Динда ниятнинг аҳамияти.
10 ноябр 2015 й.
«орқага
3168 марта ўқилди.
Динда ниятнинг аҳамияти
عن عمر بن الخطاب رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : " إنما الأعمال بالنيات وإنما لكل امرئ ما نوى فمن كانت هجرته إلى الله ورسوله فهجرته إلى الله ورسوله ومن كانت هجرته إلى دنيا يصيبها أو امرأة يتزوجها فهجرته إلى ما هاجر إليه متفق عليه
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади. Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун қилинган бўлса, ўшанга бўлади», дедилар».Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ:
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳадисларида ниҳоятда қисқа иборалар билан бир олам маънони баён этганлар. Шунинг учун ҳам уламоларимиз бу ҳадиси шарифни алоҳида эътибор билан, ўрганиб чиққанлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу: «Илмнинг учдан бири шу ҳадисда», деган эканлар.
Чунки, банданинг савоб касб қилиши уч нарса — дил, тил ва бадан орқали бўлади. Бу ҳадисда дил орқали бўладиган нарса тўла баён қилинган. Қолаверса, дин ички ва ташқи амаллардан иборат. Ният ички амал ҳисобланиб, қалб билан бўлади.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳи эса: «Илмнинг ярми шу ҳадисда», деган эканлар.
Имом Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳи эса: «Бу ҳадис Исломнинг мадори бўлган ҳадислардандир. Инсоннинг дини учун тўртта ҳадис
кифоя:
1. «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир».
2. «Бирортангиз токи ўзи яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунча ҳақиқий мўмин бўла олмайди».
3. «Киши Исломининг гўзал бўлиши унинг беҳуда нарсаларни тарк қилишидадир».
4. «Албатта, ҳалол очиқойдиндир, ҳаром очиқойдиндир», ҳадисларидир», деган эканлар.
Бу ҳадиси шариф муҳаддислар ва бошқа уламолар ичида «Умму Қайснинг муҳожири ҳадиси» номи билан машҳур. Ҳадиснинг бундоқ ном олиши бежиз эмас. Умму Қайс исмли маккалик муслима аёлга бир киши уйланмоқчи бўлган экан. Умму Қайс: «Мен Мадинага ҳижрат қилиб кетмоқдаман. Сен ҳам мусулмон бўлиб орқамдан Мадинага борсанг, сенга тегаман», дебди.
Ҳалиги одам ўн кун йўл юриб, Маккадан Мадинага келибди. Умму Қайсни излаб топиб, ўз ниятини яна айтибди. Шартни амалга оширгани учун Умму Қайс ҳам рози бўлиб, оила қурибдилар.
Маълумки, ҳижрат улуғ мақом. Дину диёнат учун ҳижрат қилган одамга улкан мартабалар ваъда қилинган. Аммо бу одам бир аёлга уйланиш учун ўн кун йўл юриб, Маккадан Мадинага келди. Агар Умму Қайсга уйланиш нияти бўлмаса, келмоқчи эмас эди. Энди бу одамга ҳам муҳожирлик мартабаси бўладими? Мана шу нарсалар саҳобаи киромлар томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўралганда, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги ҳадисни айтганлар.
Энди ҳадиси шарифни батафсил ўрганиб чиқайлик:
«Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир».
Яъни, ҳар бир амал ниятга қараб баҳоланади. У тил билан бажараладиган амалми, бадан билан адо этиладиганми, фарзми, вожибми, суннатми, нафлми, ишқилиб, ҳаммасининг тўғри бўлиши ниятга боғлиқ. Шариат ҳукми бўйича ният қилинмай адо этилган амал қабул ҳисобланмайди.
«Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади».
Нимани ният қилса, ўша ниятидаги нарсага эришади. Пешин намози фарзини ўқияпман, деб ният қилса, ўша намознинг савобини олади. Нафл рўза тутаяпман, деб ният қилса, нафл рўзанинг савобини олади.
«Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлади».
«Ҳижрат» луғатда бирор нарсадан ажраш, унинг ҳижронида қолишни англатади.
Шариатда эса, Аллоҳ ва Унинг Расули розилигини тилаб, дину диёнат йўлида Маккани тарк этиб, Мадинага боришға айтилган. Кейинчалик дину диёнат йўлида ўз ватанини ташлаб, бошқа юртларга кўчиб кетиш «ҳижрат» деб атала бошлади.
Демак, Аллоҳ ва Унинг Расули учун, деган ният билан ҳижрат қилган одам ҳақиқий муҳожир бўлади. Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан муҳожирларга ваъда қилинган мартабаларга эришади.
«Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади».
Молу дунё қасдида, унга эришиш ниятида ҳижрат қилган бўлса, ўшангагина эришади.
«Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади».
Умму Қайсни никоҳлаб олган кишига ўхшаб ниятига етади.
«Бас, унинг ҳижрати нима учун қилинган бўлса, ўшанга бўлади».
Яъни, молу дунё ва аёлдан бошқа нарсани, мисол учун, дўст орттириш, саёҳат қилиш, давлат қуришга тайёрланиш, касб ўрганиш ва яна бошқа нарсаларни ният қилган бўлса, ўша нарса учун бўлади.
Демак, ҳамма нарса ниятга боғлиқ. Амал бир хил, аммо ниятга қараб турли натижалар беради. Энди шу ҳадиси шариф айтилган даврда Маккадан Мадинага кўчиб ўтиш амалини олайлик.
Ушбу амал маълум масофани босиб ўтиб, Маккани тарк этиш ва Мадинани ватан тутиш билан бўлади. Шу ишни Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрганлари учун менга вожиб бўлди, Маккадан Мадинага ҳижрат қилмасам гуноҳкор бўламан, агар ҳижрат қилсам савоб оламан, деб ҳижрат этган одам муҳожир саналади. Кўриниб турибдики, Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг розилигини топаман, деган ният билан ҳижрат қилган одам ҳақиқий муҳожир тариқасида ажру савобга эришади. Шу билан бирга молу дунё топиши ҳам, оила қуриши ҳам мумкин.
Агар бир одам мазкур ишни фақат молу дунё топишни ният қилиб амалга оширса, молу дунё топиши мумкин, лекин муҳожирлик даражасига эриша олмайди. Муҳожирларга бериладиган ажру савобдан баҳраманд бўлмайди.
Учинчи бир киши худди шу амални Умму Қайснинг «муҳожир»ига ўхшаб, бир аёлни никоҳлаб олиш ниятида қилади. У ўша аёлни никоҳлаб олиши мумкин, лекин муҳожир бўла олмайди. Муҳожирга ваъда қилинган ажру савоб ва улуғ мартабага ҳам эришмайди. Чунки у ниятни бошқа нарсага қилган.
Ушбу ҳадиси шариф ниятни тўғрилаш, яхши ният қилиш орқали кўп нарсаларга эришиш йўлини очиб бермокда. Ниятсиз ҳеч бир ибодат тўғри бўлмаслигини баён қилмокда. Ният билан одатдаги оддий бир иш ибодатга айланиши мумкин. Аксинча, ниятсиз ибодат ҳам одатдаги оддий ишдан фарқ қилмай қолиши мумкин.
Мисол учун, бир киши масжидда ўтирибди. Агар ўша одам дам олишни ният қилган бўлса, амали одат бўйича дам олади, савоб олмайди. Аммо, ўтиришдан эътикофни ният қилса, ҳадисда айтилгани учун қилаяпман, деган ният билан ўтирса, бу ўтириш ибодатга айланади. Унинг учун савоб олади.
Бир одам ҳаммомда ювинмоқда. Агар у ғуслни ният этиб: «Шариатимизда буюрилгани учун қилмоқдаман», деган қасд билан қилса, ибодат ўрнига ўтади. Аммо тозалик учун қилаяпман, деган ниятда бўлса, тозаликка эришади, ибодат ниятини қилмагани учун савобга эришмайди.
Шариатимиз оила қуришга амр қилган: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Никоҳ менинг суннатимдир, ким менинг суннатимга рағбат қилмаса, мендан эмас», деганлар. Шунинг учун оила қуришни ният қилдим, деган одамнинг оилавий ҳаёти ибодат бўлади. Уйланиб, шаҳватимни бир қондирай, деган ниятни қилган киши, ўша ниятига эришади, ажру савобнинг яқинига ҳам йўламайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарз», деганлар.
