ДИН- НАСИҲАТДИР
28 июл 2024 й.
156 марта ўқилди.

ДИН- НАСИҲАТДИР
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. 
Ер юзига  юборилган охирги дин Ислом дини инсонларни, ўзаро бирдамлигу ҳамжиҳатликда яшашга тарғиб этади. Бунда эса, одамларнинг ўзаро самимий муносабатда бўлишлари муҳим ўрин тутади. Гӯзал динимизнинг бош ғояси насиҳат, яъни самимийликдан иборат бўлиб, аввалда ўтган пайғамбарлар ҳам ўз қавмларига насиҳат қилганликлари ҳақида Қуръони каримда хабарлар келган. 
Масалан, Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмига хитоб қилар экан: “Сизларга Раббимнинг топшириқларини етказурман ва сизларга насиҳат қилурман...”, деган (Аъроф сураси, 62-оят). 
Солиҳ алайҳиссалом ҳам ўз қавмини азобдан огоҳлантирганида шундай деган: “Эй қавмим! Мен сизларга Раббимнинг топшириғини етказдим, сизларга насиҳат қилдим, лекин (сизлар) насиҳатгўйларни ёқтирмайсиз” (Аъроф сураси, 79-оят). 
Бошқа пайғамбарларнинг ҳам ўз қавмларига насиҳат қилганликлари ҳақида Қуръони каримда хабар берилган. 
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида марҳамат қиладилар; Тамим ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дин насиҳатдир”, дедилар. Биз: “Кимга? – деб сўрадик. У зот: “Аллоҳга, Унинг китобига, Унинг расулига, мусулмонларнинг имомларига ва мусулмонлар оммасига”, – дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти). 
Ушбу ҳадис динимизнинг асосини баён этувчи манбалардан биридир. Насиҳатнинг маъноси ўзгаларга нисбатан самимий муносабатда бўлиш, демакдир.
Аллоҳ таборак ва таоло инсонларга ўз ҳабиби Муҳаммад соллалоҳу алайҳи вассаламни пайғамбарларнинг охиргиси қилиб юборди ва уни гўзал одоб-ахлоқ, меҳр-мурувват, олийжаноб фазилатлар соҳиби қилди. 
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтди: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят). 
Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи вассалам ўзларининг чиройли хулқ одоблари билан барча умматга намунадирлар. Зеро, у зот ҳадисларнинг бирида марҳамат қилиб айтганлар: “Мен энг яхши хулқларни камолига етказиш учун юборилдим” (Бухорий, Ҳоким ва Байҳақий ривояти). 
Ўзгаларнинг оғирини енгил қилиш, ҳожатларини чиқариш, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш, адашганларига тўғри йўл кўрсатиш, яхши-ёмон кунида ёнида туриш мусулмонларга нисбатан самимийликнинг ёрқин кўринишларидир. Бугунги кунда жамиятимизда бундай ишлар давлатимиз сиёсатининг ажралмас қисмини ташкил  этиб, кундалик ҳаёт тарзимизга айланиб бормоқда. Юқоридаги гӯзал  сифатлар билан сифатланиш барчамизга насиб этсин.
Равшан домла Камолов,
Бухоро шаҳар “Хӯжа Абдуллоҳ Сафедмўй” масжиди имом-хатиби

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:55
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:10
Шом: 18:55
Хуфтон: 20:25
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram