Бировнинг ҳаққи
14 январ 2019 й.
Каримов Олимжон
2296 марта ўқилди.
Бировнинг ҳаққи
Буюк саҳобий Абу Дардо розияллоҳу анҳу саҳобалар орасида масжидга ҳаммадан эрта келиб, ҳаммадан кеч кетиши билан Расулуллоҳнинг назарларига тушган саҳоба эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абу Дардони шу одатлари учун яхши кўрар эдилар. Аммо хурмо пишган пайтда Абу Дардо масжидга кеч келиб, эрта кетадиган бўлиб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Эй Абу Дардо, сенга нима бўляпти, ўзгариб қолдинг? Кеч келиб, эрта кетадиган бўлиб қолдинг?", деганлар. Шунда у: "Ё Расулуллоҳ, қўшнимни хурмоси пишган, унинг шохлари ҳовлимга осилган. Хурмо пишса, меваси менинг ҳовлимга тўкилади. Болаларим қўшнимнинг хурмосини еб қўйишидан қўрқаман, шунинг учун ҳар куни эрталаб бомдодга кетишдан аввал кечаси тўкилганларини тўплаб, қўшнимга чиқариб юбораман. Масжиддан тезроқ қайтиб бориб, яна кундузи тўкилганларини болаларим еб қўймасин деб, тўплаб, қўшнимга чиқараман. Узрим мана шу", деган эканлар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом хурсанд бўлганлар, Абу Дардонинг ҳаққига барака тилаб дуо қилганлар.
Бировнинг ҳаққидан ҳазар қилишни биз бугун қандай тушунамиз? Бугун бировнинг ҳаққига тажовуз қилишнинг қандай кўринишлари мавжуд?
Бу борадаги энг оғир мусибатлардан бири қарзни қайтармасликка ҳаракат қилишдир. Қарз олаётганда қайтармаслик нияти билан олиш – ўша пулга талафот етказишдир. Агар қарз олаётган одам қайтариш нияти билан олаётган бўлса, Аллоҳ таоло Ўзи ёрдам беради.
Яна бири тарозидан уриб қолиш. Бу ҳам бировнинг ҳаққи, бу ҳақда жуда кўп оятлар бор, жумладан, «Мутоффифун» сураси ҳам айнан шу ҳақдаги оятлар билан бошланади.
Бировнинг ҳаққига тажовуз қилишнинг яна бир тури порахўрликдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам, уларнинг ўртасидаги воситачини ҳам лаънатладилар.
Жамиятда энг кўп тарқалган, савдо-сотиқда энг кўп учраётган гуноҳлардан бири мана шудир. Аллоҳ таоло "Судхўр бўлган кимсалар Қиёмат куни қабрларидан турмайдилар, турса ҳам жин чалган мажнун каби туради", деган мазмунда оят нозил қилган. Қиёмат аҳли ана шундай гандираклаб, мажнунга ўхшаб турган одамни кўрса? "Ҳа, бу дунёда судхўр бўлган экан", дейди, Аллоҳ сақласин.
Келинг, аждодларимизнинг ибратомуз фазилатларига бир назар ташлайлик.
Мазҳаббошимиз Имоми Аъзамнинг тақволари, ҳалолликлари, ўзганинг ҳаққидан ҳазар қилишлари ҳақида замондошлари кўплаб воқеаларни нақл этишган. Бу зот молнинг нуқсонини айтишни унутиб сотгани учун савдогарликдаги ўттиз йиллик шериклари Ҳафс ибн Абдураҳмон билан ажрашиб кетганлар.
Бир куни Имоми Аъзам қўй ўғирланганини эшитадилар. Ва кишилардан қўй неча йил умр кўришини сўрайдилар. “Етти йил”, дея жавоб қилишади. У зот ўша ўғирланган қўйнинг гўшти овқатимга аралашиб қолмасин, деб етти йилгача қўй гўшти тановул қилмайдилар.
Ҳазрати Амир Кулолнинг оналари айтадилар: “Кулол қорнимда экан, ногоҳ шубҳали луқма ютиб қўйсам, кўкрагим остида шу қадар қаттиқ оғриқ турардики, ҳатто ҳушдан кетиб қолардим. Кейин маълум бўлдики, бу ҳол покиза фарзандим баракотидан экан”.
Ўтмишда бунақа воқеалар жуда кўп бўлган. Халқимиз бировнинг ҳаққи деб ҳаттоки девор оша осилиб турган дарахт шохини синдириб, тиш ковламаган, таклиф қилинмаган жойга бормаган, изн сўрамасдан кирмаган, дастурхондан ҳеч нарсани фарзанд-набираларига илинмаган.
Ана шундай ҳаёт кечирган ота-боболарнинг фарзандлари бугунга келиб ўзганинг ҳаққидан қўрқиш ўрнига ҳеч тап тортмай, алдов билан бировнинг молини тортиб олишгача, шерикларга хиёнат қилишгача етиб боришяпти. Тўй-маъракага борган айрим кишилар “боламга, набирамга”, дея чўнтакларини конфет, пистага тўлдириб қайтади. Боғчада, шифохонада, билим юртида ишлайдиганларнинг баъзилари сумкасини тўлдириб кетишади. Айримлар бировдан пул, буюм, мол олиб, қайтариш “эсларидан чиқиб” қолаверади. Ишхонасидан у ёки бу нарсани кўтариб кетаверадиганлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ҳол шунга бориб етдики, одамларники қолиб, Аллоҳ таолонинг байти масжидлардан гилам, китоб ва бошқа буюмларни ўғирлашдан ҳам ҳазар қилинмайдиган бўлиб қолди.
Хўш, ана шундай ўғирлаб, алдаб ёки зўрлик билан топилган овқатни еб катта бўлган фарзандларимиз келажакда ким бўлиб етишади? Уларнинг ахлоқи, тарбияси қандай бўлади? Қуйидаги ривоят бугун биз учун етарли сабоқ бўлар, балки.
Бир болакай доим айрончининг айрон халтасини бигиз билан тешиб, шимиб қочаркан. Айрончи охири боланинг отасига шикоят қилибди.
Ота ўйланиб қолибди: “Ўғли қачон ҳаром луқма еди экан?”. Ўйлаб ўйига етолмабди. Кейин хотинидан сўрабди. Хотини ҳам ҳеч қачон шубҳали таом емаганини айтибди. “Йўқ, — дебди эр, — фақат ҳалол еб ўсган бола ҳеч қачон ўғрилик қилмайди. Кейин хотини ўйлай-ўйлай бир ҳолни эслабди. Хомиладорлик пайтида дугонасиникига борган, у ерда ўсиб турган лимонни кўриб, кўнгли суст кетган, дугонаси чиққанида игнатугма билан лимонни тешиб озгина шимган экан. Эрга ҳамма нарса ойдинлашибди, хотинига дакки бериб айтибдики: “Сенинг қўлингдаги игна болангнинг қўлига бигиз бўлиб қайтди”.
Ҳаром таомдан улғайган бола, албатта, бузуқ, зулмкор бўлади, унга ҳеч қандай панд-насиҳат, таълим кор қилмайди, чунки ҳаромда шайтон бор, ҳаром луқма билан бирга шайтоний табиат ҳам боланинг танига сингиб боради. Бежизга Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ — ҳаром йўллар билан еманглар! (Яъни, бир-бирингизнинг ҳаққингизни еманг!) Ва билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини ҳаром йўл билан ейиш учун (молларингизни пора қилиб) ҳокимларга узатманг!”, деб огоҳлантирмаган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ҳалол еб-ичса, суннатга мувофиқ амал қилса, одамларга зарар етказмаса, жаннатга киради”, деганлар.
Ҳа, бировнинг ҳаққини ейиш ҳаром экани Қуръони Карим ва суннати набавийа ҳукми ила собит бўлган. Ким ўзини уларга таслим санаса, ҳаромдан ҳазар қилсин, ўзганинг ҳаққига тажовуздан тийилсин. Шундагана Ислом уммати номига муносиб бўламиз.
Каримов Олимжон
Пешку туман "Хўжа Пешку"
жомеъ масжиди имом хатиби.
«орқага