БИДЪАТДАН САҚЛАНАЙЛИК
17 феврал 2021 й.
922 марта ўқилди.


БИДЪАТДАН САҚЛАНАЙЛИК

Инсон Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилмоқ учун шариатда кўрсатилган бирор амални бажарар экан, унинг ихлосу муҳаббати кўпрок савоб топиш мақсадида шу амални янада кўркамрок адо этишга ундайди. Бироқ бидъат деган тушунча билиб-билмай бидъат амалини қилиб қўйиш хавфи уни ўз хохиш-иродасини амалга оширишига тўсқинлик қилади. Мана шунинг учун мусулмон киши бидъат сўзининг маъносини ва айрим бидъат амаллар ҳақида тушунчага эга бўлиши лозим.
Бидъат ўхшаши йўқ нарсани ихтиро, яъни динда янгилик пайдо қилмоқликдир. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ким бизнинг бу динимизга унда бўлмаган янги нарсани киритса, у рад қилинади деб, марҳамат қилдилар. Уламолар бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат амал) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат амал). 
Бидъати ҳасана (яхши бидъат) деб, шариатда асли бўлган амални шу аслга таяниб, уни шакллантириш учун жорий қилинган қўшимча амалларга айтилади. Бунга Хазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Рамазон ойида ўқиладиган таровех намозини имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилганлар. Аслида суннат амал бўлган таровех намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Хазрати Умар розияллоҳу анҳу эса халифалик даврларида уни жамоат билан ўқишни жорий қилдилар. Ва: қандай яхши бидъат бўлди дедилар.
Бидъати саййиа (ёмон бидъат) эса шаръий аслга эга бўлмаган бирор нарсани жорий қилиш ёки шаръий аслни хилоф равишда айрича талқин қилишдир. Бидъати саййиа кўпинча эътиқод масалаларига тааллуқли бўлиб шариат кўрсатган эътиқоддан четга чиқиш эътиқодий масалаларда ғулувга кетишдир. Салаф уламолари аҳли сунна вал-жамоадан бошқа барча фирқаларни "аҳли бидъат" деб номлаганлар. Чунки улар аҳли сунна вал-жамоат эътиқодига зид бўлган ақидаларни илгари суришган. 
Масалан: Хаворижлар гунохи кабира қилган киши кофир бўлади десалар, Мўътазилар ундай киши иймондан чиқади аммо кофир бўлмайди дейдилар. Қадарийлар тақдирни инкор қилсалар, Жабарийлар эса инсон савоб ва гунох ишларни қилишга мажбурдир дейдилар. Мазкур ақидаларнинг барчаси аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига зид бўлиб ундай эътиқодда бўлиш залолатдир.
Уламолар бидъат аҳли билан ўтириш улар билан ҳамсухбат бўлишдан қайтарганлар. Хасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бидъатчи фосиқ билан ўтирма акс ҳолда қалбинг унинг гапига мойил бўлади, натижада ҳалок бўласан. Унга қарши чиққан тақдирингда ҳам қалбингга бир касаллик киради деганлар. Яхё ибн Касийр раҳимаҳуллоҳ эса: Агар йўлда бидъатчига йўлиқиб қолсанг бошқа йўлга бурилиб кет деганлар.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг йўлидан адаштирмасин.

Бухоро шаҳар “Имом Ғаззолий” жомеъ масжид

имом-хатиби Рўзиев Абдуғани 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:56
Пешин: 13:10
Аср: 16:25
Шом: 18:00
Хуфтон: 19:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram