БОЛА ЖИНОЯТЧИ БЎЛИБ ТУҒИЛМАЙДИ
13 октябр 2021 й.
740 марта ўқилди.
БОЛА ЖИНОЯТЧИ БЎЛИБ ТУҒИЛМАЙДИ
Бугунги кунда энг ачинарли ҳолатлардан бири бу - оммавий ахборот воситалари орқали гувоҳи бўлиб турганимиз, фалончи отасини урибди, фистончи амакисини ўлдириб қўйибди, бир бола бобосини пичоқлаб қўйибди ва ҳоказо ёмон хабарлардир. Албатта, бу каби воқеликларни ўқиган инсоннинг қалбида шу ишни қилган кимсаларга нисбатан нафрат ўйғониши табиий. Чунки ўз яқинига тан жароҳати нафақат мусулмончиликка, балки инсонийликка ҳам тўғри келмайди. Авваллари шунақа ишларни онда-сонда эшитган ёки кўрган бўлсак, ҳозирга келиб, деярли кунора кўзимиз тушиб қолмоқда. Тўғри, бу каби мавзуларнинг кўпайишига ахборот кўламининг кенглиги бўлиши ҳам мумкин. Хўш, инсон шунчалик даражадаги жиноятга қўл уришнинг боиси нима? Одамни бундай ваҳшийликка нима ундаган бўлиши мумкин? Бунинг сабабини мақоламиз давомида бақадри имкон билиб оламиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳар-бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади" (Муттафақун алайҳ). Яъни, туғилган фарзанд қайси миллатнинг, қайси дин вакилининг, ёки умуман динсиз, Аллоҳга ишонмайдиган кимсанинг фарзанди бўлмасин, соф табиат ила, мусулмончиликка мойил бўлган ҳолда, исломий хулқ билан туғилади. Лекин кейинчалик у яшаб турган муҳит боис, шарт-шароит туфайли, ота-онасининг эътиқодига қараб ҳаёт тарзи ўзгариб бораверади. Ҳудди шунга қиёсан, одам боласи жиноятчи бўлиб туғилмайди. Уни бу қабиҳ ишларга ундаган нарса оиладаги вазиятдир. Энг аввало ота-онанинг ўзини тутиши. Тарбиячи қандай бўлса, тарбияланувчи шундай бўлади, дейди уламолар. Бу борада ота-она фарзандга ўрнак бўлиши керак. Асрлар давомида тарбия бериш услублари шаклланиб келган. Шулардан энг мақбули ҳам шу. Ота-онанинг фарзандга таъсири. Юриш-туриш, еб-ичиш ва ҳоказо ҳолатларда бола улардан андоза олади. Халқимизда, қуш уясида кўрганини қилади, деган гап ҳам бежиз эмас. Ундан кейинги энг яхши услуб, бу - руҳий-маънавий муолажадир. Фарзанднинг руҳияти нозик бўлади ва бу ҳолат ёшига қараб ҳам ўзгаради. Албатта, одоб доирасидаги муолажалар ҳақида маълумотлар кўп. Алҳамдулиллаҳ, китоб дўконларида, юртимизда кўзга кўринган уламолар томонидан бола тарбиясига оид қўлланмалар бисёр. Биз ушбуларни ўқиб, тўғри татбиқ этсак, кифоя.
Айтмоқчи бўлганимиз, биз эркаклар оилада фарзанд тарбияси борасида масъулмиз. Агар уларни келажакда бахтли, саодатли, кўзимизнинг қувончи, юртимиз, динимиз учун гўзал хизмат қиладиган солиҳ ва солиҳа бўлишини истасак, астойдил улар билан шуғулланишимиз талаб этилади. Аллоҳ таоло юртимизда фарзандларимизни Ўз паноҳида асрасин.
Ромитан туман “Хокимулломир” жомеъ масжид
Имом-хатиби Ғолиб Муротов
«орқага