“Ўзингни ўз болангни ўзинг асра”
23 июн 2017 й.
3723 марта ўқилди.

 “Ўзингни ўз болангни ўзинг асра”

     2017 йил 15 июн куни пойтахтимиз Тошкент шаҳри Симпозиумлар саройида муҳтарам президентимиз Ш.М.Мирзиёев бошчиликларида “ Ижтимоий – маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, муқаддас динимиз софлигини асраш – давр талаби ” мавзусида юртимиздаги диний уламолар, имом-хатиблар билан биргаликда катта анжуман бўлиб ўтди.

   Анжумандаги нутқларининг аввалида юртбошимиз “ Ёшларимиз тарбияси, динимизни соф сақлаш келажагимизни белгилайди”- деб, ўсиб келаятган ёшларни ҳар томонлама камол топтириш, уларни муқаддас динимизга ёт бўлган, турли бузғунчи ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш лозимлигини айтдилар.

   Ҳақиқатда, бугунги кунда дунёда бўлаётган фитналар, хунрезликлар, қотиллик ва зўравонликлар авж олиб бораётган бир вақтда биз  тинч, фаровон ҳаёт кечирмоқдамиз деб, бепарво ва лоқайд бўлишимиз оқибати яхшиликка олиб келмайди. Бунинг оқибати нималарга олиб боришини мустақиллигимизнинг илк тарихида Тошкент, Андижон воқеъаларида гувоҳи бўлдик. Шу юртда яшаб, вояга етиб, меҳр кўриб яна ватанига, динига, халқига қурол кўтариб қарши чиқиши, хиёнат қилишини ҳеч нарса билан изоҳлаб, оқлаб бўлмайди.

   Президентимиз Ш. Мирзиёев анжуман иштирокчиларига “ Уларга нима бўлдики ота-онаси, юртига қарши чиқияпди? Қачон улар бузилишга улгурди? Биз қаерга қарадик? ” каби саволларни куюниб бердилар. Бу бепарволигимиздан душманларимиз фойдаланиб қолганини, бундан буёғига лоқайд бўлмаслигимиз лозимлигини таъкидлаб ўтдилар.

  Юртбошимиз нутқларида шу вақтгача “ Ўзингни ўз уйингни ўзинг асра ” шиори остида ҳаракат қилинган бўлса, бугун “ Ўзингни ўз болангни ўзинг асра ” шиори остида ҳар бир ота-она ҳаракат қилиши шарт эканини, ва мактаб, коллежларимиздаги тарбия тизимида  ўзгартиришлар бўлишини  айтдилар.

    Муқаддас ислом динимизда ҳам ота-она фарзанди учун жавобгар эканлиги айтилган. Расулуллоҳ (с.а.в.) Сизларнинг  ҳар  бирингиз  бамисоли  чўпондирсизлар ва ўз қўл остингиздагиларга масъулдирсизлар,  Подшоҳ ўз фуқароларига, эр ўз аҳли аёлига,  хотин эрининг уйига,  ходим ўз хожаси молига, фарзанд  ўз  отаси  мулкига  масъулдир”. Демак, ҳар биримиз масъул. Фарзандларни комил инсон бўлиб вояга етиши, ватани, миллати, динига содиқ қилиб тарбия қилиши учун динимиз ота-онанинг зиммасига бир қанча вазифаларни юклайди.

    Саъд ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ ( с.а.в.) “ Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қила олмайди ”, “Фарзандларингизни иззат-икром қилиш билан бирга ахлоқ-одобини ҳам яхшилангиз" деганлар.

     Бу ҳадисда, Пайғамбаримиз (с.а.в) фарзандга тарбия бериш борасида моддий таъминотдан маънавий тарбияни устун қўйдилар.

   Президентимиз сўзларида Абдулла Авлонийни “ Олийжаноб кишилар узурни қабул қилур ”, деган ҳикматли сўзларини эсга олдилар.

   Ва юртимизда тушунмасдан, билмасдан баъзи бир ёшларимиз, фуқароларимиз нотўғри йўлга киргани, адашгани, диний экстремистик оқим аъзоларига қўшилиб махсус ҳисобда турадиганлар борлигини айтиб, улар билан имом-хатиб, масъуллар якка тартибда суҳбатлашиб пушаймон қилган, айбини тушунган, бузғунчи ғоя ва эътиқоддан қайтган, ҳозирги вақтда ватани, маҳалласи оиласига нафи тегаёттган, болаларини ҳам ватанпарварлик руҳида, динига содиқ қилиб тарбиялаётганларини ҳисобга олиб уларни кечириш, авф этиш ва  махсус ҳисобдан чиқариш, улардаги айбдорлик ҳиссини йўқотиб жамиятга қўшиш лозимлигини таъкидладилар. Уларнинг орасида ҳали-ҳамон ўзининг бузғунчи ғояларидан қайтмаган, тавба қилиб яхшилик йўлига ўтмаган, ашаддийларини ажратиб, номларини аниқлаш ва ундай ватан хоинларини Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқариш бўйича топшириқ бердилар.

