ДУОНИНГ ФАЗИЛАТИ
04 май 2023 й.
1121 марта ўқилди.

 ДУОНИНГ ФАЗИЛАТИ

Дуо ибодат турларидан бири бўлиб, инсон билан Аллоҳнинг орасини боғлайди. Дуо инсон руҳига қўшиб яратилган нарса бўлиб, қийинчилик вақтида ўз-ўзидан, биров ўргатмаса ҳам, ҳар бир одам Аллоҳга илтижо қилиб келади. Инсон ҳаётдаги ҳодисалар қаршисида ожиз қолганда ўзига дуодан бошқа суянчиқ топа олмайди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло мусулмонларни дуо қилишга буюрган. Роббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар”, - деди. (Ғофир сураси, 60-оят) Мана шу оятда Аллоҳ дуони “ибодат” деб атаган. Кимки ундан кибр билан юз ўгирса, Аллоҳнинг ғазабига учрашини эслатиб ўтган. Дуо кўпгина касаликларнинг давосидир. Инсон табиати шундайки, ўзининг қалбидаги дарду ҳасратини энг яқин дўстига тўкиб солиб, ўзининг қайғу-аламини енгиллатгиси келади. Бу нарсани бировга айтмай, яшириб юрилса, дард зиёда бўлар экан. Агар инсон ўз қайғусини Парвардигорига айтсачи, ундан ёрдам сўрасачи? Албатта, бу вақтда унинг қалби осойишталик билан тўлади, қайғу-аламлари кўтарилади. Чунки, иймони унга “Аллоҳ сен билан бирга, ундан бир нарсани сўрасанг, албатта, сўраганингни беради”, - деб турибди. Аллоҳ бу ҳақида “Бақара” сурасининг 186-оятида шундай дейди: “Агар бандаларим сендан мени сўрасалар, мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар шоядки, тўғри йўлни топсалар”.
Ислом талаб қилаётган дуо ҳамма вақт хурсандчилик вақтида ҳам, хафачилик вақтида ҳам керак. Чунки инсон доим ўз Парвардигорини эслаб, ибодатини қилиб бориши керак. Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоятдан қилинган бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кимга дуо қилиш бахти муяссар бўлса унга рахмат эшиклари очилади. Аллоҳга дунёвий истаклар ичида энг мақбули ундан яхшилик сўрашдир. Дуо келадиган бало-қазо ва мусибатларни даф этади. Тақдирни фақат дуо ўзгартира олади. Шунинг учун сизлар ҳам дуо қилинг”. (Термизий ривояти)
Дуо қилаётганда овозни баланд қилиш қатъий ман этилади. Аллоҳ фақат самимият ва ихлос билан қилинган дуоларни қабул қилишини унутмаслик керак. Аллоҳ наздида дуонинг энг фазилатлиси ёлғиз ўзигагина қилинадиган дуодир. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сингари Қуръони Карим оятлари билан дуо қилиш фазилатлироқдир. Ҳар бир амал сингари дуо қилишда ҳам ихлос зарур бўлиб, дуоси қабул бўлишини истаганлар дуони Аллоҳ кўриб, эшитиб тургандек, қабул қилинишига тўла ишониб қилишлари лозим. Қалб ғафлатда бўлиб, фақат тил билан айтилган дуо қабул бўлади деб айтиш жуда мушкул. Дуо қилаётганда “Аллоҳ дуоимни қабул қилармикан?” сингари хаёлларга бормаслик керак. Олдин қилган гуноҳларимиз бизни дуо қилишдан тўсиб қўймаслиги лозим. Парвардигоримизнинг рахмати ғазабидан кенг эканлигини, унинг чексиз рахматидан умид узиш кофирларга хос эканлигини доим ёдимизда тутишимиз зарур. Инсон дуода Аллоҳдан турли эҳтиёжларини сўраши билан бирга дуосида сўраши керак бўлган энг асосий истак, бу Аллоҳнинг розилигини топиш ва унинг жамолини кўриш бахтига муяссар бўлишдир. 
 
Бухоро шаҳар “Шайх Саъдий Шерозий” жомеъ масжид
имом-хатиби Мўминжон Ҳазратқулов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:40
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram