БУХОРОГА ТАЪЗИМ АЙЛАГАН ҲУКМДОР
10 апрел 2020 й.
«орқага
1342 марта ўқилди.
БУХОРОГА ТАЪЗИМ АЙЛАГАН ҲУКМДОР
Бухоро қадим замонлардан буён маданият ва маърифат, илмли ва донишманд кишилар жамланган шаҳар сифатида шуҳрат қозонган. Қай бир салтанат ёхуд империя бўлмасин, шаҳар барчасининг маъмурий маркази, пойтахти бўлиб хизмат қилган. Турк хоқонлиги, Сомонийлар сулоласи даври ва бошқалар шулар жумласидандир. Айниқса, Темурийлар даврида Бухорога алоҳида эътибор қаратилган. Давлатимиз раҳбари Бухоронинг 2500 йиллик юбилей тантаналарида сўзлаган нутқида, “Бухоро Темурийлар даврида гуллаб яшнади. Жаҳон майдонида энг мўттабар шаҳарлардан бири даражасига кўтарилган бу шаҳар ҳам диний, ҳам дунёвий илмлар маркази сифатида ном чиқарди”, деган фикрларни билдирганди.
Ҳақиқатдан ҳам, Темурийлар салтанатининг пойтахти Самарқандга ҳам масофа ҳамда маънавий жиҳатдан яқин бўлган Бухорога Темур ҳар гал ташриф буюрганида, дарвоза олдида отдан тушиб, Арккача пиёда борган. Бу унинг азиз авлиёларга ва волидайи муҳтарамаси Тегинабегим Моҳни дунёга келтирган шаҳарга нисбатан юксак ҳурмати ифодасидир. Бухорога Самарқанддан кейинги иккинчи марказ деб қаралиб, у ерда шахсан Темурнинг амр-у фармони билан саройлар, масжидлар, хонақоҳлар, савдо расталари ва бошқа иморатлар кўтарилган. Шарқ ва Ғарбни боғлаб турувчи Буюк Ирак йўли чорраҳасида жойлашган Бухоро катта савдо ҳунармандчилик марказига айланади.
Темур ва ундан кейинги темурий ҳукмдорлар даврида Бухорода илмий ва адабий ҳаёт равнақ топиб, бухоролик олим-у фузалолар салтанат маънавий муҳитида катта рол ўйнашган. XIV аср охири XV бошларида Бухорода Носир Бухорий, Муҳаммад ал-Бухорий, Хўжа Исмат Бухорий, Саъдуддин Тафтазоний, Муҳаммад Порсо каби алломалар яшаб ижод этганлар.
Амир Темурнинг Бухоройи Шариф ҳақида ғамхўрлик қилганини XIV асрдан то ҳозиргача авлоддан авлодга ўтиб келаётган бир ривоятдан англаш қийин эмас. Соҳибқирон 1387 -йили Шероз шаҳрини эгаллагандан сўнг, бу шаҳарнинг энг забардаст шоири ҳисобланмиш Ҳофиз Шерозийни ўз ҳузурига чақиртириб, қуйидаги машҳур матлаи билан бошланадиган ғазални эслатади:
Агар он турки Шерози ба даст орад дили моро,
Ба холи ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухоро.
Яъни:
Агар кўнглимни олсайди ўшал Шероз жонони,
Қора холига бергумдир Самарқанду Бухорони.
“Ҳофиз” лақаби билан машҳур шоир Шерозий ўз ғазалининг шу байтида Амир Темур бутун умри давомида куч-ғайратини ишга солиб, обод қилган Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини ўзи яхши кўрган жононнинг бир дона қора холига бериб юбормоқчи бўлган эди. Ғазални ёзган шоирнинг бундай тантилиги, сахийлигидан дарғазаб бўлган Соҳибқирон дарҳол уни топиб келишларини буюради. Бу вақтда ёши олтмишлардан ошган, устига эски жанди кийган, аҳволи ночор шоирни Амир Темур ҳузурига олиб келишганида у шоирга ўта норозилик оҳангда:
- Мен Самарқанд билан Бухоронинг донғини кўтариш учун қанча мамлакат ва халқларни забт этсаму, сен уларни қандайдир бир жононнинг битта холига туҳфа қилиб юборсанг! Бунга қандай ботиндинг? – дейди.
- Эй Соҳибқирон! – дебди бунга жавобан шоир. – Эгнимдаги жандамга, аҳволимга қара! Шундай исрофгарчилигим мени охири шу аҳволга солиб қўйди-да!
Шоирнинг Соҳибқирон олдида ўзини йўқотмай, ҳазил билан шундай чиройли, ҳаққоний жавоб қилгани Амир Темурга хуш келиб, шоирга инъом-иноятлар қилган ва у яна беозор ўз уйига қайтиб кетган экан. Бу мисолда ҳақиқат парчаси шундан иборатки, Темур Самарқанд билан баробар Бухоро обрўйи, мавқеи, шуҳратини кўтариш учун катта хизматлар қилган.
Амир Темур даврида Бухорода кўплаб обидалар барпо этилган. Намозгоҳ масжиди, Чашмаи Аюб, карвонсарой, работлар ва бошқалар. Аҳамиятлиси шундан иборатки, Темур вафотидан кейин ҳам Бухорога эътибор сусаймаган. Айниқса, Соҳибқироннинг суюкли невараси Мирзо Улуғбек шариф шаҳарнинг илмий-маърифий қимматини янада юксалтириш мақсадида қатор ишларни амалга оширган. Бу юртда иккита мадраса бунёд эттирган. Жумладан, 1417 - йилда Бухорода, 1433 - йилда Ғиждувонда барпо этилган.
Амир Темур ўз давлатини жаҳоннинг буюк салтанатлари қаторига қўшган экан, Бухорони ҳам бу жаҳоний шаҳратга эришувида ўзининг бор куч ва имкониятларини сафарбар этган.
Шавкат БОБОЖОНОВ,
ЎзР ФА Тарих институти таянч докторанти