ДЎСТ БЎЛИШ ОСОН - ДЎСТЛИКНИ САҚЛАШ ҚИЙИН.
11 сентябр 2023 й.
717 марта ўқилди.
ДЎСТ БЎЛИШ ОСОН - ДЎСТЛИКНИ САҚЛАШ ҚИЙИН
"Кишининг ўз биродаридан уч кечадан ортиқ аразлаб юрмоғи ҳалол эмас. Иккаласи дуч келганида, бири у ёққа, иккинчиси бу ёққа юз ўгириб кетмасин. Уларнинг яхшироғи аввал салом берганидир".
Нақл қилишларича, донишманд ҳузурига бир киши келиб, дўстидан шикоят қилибди. Дўсти билан алоқасини узиб, ундан қасд олишни ният қилганини айтибди. Донишманд унга:
- Сенга насиҳат қилсам, унга амал қиласанми ё ғазаб отига минганингча қолаверасанми? - деди.
- Йўқ, насиҳатингизга амал қиламан!
- Дўстинг билан иноқлигингизда хурсандчилигингиз кўп бўлганми ёки унинг хатолари туфайли ғам-ташвишингиз кўп бўлганми?
- Қувончли куним кўп бўлган.
- У сенга яхшилик кўп қилдими ё ёмонлик?
- Яхшиликлари кўпроқ бўлган.
- У ҳолда, ана шу яхши кунларинг ҳурмати уни кечириб юбор. Ўрталарингда дўстлик ҳурмати учун ўч олишни бас қил. Агар иккингиз душманликни давом эттирсангиз, сен хоҳламаган ишлар содир бўлади.
Азизим, шуни унутмангки, киши учун иймондан кейинги суюкли нематлар сирасига яхши дўст ҳам киради. Агар тоат-ибодатда ёрдам берадиган дўстингиз бўлса, унинг қўлини маҳкам тутинг. Зеро, дўст бўлиш осон, дўстликни сақлаш қийин. Дўстнинг сифатларидан бири - унинг ўзидан ҳам дўстларини устун қўйишидир.
Кишининг иймондан сўнг қиладиган афзал ишлари сирасига содиқ дўст топиш киради. У сизга бойлигингиз учун эмас, иймонингиз учун дўст бўлсин. Дўстлик риштаси туфайли фақат икки инсон бирлашмайди, балки кишилар орасидаги ишонч, ахлоқ ва донолик сингари улуғ фазилатлар мустаҳкамланиб боради. Чунки бугунги кунда ишониш мумкин бўлган кишини топиш машаққатга айланиб бормоқда. Дўстига "Сенинг еганинг - менинг тўйганим!" - дейдиган мардлар саноқли қоляптимикан? Бир дастурхон атрофида ўтириб, бир-бирининг қўлидаги нонни тортиб олаётган нафс бандалари ҳайвондан нимаси билан фарқ қилади?! Ўзида борини дўсти билан баҳам кўриш ҳам нафсини жиловлай олишдир, аслида. Гўзал ахлоқни дўстига ўргатиш, Аллоҳга ибодат қилишда ўрнак бўлиш, шубҳасиз, сизни солиҳ амаллар сари етаклайди. Яхши дўст адашмаслигингизни, савоб амалларингиз кўп бўлишини истайди. Яхши дўст яхши кунингизда доим ҳам ёнингизда турмаслиги мумкин. Аммо бошингизга кулфат тушганида у ёнингиздан асло кетмайди. Сизни ёлғизлатиб қўймайди. Ёлғизлик фақат Аллоҳга хос! Бандаси дардни ёлғиз ўзи кўтара олмайди. Шунинг учун одам тафтини одам олади, дейишади. Яхши дўст сиз учун ўзини қанча фидо қилса ҳам, миннат қилмайди. "Роббим рози бўлсин! Менга шу етади", дейди. Қилган яхшилигини пешонангизга тақ этиб уриб, миннат қилувчилардан Аллоҳ асрасин!
Жумаев Носир,
Пешкў тумани бош имоми
«орқага