Агар унга бирор хурсандлик етса, шукр қилади, aгар унга бирор хафалик етса, сабр қилади
19 май 2021 й.
808 марта ўқилди.
Агар унга бирор хурсандлик етса, шукр қилади, aгар унга бирор хафалик етса, сабр қилади
Мўмин банда учун иймони тақозо қиладиган муҳим ишлардан бири- Аллоҳ таоло тайин қилган қазо ва қадарга рози бўлишдир. Мўмин киши ўзига етган нарсанинг етмасдан қолиши мумкин эмаслигига, ўзига етмаган нарсанинг эса етиши мумкин эмаслигига иймон келтирган бўлади. Шу эътиқодига кўра ўзига бирор хурсандчилик етса, шукр қилишга, бирор хафаликка дучор бўлса, сабр қилишга ўтади.
Бундай эътиқоднинг фақат мўминларда бўладиган улкан саодат эканини севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқа сўзлари билан тушунтириб қўйганлар: Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг ишидан ажабланаман, албатта ишининг барчаси хайрлидир, бу нарса мўминдан бошқа ҳеч кимда бўлмайди. Агар унга бирор хурсандлик етса, шукр қилади, бу унга хайрли бўлган бўлади. Агар унга бирор хафалик етса, сабр қилади, бу ҳам унга хайрли бўлган бўлади”, - дедилар”. (Муслим ривояти).
Ушбу тушунчанинг мўминлар учун қанчалар катта бахту-саодат экани мўмин ва мўмин бўлмаган кишининг мусибатга учраган ҳолида яққол намоён бўлади.
Ҳа, бундай ажойиб бахтга эришиш учун киши фақат мўмин бўлиши ва иймони тақозосига кўра ҳаёт кечириши лозим.
Шунинг учун ҳам баъзи уламолар ушбу ҳадисни таърифлаб: “Ушбу ҳадис Исломнинг ярмидир, ёки бутунлай Исломдир, дейилса ҳам ҳеч бир муболаға қилинмаган бўлади”, - деганлар.
Манбалар асоси “Динимиз аҳкомлари” китобидан.
Бухоро шаҳар «Хўжа Таббанд» жомеъ масжиди
имом-хатиби К. Ниёзов
«орқага