ИСЛОМНИ ГЎЗАЛ КЎРСАТИШ – МУСУЛМОННИНГ БУРЧИДИР!
22 июл 2024 й.
343 марта ўқилди.

 ИСЛОМНИ ГЎЗАЛ КЎРСАТИШ – МУСУЛМОННИНГ БУРЧИДИР!

بسم الله الرحمن الرحيم
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин!

Динимиз  ҳусни хулқли, хуш муомалали, ўзаро меҳр-оқибат, катталарга иззат-ҳурмат, кичикларга эса раҳм-шафқатли бўлиш, ўзгани айб-нуқсонларини ва саҳв-хатоларини кечириш каби гўзал ахлоқларга чақиради. Динимизнинг ҳаётбахш ва ўлмас қадриятлари мана ўн беш асрдирки, ҳамон бутун башарият назарида ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлиб келмоқда. Гўзал хулқли бўлиш – пайғамбарлар, сиддиқлар ва солиҳ зотларнинг хулқларидан бўлиб, бу билан киши буюк мақом ва мартабаларга эришади.  Барча гўзал хулқлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламда мукаммал ва бенуқсон ҳолда ўз аксини топган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло У Зотни мақтаб бундай деган: 
وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ
яъни: Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз! (Қалам сураси 4-оят). 
Хулқ сўзи инсоннинг феъл-атвори, фазилатли хислати ва одоби каби маъноларни билдиради. Динимиз ахлоқ ва эзгулик динидир. Чунки пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари улуғ ахлоқ эгаси бўлганлар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча ишлари буюк бўлган. У Зотнинг ҳаётлари ўзи буюкликка тўла. Оиша разияллоҳу анҳо онамиздан Пайғамбаримиз алайҳиссалом хулқлари тўғрисида сўрашганда: 
كَانَ خُلُقُ نَبِيِّ اللَّه ﷺ الْقُرْآنَ  (رواه الإمام مسلم)
яъни: “Аллоҳ пайғамбарининг хулқлари Қуръон эди”, – деб жавоб берганлар. (Имом Муслим ривоятлари). 
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари: “Мен яхши хулқларни  мукаммал қилиш  учун юборилганман”, – деб марҳамат қилганлар. 
Шунингдек,  у Зот:
إِنَّ المُؤمِنَ لَيُدْرِكُ بِحُسْنِ خُلُقِهِ دَرَجَةَ الصَّائِمِ القَائِمِ (رواه الإمام أبو داود)
яъни: “Мўмин яхши хулқи билан кундузи рўза тутиб, кечаси намоз ўқийдиган кишиларнинг мартабасига етади”, деганлар (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳар бир мўмин мусулмон учун улкан тарбия мактабидир. У зоти шарифнинг ҳаёт йўлларини қунт билан ўрганиб чиққан ҳар бир инсон албатта, бунга амин бўлмай чораси йўқ. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
«(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир» (Аҳзоб сураси, 21-оят) деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни барча мўмин мусулмонларга намуна бўлишга энг лойиқ зот эканликларини баён қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам камтарлик бобида ҳам ниҳоят даражада юксак ўрин тутганлар. 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар: «Менга фарзларни адо этиш буюрилгани каби, инсонларга хушмуомалада бўлиш ҳам буюрилди... Инсонларга хушмуомалада бўлиш садақадир» деганлар.
Дарҳақиқат, яхши муомала ва самимий муносабат қалбларга севинч бағишлайди. Севгига тўла қалблар фақат яхшилик истайди. Ҳамсуҳбатингиз қалбига севинч тақдим этишингиз гуноҳларингиз кечирилишига сабаб бўлади. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратларидир.
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Менга насиҳат қилинг» деди. «Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳдан қўрқ» дедилар. «Яна кўпайтиринг», деди. «Ёмонлик орқасидан яхшилик қил, у ёмонликни ўчиради» дедилар. «Яна кўпайтиринг», деди. «Инсонларга чиройли хулқ билан муомалада бўл», дедилар.
Демак, инсонларга чиройли хулқ билан муомалада бўлиш - бу одамийлик зийнати экан. Шу хусусда Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Амалларнинг қай бири афзалроқ?» деб сўраганда, ул зот: «Чиройли хулқ», дедилар.
Бошқа бир Ҳадиси шарифларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Албатта, Аллоҳ таоло яратилишингизни чиройли қилиб қўйган кишиларсиз, энди хулқингизни ҳам чиройли қилинглар» дедилар.
Луқмони Ҳакимнинг ўғли отасига: «Эй отажон, инсон учун қайси хислат яхшироқ?» деди. Отаси: «Дин», деб жавоб берди. «Агар хислат иккита бўлса-чи?» деб сўради. Отаси: «Дин ва мол», деди. «Агар учта бўлса-чи?» деди ўғли. Отаси: «Дин, мол ва хаё», деди. Ўғил: «Агар тўртта бўлса-чи?» деди. Отаси: «Дин, мол, хаё ва чиройли хулқ», деди. «Агар бешта бўлса-чи?» деди ўғли. Отаси: «Дин, мол, хаё, чиройли хулқ ва сахийлик», деб жавоб берди. Ўғил яна: «Олтита бўлса-чи?» деб ҳам сўраган эди, Луқмони Ҳаким: «Эй ўғлим, агар инсонда мана шу беш хислат жамланса, у покиза, тақводор, Аллоҳга дўст ва Шайтондан узоқ бўлади» деб жавоб қилди.
Мана шу бешта хислатлар борлиги ҳам мўминлик сифатларидандир.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсоннинг қилаётган ибодатлари бир қуш бўлса, гўзал хулқ уни юксакларга олиб чиқадиган қанот ҳисобланади. Қаноти синган қуш парвоз қила олмаганидек, гўзал хулқсиз ибодатларнинг манфаати ҳам кам бўлади. Балки, юқорида ҳадиси шарифларда айтилганидек, амалларни ўзгалар ҳисобига ўтиб кетишига сабаб бўлади. Шунинг учун мўмин-мусулмон инсон ўз хулқ ва одобини талаб даражасида бўлишига ҳаракат қилиши лозим. 
Отабек домла Раҳимов
Ромитан туман бош имом-хатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:55
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:10
Шом: 18:55
Хуфтон: 20:25
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram