Бухоронинг буюк зотлари
27 январ 2020 й.
1212 марта ўқилди.

 Бухоронинг буюк зотлари

(Сайфиддин Бохарзий. Шайхул олам.)

Бухоройи шариф азалдан олимлар,фозиллар,авлиёларга ватан бӯлган улуғ шаҳардир.Бу шариф шаҳарда юзлаб валийлар, Аллоҳнинг дӯстлари яшаб,ӯзларидан кейин биз авлодларга катта маданий,маънавий мерос қолдирдилар.Мана шундай буюк зотлардан бирлари Сайфиддин Бохарзийдирлар.

Сайфиддин Бохарзий  Имом, пешво, Хуросон шайхи Сайфиддин Абул Маъолий Саъид ибн Мутоҳҳар ибн Саъид ибн Али Қоидий Бохарзий.

Бухорода истиқомат қилганлар.

Имом, муҳаддис, тақводор, зоҳид, суннатга – ҳазрати пайғамбарнинг изларига эргашганлардан. Номлари тўрт иқлимга машҳур. Қалблардан ўрин олган беназир олим. Шайх Нажмиддин Хивақий, яъни Нажмиддин Куброни устоз деб билганлар.

Ривоятларда айтилишича, у киши Бағдодга келганларида 11 ёшда бўлганлар. Ибн Жавзийдан дарс эшитганлар.

586 йили шаъбон ойининг 9-кунида таваллуд топганлар. Милодий йил ҳисобида 1190-йилда Эроннинг Бохарз (Бохарз – Найсобур билан Ҳирот ўртасидаги бир вилоят)шаҳрида туғилиб 1261 йилда Бухорода вафот қилганлар.

Ибн Фуватий “Муъжамул алқоб” китобларида у киши ҳақларида шундай зикр қилганлар: “Бохарзий муҳаддис, ҳофиз, зоҳид, воиз, ҳайбатли шайх, ориф, тақводор, фасоҳат соҳиби бўлиб, сўзлари дуру маржон каби эди. У киши тасаввуф хирқасини Абу Жанноб Хивақий(Нажмиддин Кубро)дан олиб кийдилар.

Ибн Фуватий айтганлар: «Бохарзийнинг таржимаи ҳолларини шайхимиз Минҳожиддин Насафийнинг китобларидан ўқидим. У киши Бохарзий ҳақларида: “Феъллари билан одамларни одобга чақирувчи, ҳар бир нарсани ҳадисга мувофиқ бажарувчи, такаллуфдан холи, илмлари ва фазилатлари тўлиб тошган денгиздек, ҳақиқат илмида замондошлар ва авлодлар фахр қиладиган даражада эдилар. У киши улуғвор ва ҳайбатли бўлиб, номлари мусулмону кофир ўртасида танилганди. Мовароуннаҳр ва Туркистонда ҳадис илмини ёйдилар ва уни ривожлантирдилар. Ўша пайтдаги баъзи олимлар илмий тортишувлар ва ихтилофий масалаларда машҳур бўлсалар-да, аммо уларнинг айримлари амалда ундан йироқ эдилар. Бу киши эса ўша юртларда ҳадислар нурини таратдилар.

У киши Нажмиддин Кубро, Баҳовуддин Саломиҳий, Тожиддин Маҳмуд Ашнаҳий, Саъдиддин Сарром Ҳаравий, Мухтор Ҳаравийларни устоз тутганлар ва улардан дарс олганлар.

Ёшликларида ҳаж қилдилар. Сўнгра Бағдодга келдилар. Саҳарвардийдан сабоқ олдилар. Хуросонда Муаййид Тусий, Фазлуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Нуқонийдан илм ўргандилар. Шайхул ислом Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ал-Ҳидоя” китоблари юзасидан у кишининг ўғиллари Жалолиддиндан дарс тингладилар. Сўнгра Хоразмга бордилар. Бухорода Маҳбубий, Кардарий, Абу Рушайд Асбаҳонийлардан таълим олдилар. Мўғуллар Бухоро ва бошқа шаҳарларни хароб қилганда, Нажмиддин Кубро ўз халифаларининг бу ерлардан Хуросон томонларга кетишларини буюрдилар. У кишининг муридлари орасида Саъдиддин ҳам бор эдилар. Нажмиддин Кубро бу кишини Бохарзий билан биродарлаштирдилар. Бохарзийга: “Мовароуннаҳр томон боринг”, – деб айтдилар. Ўша кунларда Хоразмшоҳ қочган эдилар. Сайфиддин Бохарзий Бухорога келдилар. Бухоро батамом ёниб бўлган, истиқомат қиладиган жой қолмаган эди. Бохарзий одамларни йиғиб, уларга  “Саҳиҳи Бухорий”ни ўқиб бердилар. Бу киши уни 622 йилда Жамолиддин Убайдуллоҳ ибн Иброҳим Маҳбубийдан эшитган эканлар. Сўнгра Бухорода яшадилар. У ерда панд-насиҳат, ваъз ва таълим билан машғул бўлдилар. Баъзилар у кишига ҳасад қилиб, эътиқодларига шубҳа билан қарадилар.

Бохарзий тасбеҳ намозини жамоат билан ўқирдилар. Аҳли тасаввуфнинг само ҳалқаларида ҳозир бўлардилар. Маҳмуд Ялавоч Бухорога “қилон” тўловини йиғиш учун келади. Қилон – ҳар бир одам бошига солинадиган бир дирҳамлик хирож, тожирларга эса ушр қўйиш. Маҳмуд Ялавоч Сайфиддин Бохарзийнинг ҳузурларига кирдилар. Бохарзийнинг юзлари тўлин ой каби ёришиб турган эди. Шайх ниҳоятда чиройли бўлганликларидан Нажмиддин Кубро у кишига юзларини ёпиб юришни тавсия қилган эдилар.

Бохарзийга Ялавочнинг меҳрлари тушиб, минг дирҳам ҳадя қилдилар. Бохарзий бунга қиё ҳам боқмадилар.Чунки бу улуғ зотларнинг қалбларида дунё ва унинг молига заррача муҳаббат йӯқ эди.

                                                                 Манбалар асосида: 

                                                                    Равшан Камолов

                                           Бухоро шаҳар "Сайфиддин Бохарзий" масжид

                                                            имом хатиби  тайёрлади.

                              

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:00
Куёш: 05:47
Пешин: 13:10
Аср: 18:00
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram