Билимсизлик жаҳолатдир
28 ноябр 2022 й.
Ромитан тумани “Хокимулломир” жомеъ масжиди имом-хатиби Ғолиб Муротов
439 марта ўқилди.
Билимсизлик жаҳолатдир
Ҳозирги пайтда дунё ҳаётидаги тараққиёт ва ривожланишни илм-фансиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бирор соҳа йўқки, у илмсиз равнақ топган, юксалган бўлса. Шу боис Аллоҳ таоло илм ўрганишга интилишни ҳар бир мўмин-мусулмон зиммасидаги фарз этиб қўйган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти ҳам “Ўқи” деган амр бўлди. Аллоҳ таоло илм излашни ва ўрганишни мусулмон бандаларига қатъий буюрган. Қуръони каримнинг бир неча оятлари бунга далолатдир: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми” Аллоҳ таоло яна хабар беради:
“Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”. Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло илмни неъмат сифатида зикр қилади, билимдонлар даражаси юқори эканини билдиради, банда қанчалик кўп илм олса, тафаккури кенгайса, Аллоҳдан шунчалик қўрқадиган бўлишини баён этади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишида фақиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди”, дедилар. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят этилади. У зот айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида бири обид ва бири олим бўлган икки киши зикр этилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Олим кишининг обидга нисбатан фазли менинг ораларингиздаги энг қуйи табақа вакилига нисбатан фазлим кабидир”, деб марҳамат этдилар. Сўнг у зот алайҳиссалом: “Дарҳақиқат, Аллоҳ, Унинг малоикалари, осмон ва ер аҳллари, ҳатто инидаги чумоли ва денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи олимларни дуо қилишади”, дедилар. Илм дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга кўплаб фойда келтиради. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай амр қилади:. “...айтинг: “Эй Раббим! Менга илмни зиёда эт!”. Бошқа бир оятда: “Агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангиз, аҳли зикрлардан сўрангиз!...” (Наҳл, 43).
Илм фазилати ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Ҳасад харом магарам икки амалда жоиз дедилар Аллоҳ бир кишига Қуръон берса унга У эртаю кеч амал қилса ва яна бир кишига Аллоҳ мол берса у молни эртаю кеч инфоқ қилса дедилар.
Фарзанднинг келажакда аҳли солиҳ, баркамол инсон бўлиб етишиши, аввало, унинг ёшлигида олган одоб-аҳлоқи ҳамда илм-маърифатига боғлиқдир. “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”деб бежиз айтилмаган. Али розияллоҳу анҳу бир саҳобийга: “Илм молдан яхшидир, у сени ҳимоя қилади, молни эса сен қўриқлашга мажбурсан, илм ҳоким, мол маҳкумдир, сарфлаш, нафақа қилиш билан мол камайса, илмни тарқатганинг сайин кўпайиб боради”, - деганлар. Ҳакимлардан бири: “Агар олим киши вафот этса, унинг вафотига сувдаги балиқлару, осмондаги қушлар ҳам йиғлайди, унинг жисми йўқ бўлса-да, фойдали илми ва номи унутилмайди”, - деган экан. Луқмони ҳаким ўғлига: “Эй ўғлим, олимлар билан ўтир, улар орасига кир, чунки Аллоҳ ерни осмон суви билан тирилтиргани каби қалбларни ҳам илму ҳикмат нури билан тирилтиради”. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак бир ҳадисларида: “Ҳар бирингиз масъулдурсиз ҳар бирингиз сўралгувчидирсиз”. Демак масъулиятни ҳис қилмоғлигимиздаркор.
Фарзандларимиз, набираларимиз бахти учун суюниб яшайлик. Бундай дориломон, саодатли кунлар тинчлик-осойишталик, фаровон ҳаёт маҳсули эканини фарзандларимизга тушунтирайлик, токи улар бу кунларнинг қадрини чуқур англаб етсинлар.
Ромитан тумани “Хокимулломир” жомеъ масжиди имом-хатиби Ғолиб Муротов
«орқага