ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “АЛ-АДАБ АЛ-МУФРАД” АСАРИ МОҲИЯТИ
05 март 2024 й.
«орқага
568 марта ўқилди.
ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “АЛ-АДАБ АЛ-МУФРАД” АСАРИ МОҲИЯТИ
Ҳадис илмининг султони Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий (194-256 ҳ. / 810-870 м.) йилларда яшаб ўтган буюк муҳаддис, фақиҳ ва дунё тан олган олимдир. Ислом дунёси уламолари “Саҳиҳ ал-Бухорий” номи билан машҳур бўлган “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асарини Аллоҳ таоло инсониятни ҳидоятга бошлаш учун нозил қилинган Қуръони Каримдан кейинги энг ишончли китоб эканини таъкидлашган. Имом ал-Бухорий авлодларга бой ва қимматли илмий мерос қолдирган бўлиб, ёзган асарларининг сони йигирматадан ошиқдир. Ушбу асарлардан бири одоб-ахлоқ масалаларига доир ҳадислар тўплами “Ал-Адаб ал-Муфрад”, (“Одоблар дурдонаси”) номли асаридир.
Имом Бухорийнинг иккинчи бош асари бўлмиш “Ал-Адаб ал –Муфрад”, набавий суннатлардаги ворид бўлган ислом одоб-ахлоқларини қамраб олган буюк асар ҳисобланади. Ушбу асарда саҳобалар ва тобеинлар сўзлари ҳам келтирилган. Асарда инсон ҳаёти учун керак бўлган барча одоблар келтирилган бўлиб, инсон ўзини бу асарсиз тасаввур қила олмайди. Бу одоблар инсон ҳаётини яхшиликка ўзгартира олади, зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барчага ибратдирлар. Аллоҳ таоло: “Ва албатта, сен буюк хулқдасан”, деди. (Қалам сураси, 4- оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта гўзал хулқларни мукаммал қилиш учун юборилдим", дедилар.
Ойша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хулқлари тўғрисида сўралганда. "Хулқлари Қуръон эди”, деб жавоб берганлар.
Ибн Ҳажр раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу асар саҳиҳ тўпламда келтирилмаган ҳадисларни ҳам ўз ичига олган, оз бўлсада мавқуф асарлар (саҳобалар ва тобеинлар сўзлари) мавжуд бўлган ва фойдаси жуда катта асар ҳисобланади”, деди.
Шайх Абдуссалом Муборакфурий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу китоб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одоб ва ахлоқларини ўргатадиган, инсонни инсон бўлиб камол топишга чорлайдиган буюк асардир. Хоссатан, шу кунларимизда жуда ҳам зарурдир”, деди.
Ушбу асарда 644 боб бўлиб, 1322 ҳадислардан иборатдир. Асар ўз йўналиши бўйича ягона бўлиб, барча мусулмонларга лозим бўлган ақида, усулид-дин, илм фазилати, одамлар ҳуқуқи, кўрсатмалар, зуҳд ва одобларни жамлаб олгандир.
Имом Бухорий ушбу асарда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган барча одобларни ва қайтарган қайтариқларни жамладилар. Имом Бухорий асарларидаги биргина “Ота-онага яхшилик қилиш” мавзусига тегишли 24 та бобни, “Силаи раҳм” мавзусига тегишли эса 14 та бобни келтирганлар. Бу эса Имом Бухорийнинг ҳадис илмининг султони, нозик табиби ва ҳадис илмининг сирларини хабардори эканликларига далолатдир.
Буюк олим Хатиб Бағдодий ва Имом Заҳабий ушбу асарнинг номи “Одоблар китоби” бўлган десалар, бошқа алломалар китобнинг номи “Одоб дурдоналари” бўлган дейдилар. Имом Бухорий бу асарни бобларга бўлиб, келтирган ҳадисларига мувофиқ ҳар бирни номладилар. Бу эса Имом Бухорийнинг буюк фақиҳ яьни яъни фиқҳ илми билимдони эканликларига далилдир. Барча уламолар Имом Бухорийнинг боблардаги келтирган мавзулари, у зотнинг фақиҳ бўлганларидандир, деганлар.
Имом Бухорийнинг баъзи ҳадисларни такрор келтиришлари шу ҳадиснинг матни ва санади бошқа бобларда ҳам мувофиқ келишидадир. Ушбу асарни биринчи бўлиб ўзбек тилига таржима қилиб шарҳлаган олим, Шайҳ Муҳаммад Содик Муҳаммад Юсуф ҳазратларидир. Ушбу асар илм аҳли ва илм изланувчилар орасидаги энг машҳури бўлиб, асардаги барча ҳадисларни кўплаб илм аҳли ёд оладилар.
Асардаги шарҳлар:
1.“Фазлуллоҳ ас-Самад фи-тавзиҳ ал-Адаб ал-Муфрад”. Шайҳ Фазлуллоҳ ал-Жилоний.
2.“Рашшул барди шарҳу ал-Адаб ал-Муфрад”. Доктор Муҳаммад Луқмон.
3.“Шарҳу саҳиҳ ал-Адаб ал-Муфрад”. Шайх Ҳусайн Авда.
4.“Завоид ал-Адаб ал-Муфрад ала ал-Кутуб ас-Ситта”. Ҳофиз ибн Ҳажар.
5.“Канзул одаб шарҳу китаб ал-Адаб ал-Муфрад”. Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қиламан, Пайғамбаримизнинг гўзал хулқлари билан хулқланаман деган инсон, бу асарни ўқиши ва яхши тушуниши лозим.
Жобир домла Элов
Бухоро вилояти бош имом-хатиби,
Мир Араб олий мадрасаси ректори