплаб давлатлар билан иқтисодий алоқалар қилгани ерлик халқларнинг диний ва маънавий ҳаётига, шунингдек, Мавороуннаҳрдаги урф-одатлар ҳамда ўзга юртлар маданияти ривожига салмоқли таъсир кўрсатган. Бу эса ўзига хос миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни шакллантиришдаги асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилган. Мана шундай диний бағрикенглик намуналарини юртимизда яшаб ўтган буюк аждодларимиз ҳаётида ҳам кўришимиз мумкин. Мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, буюк саркарда Амир Темур бобомизнинг қўшини таркибида бошқа динга мансуб аскарларни ҳам хизмат қилиши ёки Соҳибқироннинг ўғилларидан Мироншоҳ ўша пайтдаги Франция, Испания ва Англия каби давлатлар билан дипломатик алоқалар учун масъул этиб тайинлангани фикримизнинг тасдиғидир. Ҳиндистон халқи буюк шоир ва Бобурийлар салтанати асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодларини ҳурмат билан ёдга оладилар. Сабаби, Бобурийлар давлатни диний бағрикенглик асосида бошқарган эдилар.
Муқаддас Ислом дини ҳам азалдан инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто, ғайридинларга ҳам эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган. Маълумки, Ислом ўзидан аввалги самовий динларни шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин вакилларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ ҳуқуқларини шариат қонунлари билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданият ва анаъналарига эҳтиром билан қаралган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бошқа дин вакилларига ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб бутун инсониятга ибрат бўлишган. Чунки бу Аллоҳнинг амри ҳамда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматга берган кўрсатмаси эди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй иймон кетирганлар! Аллоҳ учун (тўғриликда) собит турувчи, одиллик билан гувоҳлик берувчи бўлингиз. Бирор қавмни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин!” (“Моида” сураси, 8-оят)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради”, дея марҳамат қилинади. (Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, “Муснад”). Айнан шу ҳадисни эътиборга олган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуни Мисрни фатҳ қилишга юбораётиб: “Эҳтиёт бўлинг! Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзингизга душман қилиб қўйманг”, – деб огоҳлантирганлар.
Қуръони каримнинг бир неча оятларида миллатлараро ҳамжиҳатлик, диний бағрикенглик масалалари кенг ёритилган. Жумладан, “Оли Имрон” сурасида: “Айтинг (Эй Муҳаммад): Аллоҳга , бизга нозил қилинган нарса (Қуръон)га ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодларига нозил қилинган нарсаларига, Мусо ва Ийсо ҳамда барча пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарса (ваҳий)га имон келтирдик. Уларнинг орасида бирортасини фарқ қилмаймиз ва биз Унинг Ўзигагина бўйин сунувчилармиз” (84-оят). Шу суранинг охирги оятида эса: “Эй иймон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шоядки нажот топсангиз!” – деб амр қилинган.
Муқаддас динимиз тарихидан ҳам бағрикенгликнинг юксак кўринишига намуна бўла оладиган мисолларни келтиришимиз мумкин. Жумладан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг у ердаги Яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорлик қилиш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар. Шунингдек, Ҳайбар ғазотида мусулмонларга ўлжа тушган нарсалар ичида Тавротдан бир қанча саҳифалар ҳам бор эди. Яҳудийлар келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўша саҳифаларни қайтариб беришни сўраганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни яҳудийларга қайтариб беришни амр қилганлар. Зеро, бошқа дин вакилларининг қадриятларини эъзозлаш Ислом динининг гўзал ахлоқларидандир. Юқоридаги тарихий воқеалар Ислом динининг бағрикенглик дини эканлигини тасдиқловчи намунадир. Бундан ташқари, Қуръони каримда бошқа дин вакилларининг ибодатхоналарига ҳурмат билан қарашга буюрилган. “Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан даф этиб турмас экан, албатта Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ Ўзига ёрдам берадиганларга ёрдам берур. Шубҳасиз, Аллоҳ кучли ва қудратлидир”, дейилган (Хаж сураси, 40-оят). Ушбу оят ҳар бир мусулмонга аҳли китоблар ибодат қиладиган жойларни ҳурмат ва ҳимоя қилиш муҳумлиги очиқ ойдин кўрсатиб қўйган. Бошқа диндаги кишиларнинг ҳурматини жойига қўйишда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўрнак бўлганлар. Масалан, яҳудийнинг жанозасини кўтариб ўтишганда майит ҳурматига ўринларидан турганликлари, бошқа дин вакилларига ҳадялар бериб, улар томонидан берилган ҳадяларни қабул қилганликлари, улар томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганликлари, Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига тушириб, уларга шахсан ўзлари хизмат қилганликлари, уларга масжидда ибодатларини адо этишга рухсат берганликлари тарихдан маълум ва машҳурдир.
Ислом динидаги динлараро бағрикенглик ғояларига амал қилиб келган юртимизда масжид, черков ва синагоглар ўз ибодатчиларга эмин-эркин хизмат кўрсатиб келганлиги тарихимизнинг оғир синовли даврида ҳам диний асосда ҳеч қандай низо келиб чиқмаганлиги халқимизнинг динлараро бағрикенглик борасида улкан тажрибага эга эканлигидан далолатдир. Демак, юқоридагилардан маълум бўладики, жамиятнинг ривожланиши, тинч ва осойишта бўлиши, тотувлик ва ҳамжиҳатлик қарор топиши учун инсонлар ўзаро меҳр-оқибатли бўлиши, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилиши, қариндошчилик ва қўшничилик ҳақларига риоя этиши, ўзга дин вакилларига бағрикенг бўлиши каби инсоний фазилатларда намоён бўлади.
Зеро, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик фуқаролик жамияти ривожланишининг асосий мезонларидан бири бўлиб, ушбу тамойиллар юртимиз тараққиёти ва тинчлигининг гаровидир.
Бухоро шаҳар “Халифа Худойдод” жомеъ масжид
имом-хатиби О.Садиллаев
«орқага