Халқимнинг, эл-юртимнинг мен ўрганадиган илмга эҳтиёжи бор, фарзи кифояни адо этишим керак, деган ният билан илм ўрганувчи киши ибодатда бўлади. Фаришталар унинг оёқлари остига қанотларини ёйиб туради. Шу одам улуғ ажр ва буюк мартабаларга сазовор бўлади. Илм олсам, молу дунё топаман, мансабга эришаман, дея ният қилган одам молу дунё ва мансабга эришиши мумкин, аммо ажру савобга эга бўлолмаслиги аниқ.
Ислом шариати наздида «динимиз менга аҳли аёлимнинг нафақасини вожиб қилган, ҳалол йўл билан, ҳалол луқма топиб, аҳли аёлимга тутай» деган ният билан далада ишлаётган деҳқон, дастгоҳ олдида турган ишчи, ўз касбидан қолмаётган хунарманд, ўз вазифасини адо этаётган идора ходими ёки зиёли ибодат қилаётган бўлади. Бундан бошқа ниятни қилган одам эса, мўлжалдаги нарсасига эришиши мумкин, аммо ажру савобга етиша олмайди.
Динимизда ҳайвонларга меҳрибон бўлишга, уларни оч ва сувсиз қолдирмасликка амр қилинган, шу амрга биноан иш тутишим керак, деган ниятдаги одамнинг ҳайвонларни боқиб қараши ҳам ибодат ҳисобланади. Ўшанга яраша ажру савобини олади. Аммо мол қўйимни яхшилаб боқсам гўшти кўп бўлади, сотиб пул қиламан, деган ниятдаги одам гўштга, молу пулга етишиши мумкин, аммо ажру савобга эришмаслиги аниқ.
Бу қоидани инсон ҳаётига батамом қўллаш мумкин. Шунда киши ҳаётининг ҳар бир дақиқаси, ҳатто уйқуси ҳам ибодатга айланади. Ким хуфтон намозини ўқигач, таҳорат билан ётиб, эрталаб туриб бомдод намозини ўқиса, кечаси билан ибодат қилиб чиққан ўрнига ўтади, деган маънодаги ҳадислар бор.
Инсон ҳалолпок юриб, Аллоҳнинг кўрсатмаси бўиича яшаш ниятида еб-ичса, бу ҳам ибодат ҳисобланади. Ислом инсон ҳаётини диний ва дунёвий ҳаётга ажратмайди, деганимизнинг маъноси шу. Аллоҳ таоло «Мен инсу жинларни фақат Менга ибодат қилишлари учун яратдим», деганининг маъноси шу.
«Ислом дини — осонлик дини», дейилишининг маъноси ҳам шу. Исломда бошқа дин ва тузумларда одат ва зарурат ҳисобланган нарсалар осонлик билан, биргина ниятни тузатиш билан ибодатга айланади. Исломда киши ниятни яхши қилиши билан, шариат кўрсатмасига биноан ҳалолпок йўл тутиши билан ҳатто ўз шаҳватини қондириши, кийиниши, еб-ичиши ва бошқа эҳтиёжларини қондиришини ҳам осонгина ибодатга айлантира олади.
Ҳа, Ислом яхши ниятлар, яхши амаллар динидир, мусулмон киши яхши ниятли, яхши амалли инсондир. У ўз ҳаётининг ҳар бир лаҳзасини, ҳар бир амалини Аллоҳга ибодатга айлантириши мумкин. Чунки инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасида Исломнинг кўрсатмаси бор.
Мусулмон шунчалар бахтли инсонки, ўша кўрсатмаларни ўрганиб, ниятини уларга мослаб яшаса, унинг оддий ҳаёти ибодатга айланади.
Мусулмон кишининг ибодатга айланмайдиган амали йўқ, унинг шахсий, оилавий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, адабий ва бошқа амаллари барчаси ибодат бўлиши мумкин. Бунинг учун эса ундан кўп нарса талаб қилинмайди. Ўз динининг кўрсатмаларини ўрганиб, ниятини унга мосласа кифоя. Шу йўсинда бутун ҳаёти ибодатга айланади.
Хўжа Таббанд жомеъ масжиди имом хатиби
Азизбек Ашуров.