Деҳқончилик- ризқ калити.
14 апрел 2020 й.
1071 марта ўқилди.

 

Деҳқончилик- ризқ калити.

Одамзод яратилиб, Жаннатдан маълум сабабга кўра пастга яъни, "дунё" га тушурилгандан бери тирикчилик, яшаш учун у ёки бу иш билан шуғулланиб келади. Қадимда овчилик билан зироатчилик инсониятнинг асосий тирикчилик манбаи бўлган. Кейинчалик овчилик чорвачиликка, зироатчилик эса деҳқончиликка айланган. Башарият такомиллашиб, бу иккала соҳа жуда кўп-миллионлаган шаҳобчаларга бўлиниб кетди. Лекин, негиз шу иккала соҳа. 
Деҳқончилик қишлоқ хўжалиги соҳаси бўлса-да, барибир иқтисодиётнинг муҳим тармоғи. Бугунги урбанизация ( яъни, шаҳарлар ривожланиши) гуркираган пайтда ҳам йирик давлатларнинг асосий даромади қишлоқ хўжалиги яъни деҳқончиликдан келади. 
Бизни тупроқдан Яратган Зот ризқимизни ҳам тупроқдан бериб қўйди. Фақат сабабларни кўрсатиб қўйди-ки, бандам ҳаракат қилсин, деб. Маълум ерга эга кишига меҳнат қилиб экин экиши, у ердан унумли фойдаланиши вожиб бўлади! Шунинг учун, бу баҳор кунларида ердан унумли фойдаланишга ҳаммамиз бел боғлаймиз. Экиш, кўчат қуриш, боғ яратиш, суғориш умумхалқ байрами сифатида авж олиб кетади. Бу ҳаммага маълум. 
Айниқса, ҳозир бутун дунёни ташвишига айланган, кўпчиликни уйга "қамаган"  вабо сабаб, деҳқончилик ишларига кўпроқ имкониятимиз бор. Ҳатто бу ишимиз муҳим, долзарб. Чунки, пандемиядан кейин дунё иқтисодиётининг аҳволи ҳаммага маълум. Ишсизлик, баъзи корхоналарнинг инқирози,... 
Имкониятимиз борича меҳнат қилиб, ҳосил самарадорлигини янада ошириш кун тартибидаги масаламиз. Тўғри, бу дегани меҳнат қилсанг албатта яхши бўлади, эмас. Аввало Аллоҳ берса бўлади. Лекин сабабларни қиламиз (зеро, бунга буюрилганмиз), натижани Раззоқдан кутамиз. Ҳикматли нақлларда келтирилишича, "Сендан ҳаракат, Мендан баракат" дейилган. 
Карантин масаласида ҳам шунақа бўляпти. Соҳа мутахассисларининг маслаҳатига амал қиласиз, кейин дуо қилиб оқибатини Аллоҳ таолога қўясиз. 
Энди, "Деҳқончилик-ризқ калити" дедик. Одатда ҳар бир нарсанинг калити-очқичи бўлади. Уй, машина, эҳтиёт қисмлари калити ва ҳоказо. Мажозий маънода "Жаннат калити - намоз" дейилади. Худди шундай, ризқимизнинг очқичи-деҳқончилик. Кимдир айтиши мумкин, "Мен ризқимни бошқа касбдан топяпман" деб. Айтамизки, барибир сиз деҳқончилик маҳсулоти билан қорин тўйғазасиз. Ёки сиз қилаётган касб негизи барибир шу зироатчилик ёҳуд чорвачиликка бориб тақалади. Чорва ҳам ердан озиқланади.  
Азиз юртдошлар, ҳар ким ўз имкониятидан келиб чиқиб бу вирусга қарши курашяпти! Биз айтаётган фикрлар ҳам, шу кураш доирасига киради. Чунки, бугун сиз-у биз уйда қолиб, экин-текинни яхши қилсак, эртага ҳосилини ҳаммамиз, айниқса ўзимиз роҳатланиб истеъмол қиламиз! 
Фикримизни Она Халқимизнинг қуйидаги мақоллари билан тугатишни жоиз деб билдик:
   
     "Меҳнатдан келса бойлик, "Йиғлаб-йиғлаб қудуқ қазисанг,
      Турмуш бўлар чиройлик".   Кулиб-кулиб сув ичасан!"

Миришкор деҳкон ва боғбон: Ж.А.Бобоев
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:36
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram