ДУО
06 апрел 2020 й.
1183 марта ўқилди.
ДУО
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ижобат қилишига аниқ ишонган ҳолда Аллоҳга дуо қилинглар, билингларки ғофил, беэтибор қалбдан, Аллоҳ дуони қабул қилмайди”, – дедилар. (Термизий ривояти)
«Дуо» луғатда «илтижо», «ўтинч» каби маъноларни англатади. Истилоҳда банданинг ўз фақирлигини, ҳожатмандлигини ва мутелигини ҳамма нарсага қодир бўлган Аллоҳ таолога изҳор қилиб, манфаатларни жалб қилишини ва зарарларни даф этишини сўраши дуо деб аталади. Дуо мусулмон кишининг ҳаётида ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга бўлган улкан ибодат ҳисобланади. Дуо сабабли банданинг Аллоҳга муҳтожлиги намоён бўлади. Шунга кўра дуо маъсиятдан сақланишга куч ҳам, ибодатни адо этишга қувват ҳам Аллоҳ таолонинг мадади билан бўлишини эътироф этиш ҳисобланади. Дуо энг улуғ ибодатлардан бўлгани учун имкон қадар кўп дуо қилишга ҳаракат қилинади. Зеро, Аллоҳ таолонинг Ўзи бандаларни дуо қилишга буюрган: Роббингиз: ”Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар”, – деди. (Ғофир сураси, 60-оят). Ушбу оятда дуо қилишга буюриш билан бирга, уни Ўз фазлу марҳамати билан ижобат этишини ҳам баён қилган. Оятнинг давомида эса Аллоҳга дуо қилишдан кибрланганларга қаттиқ таҳдид қилинган. Шунинг учун бандалар ҳаётлари давомида доимо, дунёларига тааллуқли ишларида ҳам, динларига тааллуқли ишларида ҳам Роббисининг раҳматига муҳтож эканларини изҳор қилиб боришлари лозим бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Бирор-бир нарса Аллоҳ таолога дуодан кўра севимлироқ эмасдир”, - дедилар. Имом Термизий ривоят қилган.
Аллоҳ таоло барчамизни чин қалбдан, хайрли дуолар қилгувчилардан айласин.
ЎМИ Бухоро вилоят вакиллиги, Матбуот хизмати
«орқага