   Муқаддас динимизда ҳам банда гуноҳ қилиб кейин шу гуноҳидан афсусланиб тавба қилса Аллоҳ таоло уни гуноҳларини кечиради. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтганларидек: “ Ҳақиқий пушаймонлик тавба ҳукмидадир”. Демак, инсон қилган хатосини тушуниб, пушаймон бўлиб, тўғри йўлга қадам қўйса гуноҳлари кечирилар экан.

   Сўзларининг давомида “ Турли ёт оқимларга қўшилиб, улар тарафида бўлиш Ўзбекистон фуқаросига умуман тўғри келмайди. Халқимиз, ёшларимиз орасида соғлом эътиқодни бўлишини кимдан сўрайман? Албатта имом-хатиблар, сизлардан сўрайман. Адашганларга тўғри йўлни кўрсатиш, соф исломий эътиқодни тарғиб қилиш, аждодларимизга муносиб авлодни тарбиялаш, диний экстремистик оқимларга қўшилиб қолган ёшларни бу йўлдан қайтариш имом-хатиблар вазифасидир. Ва бу юртда тинчликни сақлаш бизни бурчимиз, вазифамиз экан бунинг учун барча имкон ва кучимизни сарфлашимиз лозим.” дедилар.

     Мамлакатимиз раҳбари халқимизни, ёшларни тўғри йўлдан оғиб кетмасликлари учун диний соҳада бир қанча хайрли ишларни амалга оширганликларини ва ошириш ниятида эканликларини билдириб қуйидагиларни санаб ўтдилар:

-      Сурхандарё вилояти Термиз шаҳрида Абу Исо Муҳаммад Термизийни мақбаралари обод қилиниб, муҳаддис алломанинг номларига халқаро марказ ташкил қилингани;

-      Бухоро вилоятида Мир Араб олий мадрасаси ва Тасаввуф мактабини ҳам  ташкил қилиниши;

-      Самарқанд вилоятида яна Имом Бухорий халқаро маркази ва ҳадис мактабининг ташкил қилиниши;

-      Қашқадарё вилоятида калом илми уламоларидан Абул Муъийн Насафийнинг мақбаралари обод қилиниб маънавий мерослари таржима қилиниши ва ақида мактабининг ташкил қилиниши;

-      Тошкент шаҳрида Хасти Имом мажмуасида марказ ташкил қилиб у жойда кутубхона ва ўтган буюк аждодларимизнинг ҳаётларини, қолдирган маънавий-маданий меросларини акс эттириб турувчи музей барпо қилиниши;

-      Тошкентни “ Ислом мадинияти маркази” деб, эълон қилиш ва бутун дунёга ибрат қилиб кўрсатиш.

    Анжуманда, мамлакатимизда ижтимоий маънавий муҳитни соғломлаштириш учун,  ўз жонига қасд қилишни асосан аёллар орасида йўқотиш, қайнона ва келинлар можароларига барҳам бериш, оилавий ажримларни, қўшхотинликни олдини олиш, она ва болани ҳимоя қилиш, қонуний никоҳсиз шаръий никоҳни ўқимаслик, ўқувчиларни дарсга қатнашишини назорат қилиш умумлаштириб айтганда “ Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” лозимлиги каби топшириқ ва талаблар қўйилди.

    Хулоса қилиб айтганда юртбошимиш айтганларидек: “Фарзандларимиз аждодларини кимлигини билсин, кимнинг авлоди эканликларини кўрсин, муқаддас ислом динимиз инсонларни нурли келажак сари бошлашлигини ва ҳар қандан зулм-зўравонликка, қотиллик ва хунрезликка қарши эканини тушунсин. Мақсадимиз Юртимиз тинч, динимиз софлиги бардавом, халқимиз ҳаёти фаровон, фарзандларимиз соғлом бўлсин”.

   

   Ғиждувон туман   

« Соктари » жомеъ

масжиди имом хатиби:                                              Жасурбек Латипов.

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:36
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram