Эҳсон қилишлик савобли амаллардандир.
24 август 2020 й.
933 марта ўқилди.
Эҳсон қилишлик савобли амаллардандир.
Бутун оламларнинг Парвардигори карами кенг, саховати чексиз бўлган зотки, У ўз хазинаи ғайбиясидан бандаларига қанча инъом қилса-да, Унинг хазинасидан ҳеч бир нарса камаймайди. Парвардигоримиз биз бандаларини ҳам Ўзининг сифатларидан ўрнак олиб, доимо хайру саховатли бўлишга ва эҳсон қилишликка буюради. Келинг, шу ўринда аслида “эҳсон” ўзи нима эканлиги ҳақида билиб олсак.
“Эҳсон” деганда бировга бирор неъматни бериш ва фазлу карам кўрсатиш тушунилади. Лекин “эҳсон” сўзи луғатда “яхшилик қилиш, эзгулик кўрсатиш” маъноларини ҳам англатади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир неча оятларида эҳсон ва яхшилик қилишликка буюргандир. Иброҳим сурасининг 31-оятида шундай марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад!) Имон келтирган бандаларимга айтинг, намозни баркамол адо этсинлар ҳамда савдо-сотиқ ва ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган кун (қиёмат) келмай туриб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилсинлар!”.
Оли Имрон сурасининг 92-ояти каримасида эса шундай дейилади: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (Жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”. Роббил аъламин жаннатга эришишликнинг йўлларидан бири бу – суйган нарсасидан эҳсон қилиш эканини баён қилмоқда. Инсон табиатида шундай бир нарса борки, ўзи суйган нарсасидан воз кечиб уни эҳсон қилиш озгина қийинроқ туюлади. Аммо, ўйлаб қаралса воз кечаётган нарсаси унинг эвазига охиратда қўлга киритадиган мукофоти яъни жаннатнинг олдида жуда арзимас нарса эканини тушуниб етади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам инфоқ-эҳсон қилишликка буюриб, Адий ибн Хотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай мархамат қилганлар: “Хурмонинг ярмини инфоқ-эҳсон қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар”,- деганлар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни қилаётган хайрли ишларимизни даргоҳида қабул айласин.
Когон шаҳар “Шом” жомеъ масжид
имом-хатиби Болтаев Дилшод
«орқага