БЕМОР ЗИЁРАТИ ОДОБИ
21 май 2020 й.
1088 марта ўқилди.

 
БЕМОР ЗИЁРАТИ ОДОБИ

Исломда беморларни зиёрат қилиш улкан ажрларга эга бўлиш манбаидир. Баъзи уламолар бемор зиёратини вожиб деганлар. Кўпчиликлари суннат дейишган. Мўъминни мўъмин устида олтита ҳаққи бор. Шулардан бири агар биродари касал бўлса уни кўришга бориш. Нима бўлганда ҳам бу амални савоби улуғдир.
Имом Муслим ривоят қилган муборак бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам "Мусулмон киши бемор мусулмон биродарини зиёрат қилишга борса, то бориб-келгунича жаннат "ҳурфа"сида бўлади", дедилар. Шунда: "Эй Аллоҳнинг Росули, жаннатнинг "ҳурфа"си нима", дейилди. Ул зот: "У (жаннатнинг меваси)ни териб олади", дедилар".  
Имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам "Ким касал кўргани борса, у раҳмат ҳовузида сузади. Агар касалнинг олдида ўтирса, унинг ичига чўкади", деганлар.  
Имом Аҳмад ва Термизий ривоят қилган ҳадиси муборакда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам "Қайси мусулмон бемор мусулмонни кўргани борса, етмиш минг фаришта кечқурунгача унга дуои хайр қилади. Агар у кеч кирганда бирор беморни кўргани борса, тонггача етмиш минг фаришта унинг ҳаққига дуои хайр қилади ва унга жаннатнинг терилган меваси берилади", дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал одатларидан бири шу эдики кимни бемор деб эшитсалар албатта уни зиёратига бориб ҳаққига дуо қилар эдилар.
Оиша розияллоҳу анҳудан: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам беморни олдинга келсалар ёки у ҳузурларига олиб келинса: "Азҳиб-л-баъса Робба-н-нааси ишфи ва анта-ш-шаафий лаа шифааъа илаа шифааъука шифааъан лаа юғодиру  сақоман", деб айтар эдилар". (Имом Бухорий ривояти) 
Маъноси: "Зиённи кетказ, эй инсонларнинг Робби! Шифо бер, Сен шифо берувчисан. Сенинг шифойингдан ўзга шифо йўқ. Ҳеч қандай дардни қолдирмайдиган шифо (бер)!".
Исломда беморни зиёрати қанча улуғ бўлса, зиёда ҳаракатлар билан уни қийнаб қўйишдан унданда зиёда қайтарилган. Гоҳида инсон савоб оламан деб, бемор ёки унинг қаровчисига азият бериб қўйса гуноҳкор ҳам бўлиши мумкин. Бемор зиёратига борган киши унинг ҳузурига узоқ муддат қолмай тезроқ туриши лозим, илло бемор кўпроқ қолишни истаса жоиз.
Улуғ шайх Сирри Сақотий бемор бўлиб қолганларида, бир неча киши у зотни кўришга келди. Зиёрат узоқ муддат чўзилиб кетди. Шунда зиёратчилардан бири у кишига: "Агар рухсат берсангиз, қайтмоқчи эдик. Бизларнинг ҳаққимизга бир дуо қилсангиз", деди. Шайх қўлларини кўтариб: "Аллоҳим, буларга беморни зиёрат қилиш одобини таълим бергин", деб дуо қиладилар.
Беморни зиёрати учун муносиб вақт танлаш, унга кўп савол бермаслик, ҳар томонига алангламаслик, ёш болаларни олиб бормаслик, соғайишига умидлантириш, овозини баланд кўтармаслик, беморга фойдали бирор ҳадя олиб бориш, бемор бирор ёрдам сўраса мамнуният билан қабул қилиш, бемор олдида ўзининг муаммоларини айтмаслик, телефон билан машғул бўлишдан сақланиш ва шу каби бошқа одоб қоидаларига қатъий риоя қилиш лозим.
Нақшбандий тариқатининг улуғ намоёндаси Хожа Убайдуллоҳ Ахрор раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Дўстларга касаллиги вақти мадад қилиш ва оғирини енгиллатиш яхши ишдир. Мадад икки навъдир: бири, касалликдан қутилиш учун барча-тадбирларни ишга солиш, иккинчиси, касаллик туфайли бузилган кайфиятини яхшилаш, кўтаришдир".
Илоҳо барча беморларимизга Шофийнинг Ўзи шифо берсин! 
Беморларни зиёратига борувчиларга ҳам ваъда қилинган савоблардан камайтирмасдан Аллоҳим ато қилсин! ОМИН.

Бухоро шаҳар "Хўжа Исмат" жомеъ масжид

имом-хатиби Салоҳиддин Гадоев. 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram