Инсониятнинг буюк кашфиёти
04 феврал 2026 й.
316 марта ўқилди.

Инсониятнинг буюк кашфиёти

Ислом дини илк бошданоқ жаҳолатга қарши маърифат билан курашган диндир. Қуръони каримнинг илк ояти ҳам “Ўқи!” деган амр билан нозил бўлган. “Қуръон” сўзининг маъноларидан бири ҳам “ўқиш” демакдир. Бунинг ўзиёқ муқаддас динимиз таълимотларида ўқиш, мутолаа қилишга бўлган эътибор ва аҳамият нақадар юксак эканини кўрсатади.

Шу боис ҳам ислом таълимотини тўғри англаган, уни қалбига сингдирган бобокалонларимиз ёшликлариданоқ ўқиш-ёзишга, мутолаага, диний ва дунёвий илмларни эгаллашга катта аҳамият берганлар. Натижада улар жаҳон тамаддуни ва илм-маърифат ривожига беқиёс ҳисса қўшиб, бебаҳо илмий мерос қолдирдилар. Ўзларидан кейин то қиёматга қадар ўчмайдиган, мангу из қолдирдилар.

Ростдан ҳам, агар китоб бўлмаганида, бошқа кашфиётлар қай тарзда юзага келар эди, деган савол туғилади. Не-не мўъжизалар яратилиши баробарида миллатнинг асрий қадриятларини асраб қолишда ҳам мутолаанинг ўрни беқиёс бўлганига мисоллар бисёр. Неча минг йиллардан буён инсонларни тўғри йўлга бошлаб келаётган, уларнинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли ва бахтли бўлишининг муҳим омили — китобга дўст бўлиш ва мутолаани ҳаёт тарзига айлантиришдир.

Донишмандлардан бирига: “Инсон китоб ўқиш орқали саодатга эришиши мумкинми?” деб савол берилганда, у: “Китоб ўқишнинг ўзи саодатдир”, деб жавоб берган экан.

Албатта, китоб ўқиб фикр юритишдан кўра, қўлига пульт олиб телевизор кўриш ёки ноутбукни очиб, виртуал оламга шўнғиш анча осон. Бироқ олимлар бундай одатларнинг зарарли жиҳатларини, китоб мутолаасининг эса беқиёс фойдасини таъкидлаб келмоқдалар. Бугун ахборот асрида турли гаджетлар ҳаётимизга чуқур кириб келди. Оила даврасида китоб мутолааси сусайиб бормоқда. “Қуш уясида кўрганини қилади”, деганларидек, ота-онанинг қўлидан телефон тушмаса, фарзанддан китобхонликни кутиш қийин. Китоб ўқимаган инсон эса аста-секин маънавий жиҳатдан қашшоқлашиб боради.

2026 йил 15 январь куни “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–9-сон) имзоланди. Ушбу қарорга мувофиқ, Ўзбекистонда Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Шунингдек, 2026–2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражасини, яъни бир инсон томонидан ўқиладиган китоблар сонини йилига ўртача 10 тага етказиш мақсад қилинган.

Соҳибқирон Амир Темур бобомиз таъбири билан айтганда: «Китоб (битиг) — барча бунёдкорлик, яратувчилик, ақл-идрок, илм ва донишнинг асосидир, ҳаётни тарбияловчи мураббийдир». Зеро, китоблар миллий ўзликни англаш ва умуминсоний қадриятларни тарғиб этишга хизмат қилади.

Ота-боболаримиз хонадонларда Машраб, Навоий, Бедил каби буюк мутафаккирлар асарларини завқ билан мутолаа қилганлар. Фарзандлар эса китобхонлик давраларида иштирок этган. Бу эса ёшларда китобга муҳаббат уйғонишига сабаб бўлган.

Бугун фарзандларимизга Имом Қатода раҳимаҳуллоҳнинг бир туя юкича китобни ёд олганини, Имом Шаъбийнинг: “Оқ нарсага ёзилган ҳар бир нарсани ёд олдим”, деган сўзларини, Ашраф Али Таҳонавийнинг қисқа умри давомида бир ярим мингга яқин асар ёзганини, Ибн Рушд умрида фақат икки кеча — уйланган ва отаси вафот этган кечалардагина китоб ўқий олмаганини тез-тез эслатиб туришимиз зарур. Ана шундагина улар китобга ошно, маърифатли авлод бўлиб камол топадилар.

Бухоро тумани “Чаҳор Бакр” жоме масжиди
имом ноиби Иззатуллаев Комилжон
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:10
Куёш: 07:00
Пешин: 13:10
Аср: 17:15
Шом: 18:55
Хуфтон: 20:15
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram