Бир йилга татигулик ой
01 июл 2016 й.
2411 марта ўқилди.

Бир йилга татигулик ой

 Рамазонда нафсларимиз роҳатланиб, завқ олади. Чунки биз нима учун яратилган бўлсак, ушбу ойда ўша ғоя узра машғул бўламиз! Инсон учун бу ойда Аллоҳ буюрган жуда кўп фарзларни адо этмоқликга имконият бўлади.

Бир йил давомида қалбларимиз раҳмат ёмғирига жуда ташна бўлади. Ниҳоят, Рамазон келиб, ўша ташна қалбларимизни ўзининг ёмғир каби ёғилувчи раҳмати ва мағфиратига ғарқ қилишини, ундаги хатми Қуръонлар, Таровеҳ намозларининг шукуҳи, Аллоҳнинг марҳамати ила бу ойда ибодатларни мукаммал адо этмоқлик биз учун бир йилга татигулик озуқа бўлади инша Аллоҳ. 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беш вақт намоз, жумадан жумагача, рамазондан рамазонгача бўлган (гуноҳларга) каффоратдир, агар кабира гуноҳлардан сақланган бўлса», дедилар.
Исломдаги ибодатларни фарз қилиб, бандалик бурчини адо этишга, гуноҳларни ювишга, ажр-савоб олишга шароит яратиб берган Аллоҳ таолони тинмай улуғлаб, унга доимо шукр қилиш керак. Ҳар бир фарз ибодат бандада Аллоҳ бошлаган ҳидоятнинг қадрига етиш ҳиссини кучайтириши керак.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан: "Рамазонни қандай кутиб олардинглар?" Деб сўралганида, у киши...
"Бизлардан бирор киши, қалбида бошқа мусулмон биродарига нисбатан заррача ҳам гина адоват билан янги ойни қарши олмас эди", деб жавоб бердилар. Ушбу ойда инсон яқинларини ардоқламоғи узилиб кетган, гаплашмайдиган инсонлар билан алоқаларни қайта тикламоғи лозим бўлади.
Ибн Динор р.а. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоятларида қуйидагича келтирилади: «Ибн Умар р.а. агар Маккага сафар қилсалар, бир эшакларида борардилар. Туя минишдан зериксалар, ўшани минардилар. Ва яна бошларини кийиб юрадиган бир саллалари бор эди. Бир куни мана шу эшакда кетаётсалар, олдиларидан бир бадавий ўтиб қолди. Ибн Умар р.а. унга: «Сен фалончи ўғли эмасмисан?» дедилар. Бадавий: «Ҳа», деган эди, эшакларини унга бериб: «Буни мингин ва мана бу салла билан бошингни танғигин», деб ўз саллаларини ечиб бердилар. Шунда баъзи дўстлари: «Аллоҳ сени мағфират қилсин, туядан зерикканингда минадиган эшагингни ва бошингни танғиб юрадиган саллангни нимага бу бадавийга бериб юбординг?» дейишганида, Ибн Умар: «Расулуллоҳ  с.а.в. : «Кишининг отаси вафот этганидан кейин дўстлари билан борди-келди алоқаларини қилиши яхшиликларнинг олийсидир», деб айтганларини эшитганман. Чунки бадавийнинг отаси менинг отам Умар р.а. билан дўст эди», деб айтдилар».  Имом Муслим ривоят қилганлар.
Ушбу ойдаги яхшилик кимга бўлмоғидан қаттий назар, оз бўлсин кўп бўлсин, одамларнинг кўзи олдида кичик эътиборсиз бўлсин, яхшиликдир. Ишдан уйга холдан тойиб бир амаллаб етиб келаётиб. Одамлар юрадиган йўлакда керакмас қоғозми, сув идишлариними, ширинликлар қоғозиними ёки шунга ўхшаш нарсаларни ташлаб кетишганини кўриб қолдинг. Сен уялмасдан, эринмасдан шуларни олиб махсус идишига солиб қўймоғинг.
Ҳовлига келган маҳал волиданг сендан "айтганимни келтирдингми" деб сўраб қолдилар? Эринма уларга шу заҳоти "Ҳозир онажон, бир лаҳзада келтириб бераман" демоғинг.
 "Отанг сенга мурожаат қилиб: "ўғлим, мени шу табибга элтиб қўй. Фалон вақтда келгин деб айтган эди" десалар, ҳамма муҳим ишларингни бир озга кечиктириб, уларга: "хўп бўлади Отажон" деб айтиб дуоларини олиб қол.
Ўсмирларни гуноҳ иш қилаётганини кўриб қолдинг. Шу заҳоти уларни тўхтатиб насиҳат қил.
Сени биров хақорат қилиб, ёмон  гапларни сенга қарата айтди. "Оғирроқ бўл". Кимдир сенга туҳмат қилди. Уни уриб, сўккинг келди. Шу заҳоти ғазабингни ют ва уни кечир.
Эҳтимол манашулардан бири сенинг нажотингдур. 
Аллоҳим! Рамазон ойини соғлом қалб билан ўтказмоқликнини бизларга насиб қил!
 
 
 Азизжон Жамолов – Шофиркон тумани
“Шайҳи Дарвеш” жоме масжиди имом-хатиби.
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:00
Куёш: 05:48
Пешин: 13:10
Аср: 18:00
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram