БУЮК БАХТ
07 феврал 2023 й.
562 марта ўқилди.

 БУЮК БАХТ

Бандаларини беҳисоб неъматлар ила неъматлантирган Аллоҳ таолога яратган махлуқотлари ададича ҳамдлар бўлсин. Умматларига Аллоҳни танитган ва башариятни ҳидоятга чорлаган оламларга раҳмат бўлган Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин. 
Аллоҳга шукурлар бўлсинки, бизларни иймон неъмати ила неъматлантирди. Зотан, бу дунёда инсониятга берилган энг буюк неъмат айни мана шу неъматдир. Қиёматда ушбу иймон ўз эгасига гувоҳлик бериб, жаннатга киришига сабаб бўлади. Лекин дунё ҳаётида шундай инсонлар борки, уларда иймон бору унга амал йўқ. Аллоҳ томонидан берилган бу буюк неъматни қадрлаш йўқ. Дунё матоҳи кўзини кўр қилиб иймон лаззатидан узоқ бўлганлар ҳам йўқ эмас афсуски. Бу каби инсонларга динимиз қандай қарайди, уларнинг қиёматдаги ҳолати қандай бўлади каби саволларнинг хаёлга келиши табиий. 
Динимиз таълимотига кўра биз биламизки, Аллоҳни Ҳақ деб билган ҳар бир банда жаннатга киради. Лекин, иймонини муҳофаза қилган ва иймонига амал қилган инсон билан иймонини хорлаганлар орасидаги фарқ қаерда қолади деган савол туғилиши табиий. Бунга динимиз пешволари, Пайғамбаримиз меросхўрлари бўлган шариъат олимларимиз қуйидагича жавоб берадилар: “Ҳар бир банда амалига мувофиқ қиёматда ёки мукофотланади, ёки жазоланади. Худди шунингдек, ҳоли ҳаётлик вақтида мўмин-мусулмон банда унга Роббиси буюрган амалларни тамоман мукаммал адо этган бўлса, Аллоҳ уни ҳеч қандай азобсиз ва қийноқсиз жаннатга киргизади. Аммо, номигагина мусулмон бўлиб, ибодатдан йироқ бўлган, Роббисига осийлик қилган банда энг аввало қилган гуноҳларига яраша дўзахдаги насибаси бўлмиш азоб билан азобланиб сўнгра гуноҳлардан поклангач Аллоҳ уни жаннатга йўналтиради”,-дейдилар. Бунга мисол қилиб, Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни далил қилишимиз мумкин: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Жаннатга охири бўлиб бир киши киради. У Сирот устида гоҳ юриб, гоҳ қоқилиб, гоҳ ўт уни домига тортиб, шу ҳолда ўтиб келади. Ундан ўтиб олгач, ортига қайрилиб қараб: «Мени сендан қутқарган Зот буюкдир. Аллоҳ менга аввалгилару охиргилардан бирон кишига бермаган неъматини берди», дейди. Шунда унга узоқдан бир дарахт қўрсатилади.
— «Эй Роббим, мени ўша дарахтга яқинлаштирсанг, соясида ўтирсам ва сувидан ичсам», дейди.
— «Эй одам боласи, агар тилагингни сенга берсам, Мендан қайтиб бошқа нарса сўрамайсанми?», дейди Аллоҳ азза ва жалла.
— У: «Йўқ, эй Роббим (бошқа нарса сўрамайман)», дейди ва бошқа ҳеч нарса сўрамасликка ваъда беради. Банда ўзи сабр қилолмайдиган нарсани кўраётгани учун Робби унинг узрини қабул қилади ва уни ўша дарахтга яқинлаштиради. Банда дарахт соясида ўтириб сувидан ичади. Кейин унга бунданда чиройлироқ бир дарахт кўрсатилади. Шунда у:
— «Эй Роббим, мени бунисига ҳам яқинлаштирсанг, соясида ўтирсам ва сувидан ичсам. Сендан бошқа ҳеч нарса сўрамайман», дейди.
— «Эй одам боласи, ҳалигидан бошқа нарса сўрамасликка ваъда бермаганмидинг? Агар ҳозир сени бу дарахтга ҳам яқинлаштирсам, Мендан яна бошқасини ҳам сўрарсан?», дейди. У бошқа нарса сўрамасликка аҳд беради. Сабри етмайдиган нарсани кўраётгани учун Робби унинг узрини қабул қилади ва уни ўша дарахтга яқинлаштиради. Банда унинг соясида ўтиради ва сувидан ичади. Кейин жаннат эшиги олдида унга аввалги иккисидан ҳам чиройлироқ бир дарахт кўрсатилади.
— «Эй Роббим, мени бунга ҳам яқинлаштирсанг, соясида ўтирсам ва сувидан ичсам, бундан бошқа нарса сўрамайман», дейди банда. Шунда Аллоҳ:
— «Эй одам боласи, бошқа нарса сўрамайман, деб ваъда бермабмидинг?», дейди. Банда:
— «Ҳа, шундай қилгандим. Эй Роббим, шуни ҳам бергин, кейин бошқасини сўрамайман», дейди. У сабри етмайдиган нарсани кўраётгани учун Робби унинг узрини қабул қилади ва уни ўша дарахтга яқинлаштиради. Банда дарахтга яқинлашгач, аҳли жаннатларнинг товушларини эшитиб қолади ва:
— «Эй Роббим, мени ҳам жаннатга киргизсанг», дейди.
— «Эй одам боласи, нима қилсам сўрашни бас қиласан, бутун дунёни ва унга қўшиб яна шунчасини берсам рози бўласанми?», дейди Аллоҳ. Банда:
— «Эй Роббим, Сен оламлар Робби бўла туриб менинг устимдан куляпсанми?», дейди...
Шу сўзларни айтиб, Ибн Масъуд кулдилар ва «Нима учун кулаётганимни сўрамайсизларми?», дедилар.
«Нима учун кулаяпсиз?», дейишди. «Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам худди шундай кулгандилар. Асҳоблар: «Нима учун куляпсиз, ё Расулуллоҳ?», дейишганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банданинг: «Сен оламлар Робби бўла туриб менинг устимдан куляпсанми?» деганида Аллоҳ Роббул оламийн кулгани учун», дегандилар».
Аллоҳ бандага:
— «Сенинг устингдан кулмайман. Лекин Мен хоҳлаган ишимни қилишга қодирман», дейди» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Аллоҳнинг бандасига бўлган меҳрибонлигини қарангки, жаннатга энг охирги бўлиб кирувчи инсонга шунча лутфу карам қилмоқда. Ана энди, жаннатга илк киргувчи пешқадамларга Аллоҳни марҳамати қандай бўлади деган хаёл инсонни тинч қўймайди. Аслида, жаннатга энг охирги бўлиб кириш ҳам бу бахт албатта. Лекин, Роббисининг фазли ила Пайғамбарининг шафоатига дохил бўлиб киришдек юксак бахт йўқдир инсон учун. Аллоҳ барча мусулмонларга мана шундай буюк бахтни насиб этсин.
Бухоро шаҳар “Саид по Банди Кушо”
масжид имом-хатиби Яҳёев Нуруллоҳ
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:58
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram