Заҳириддин Муҳаммад Бобур шариат билимдони
13 феврал 2023 й.
421 марта ўқилди.

 Заҳириддин Муҳаммад Бобур шариат билимдони

Заҳириддин Муҳаммад Бобур нафақат шоҳ ва шоир, балки шариат билимдони бўлганини ўзининг “Мубаййин” асари орқали намоён этган. “Мубаййин” Бобурмирзонинг авлодларига қолдирган туҳфаси бўлиб, ҳанафий мазҳаби бўйича туркий тилда ёзилган илк назмий асарлардан биридир. Асар 1521 йилда Ҳиндистон юришлари даврида ёзилгани қайд этилади. Дунёнинг турли қўлёзма фондларида “Мубаййин” қўлёзмалари мавжудлиги, мазкур асарнинг барча даврлар учун ниҳоятда юксак аҳамиятга эга бўлганидан далолат беради. Аммо, қўлёзма асарлар тайёрланиши кўп вақт олиши ва серхаражат иш бўлгани учун, бу асарлар одатда шахсий кутубхоналар ва хазиналардаги ноёб асарлар сифатида сақланар, саводхон омма учун уларни истифода этиш чекланган эди. 
ХIХ аср охири, ХХ аср бошларида Тошкент шаҳрида ҳам бирин-кетин литографиялар (тошбосма) очила бошлади. Юртимиз маърифатпарварлари сайъ-ҳаракатлари натижасида ва аждодларимизнинг бой маънавий меросини кенг жамоатчиликка етказиш имконияти туғилди. Айни даврда илк бора кенг жамоатчиликка тақдим этилган китоблар қаторида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Мубаййин” асарининг ўрин олгани ушбу ноёб дурдонанинг халқимиз учун қиймати нақадар улуғлигидан, энг асосийси, бунга эътибор ва талаб кучли эканлигидан далолатдир.
Мазкур нашр маърифатпарвар ношир Мулла Мир Махдум ибн Шоҳ Юнус Тошкандий томонидан 1905-йилда Тошкент шаҳрида О.Порцеф литографиясида чоп қилинган. Ушбу тошбосма нашр ҳақида илк тавсифий маълумотни манбашунос олим, филология фанлари доктори Жалолиддин Жўраев 2008 йил матбуотда эълон қилган. 
“Мубаййин” нашрининг титул варағида ҳам бир қанча эътиборни тортувчи қимматли маълумотлар келтирилган. Хусусан, безакли жадвалнинг энг аввалида қуйидаги ҳадиси шариф жой олган:
عن أبي عبد الرحمن عبد الله بن عمر بن الخطاب رضي الله عنهما قال قالرسول الله صلى الله عليه وسلم بُنِيَ الإسْلَامُ علَى خَمْسٍ: شَهَادَةِ أنْ لا إلَهَ إلَّا اللَّهُ وأنَّ مُحَمَّدًا رَسولُ اللَّهِ، وإقَامِ الصَّلَاةِ، وإيتَاءِ الزَّكَاةِ، والحَجِّ، وصَوْمِ رَمَضَان. متفق عليه 
“Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ислом беш нарса устига қурилгандир – “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир ва албатта Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир”, деб гувоҳлик бериш, намоз ўқиш, закот бериш, ҳаж қилиш, Рамазон рўзаси”– дедилар”. 
Жадвалнинг ўртасида асарнинг тўлиқ номи “Ин китоб рофеъ ул-хавос ва нофеъ ул-авом, ал-мусаммо би-“Мубаййин ул-ислом” тарзида кўрсатилган. Яъни бу китоб хосларни юксалтирувчи, авомни манфаатлантирувчи бўлиб, у “Мубаййин ул-ислом” – “Исломни баён қилувчи”, деб номлангандир. 
Гарчи Мирзо Бобур китоб муқаддимасида 
Чун баён этдим анда шаръиёт
Не ажабки, дедим “Мубаййин” от, –
дея, асарнинг қисқа номини зикр этган бўлса-да, асарнинг тўлиқ номи ХХ асргача “Мубаййин ул-ислом” тарзида етиб келган. Юртимизда қўлёзма ва тошбосма асарларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилётган даврда, маънавий меросимизни мана шундай нозик жиҳатларига эътибор қаратиш муҳимдир. Тадқиқотлар асл манбаларга таянилса, уларнинг илмий аҳамияти ва сифати ҳам юксалади.
Зафар Фахриддинов, 
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази 
Нашрлар бўлими бошлиғи
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram