ИСЛОМ - ИНСОНИЯТ БИРДАМЛИГИГА УНДОВЧИ ДИН
16 ноябр 2024 й.
77 марта ўқилди.
ИСЛОМ - ИНСОНИЯТ БИРДАМЛИГИГА УНДОВЧИ ДИН
Бутун коинот яралганидан, то ҳозирга қадар борлиқдаги барча жонли ва жонсиз мавжудотлар, яккаю ягона бўлган осмону ер, сув ва тупроқ барча биз санаб ўтмоқчи бўлган моддий, маънавий манбалар онгли қилиб яратилганларнинг яъни инсоният, одамизотнинг ҳар бир эҳтиёжини ўзлари хоҳлаганлари даражасида қондириб келишда давом этмоқда. Буларни мисол келтиришдан асосий мақсад инсон деб аталмиш номга муносиб тарзда ҳаёт кечирмоқликдир. Ер шаърининг қай бурчагида бўлмасин кишилар турмуш тарзида ўзларининг ақидавий, манавий, маърифий, ахлоқий қоидалари асосида аждодларидан қолган манбалар ёки ҳаёти давомида кўриб билганларидан ўрнак олиб яшайдилар. Ер юзида миллиардлаб инсонлар, турли динларга эътиқод қилиб яшайдилар. Маълумотларга кўра, дунёда ўн мингдан ортиқ дин мавжуд. Салкам саккиз миллиардни ташкил этувчи жаҳон аҳолисининг этник таркибига назар солсак, икки мингга яқин миллат ва элатдан иборат эканига гувоҳ бўламиз. Рақамларга мурожаат қилсак, бугун энг кўп тарафдорларга эга динлар бешта бўлиб, улар Христианлик, Ислом, Яҳудийлик, Буддавийлик, Ҳиндуизм саналади.
Ислом дини ўзининг халқчиллиги, адолатпарварлиги, тинчликсеварлиги билан бир қаторда ўзидан олдин ўтган динларга холисона муносабатда бўлишга чақиради.
Исломда бугунги глобаллашув шароитида диний қадриятлар, тинчликпарварликнинг моҳияти, ёшларни диний бағрикенглик ва умуминсоний ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг динига ёт радикал қарашларга қарши муросасизлик туйғуларини шакллантиришдаги ўрни аниқ очиб берилган. Анъом сураси, 159-оятининг тафсирида ... Пайғамбарлар барчанинг биродаридирлар. Рисолатда уларнинг ўртасида ҳеч қандай тафовут йўқ. Шунинг учун ислом асосларидан бўлган иймоннинг бир шарти Аллоҳ томонидан юборилган пайғамбарлардан бирортасини ҳам ажратиб қўймасдан, барчасига бирдек эътиқод қилиш ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва дин вакилларига яхши муносабатда бўлишга буюради ва уларга нисбатан адолатли бўлиш лозимлигини таъкидлайди. “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳана сураси, 8-оят). Самарқандлик фақиҳ Абу Лайс Самарқандий “Баҳрул улум” номли тафсир китобида ушбу оят тафсирида: “Ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”, деб қайд қилган. Мовароуннаҳрлик машҳур муфассир Абул Баракот Насафий “Мадорикут танзил” асарида мазкур оят шарҳида: “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг, уларга сўз билан ҳам, иш билан ҳам яхши муомалада бўлинг”, деб баён этганлар.
Одамларнинг динлардаги ихтилофлари бир-бирларини ўлдиришларига ёки бир-бирларига адоват қилишларига сабаб бўлмаслиги керак. Балки, эзгу ишларни қилишда, ёвузликка қарши курашда ўзаро ҳамкор бўлишлари лозим. Диёримиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари улуғ аллома ва мутафаккирларга бешик бўлган заминдир.
Азалдан диёримизда мавжуд бағрикенглик, Ислом дини кириб келганидан сўнг янада кенг тарғиб этилганини кўришимиз мумкин. Асрлар давомида йирик шаҳарларимизда масжид ва бошқа дин вакилларининг ибодат масканларининг барпо этилиши турли миллат ва динга мансуб қавмларнинг ўз диний амалларини эркин адо этиб келаётгани, тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида ҳам улар ўртасида диний асосда можаролар бўлмагани халқимизнинг динлараро бағрикенглик, миллатаро тотувлик борасида катта тажриба тўплаганидан далолат беради.
Бугун дунё ҳамжамияти юртимизнинг инсоният бирдамлиги, ўзаро ҳамжиҳатлик борасида олиб бораётган сиёсатига юқори баҳо бермоқда. Буни куни кеча мамлакатимизда бўлиб ўтган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида нуфузли халқаро конференсия минбаридан дунёнинг 70 дан ортиқ давлатларидан ташриф буюрган етук уламолар нутқида акс этганини кўришимиз мумкин. Шу нуқтайи назардан айтишимиз мумкинки, халқимиз ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, халқпарварлик борасида барча халқлар учун намуна бўла олади.
Манба: "Бухоронома" газетасининг 2024 йил 83-сони
Жобир Элов,
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакили
Бухоро вилоят бош имом-хатиби
«орқага