"Ўзбекистон – бориб кўриш шарт бўлган ўлка"
05 август 2021 й.
730 марта ўқилди.

 
"Ўзбекистон – бориб кўриш шарт бўлган ўлка"
 
Туркиядаги оммабоп электрон нашрдан бири – «haberakdeniz.com» сайтида ўзбек диаспорасининг фаол вакили, профессор Салиҳ Айнуралнинг «Ўзбекистон - бориб кўриш шарт бўлган ўлка» сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Материалда мамлакатимизнинг бой тарихий мероси, туризм салоҳияти, муқаддас ислом дини билан боғлиқ қадамжолари ва бугунги замонавий ривожланиши батафсил қаламга олинган. Мақолада таъкидланишича, қадим маданиятлар чорраҳаси бўлган Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан умумий чегарадош.
«Ўзбекистон тарихий, маданий меъроси жиҳатидан Марказий Осиё давлатлари орасида энг бой мамлакатдир, - деб ёзади муаллиф. - Айниқса, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз осмон остидаги очиқ шаҳар-музейлар сифатида эътироф этилади. Бу шаҳарларда бўлсангиз, кўчаларида кезсангиз ўзингизни тарихга тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Тасаввур қилинг, Самарқандни айланиб юриб, мактабда ўрганганларингиз, китоблардан ўқиб ҳайратланган Улуғбекнинг расадхонасига дуч келасиз. У дамда ўзингизни фазо қаърида ҳис қиласиз. «Зижи жадиди Кўрагоний» жадвалидаги 1018 та юлдузга саёҳат қилгандек тассаввур қиласиз».
Нашрда бутун ҳаёти давомида бир марта ҳам енгилмаган, қудратли давлат барпо этган Соҳибқирон Амир Темур ҳақида алоҳида маълумотлар ўрин олган. «Самарқандга борганингизда Амир Темур мақбарасини, Мирзо Улуғбек, Тиллакори ва Шердор мадрасаларини, албатта, томоша қилинг. Дунё илмига улкан ҳисса қўшган ва Ўзбекистонда туғилган Беруний, Хоразмий, Ибн Сино, Фарғоний, Улуғбек ва Али Қушчидек мутафаккир олимлар билан айни ҳаводан нафас олгандек бўласиз», – дея қайд этилади материалда.
“Самарқандга борганда туркий халқлар илм ва тафаккурга қанчалик аҳамият бергани ва олимларни не чоғли эъзозлаганини юракдан шоҳид ҳис қиласиз. Буюк алломалар Имом Бухорий, Мотуридий, Термизий, Баҳоуддин Нақшбандий ва Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳазратларининг мақбаралари ёки Қусам Ибн Аббоснинг қабрлари жойлашган Шоҳи Зинда ансамблини зиёрат килсангиз ўзингизни худди илоҳий оламда ҳис қиласиз. Шунинг учун, Ўзбекистон фақатгина Туркия халқининг эмас, бутун ислом оламининг бориб кўриши керак бўлган мамлакат сифатида аҳамиятлидир”, - деб таъкидлайди муаллиф.
«Бухорода Минораи Калон, Чор минор, Арк қалъаси, Сомонийлар мақбараси, Мир Араб, Нодир Девонбеги, Абдулазизхон мадрасалари жойлашган. Хивадаги Ичан қалъа, Исломхўжа минораси ва Калта минор, Муҳаммад Аминхон ва Шерғозихон мадрасалари, қадимий Жума масжиди мажмуаси, Қўхна арк қалъасида эса эртаклар оламининг нафасини туясиз», - деб ёзади турк олими.
Мақолада ёзилишича, пойтахт Тошкентга келганингизда замонавийлик ва тарихни ўзаро уйғунлашганини кўрасиз. Тошкент ўзининг кенг йўллари, ям-яшил боғлари ва кўркам бинолари билан Туркия учун наъмуна бўла оладиган шаҳардир.
«Қисқаси, Ўзбекистон биз учун табиат гўзалликлари, тарихий ва маданий бойлиги ҳамда муштарак қадриятлари нуқтаи назаридан бориб кўрилиши керак бўлган ўлкаларнинг аввалида туради. Ўзбекистонга борганингизда ўзингизни зинҳор бегона ҳис қилмайсиз», - деб ёзади Салиҳ Айнурал.
Мақоланинг тўлиқ шакли билан https://www.haberakdeniz.com.tr/haber-mutlaka-gorulmesi-gereken-kardes-ulke-ozbekistan-53818.html ҳаволаси орқали танишиш мумкин.
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:35
Куёш: 07:15
Пешин: 13:10
Аср: 16:10
Шом: 17:45
Хуфтон: 19:25
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram