Экстремизм камолот йўлига қарши
13 октябр 2015 й.
2639 марта ўқилди.

 Экстремизм камолот йўлига қарши

 
Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас
 диндан айри ҳолда асло тасаввур қила 
олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий 
тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб 
кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз”.
И.Каримов.
 
     “Экстремистик” сўзи “ақл бовар қилмас даражада”, деган маъноларни билдиради. Яъни жамиятда қабул қилинган қадриятлар ва меъёрларга зид қарашларни илгари суриш, кескин чораларга мойиллик экстремизмнинг асосий хусусиятлари ҳисобланади.
Ҳозирги глобаллашув шароитида бундай бузғунчи ва исломга ёд оқимларнинг фаолият олиб бориши, табиийки, халқнинг, давлатнинг изчил ривожланиш жараёнига ўз салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди. 
      Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ виждон эркинлиги қонун билан кафолатланди. Яъни, Конституциямизнинг 31-моддасига: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон ҳоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”-деб ёзиб қўйилди. Ўзбек халқи том маънода ўз дини ва тарихига эга бўлди. 1990 йилгача саноқли масжидлар ва 2 та диний ўқув юрти фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунгача 2000 дан ортиқ масжид, 10 та ислом билим юрти диний ўқув юрти, Тошкент ислом институти ва Тошкент ислом университети фаолият кўрсатмоқда. Энг қувонарлиси кўп сонли ватандошларимиз муборак ҳаж ва умра зиёратларини бемалол бажармоқдалар. Шундай бир қувонарли ҳолатлар юз бериб турган пайтда қуйидаги ножўя ва ташвишли ҳоллар рўй бера бошлади:
- эътиборли ислом уламолари ўрнини сохта “ислом”чилар эгаллашга уриндилар ва ислом асосларини бузиб талқин қила бошладилар;
- аҳолининг ислом динига бўлган катта қизиқиши ва шўро даври таъсирида пайдо бўлган руҳий бўшлиқдан фойдаланиб, халқаро экстремистик ташкилотлар томонидан диний мутаассиблик руҳидаги адабиётлар тарқатила бошлади;
- мамлакатимизга дин ниқоби остида иш олиб борувчи, аслида ғаразли мақсадлари бўлган турли оқим ва йўналишларга мансуб хорижий даъватчилар кириб кела бошладилар ва диний билимлари бўлмаган ёшларнинг онгларига ўзларининг захарли  ғояларини сингдиришга харакат қила бошлашди.
Юқоридаги ва бошқа сабабларга кўра Республикамизда диний экстремизм пайдо бўлди. 
Афсуски, ғарб давлатларида пайдо бўлган “фундаментализм”, ”радикализм”, ”экстремизм”, “терроризм” каби тушунчаларни ислом динига боғланар ва муқаддас динимизни бу нарсаларнинг сабабчиси, деб талқин қилинарди. Аслида бу ҳаракатларнинг исломга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Динимиздаги бош масалалардан бири ибодат-у муомалаларда ўртача-мўтадил йўл тутишдир. Бунга мисол Нисо сурасининг 171-оятидир: “Эй, аҳли китоблар! (Исонни илоҳийлаштириб)динларингда ҳаддан ошманглар. Аллоҳ тўғрисида фақат ҳақ гапни айтинглар”. Яъни насронийлар Исо (а.с)ни худо даражасига кўтариб, ҳаддан ошган бўлсалар, мусулмонлар эса у Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбари дея ўрта йўлни тутдилар.”
Ислом руҳият ва моддиятни баробар тутишга чақиради. Қасос сурасининг 77-оятида: “Аллоҳ сенга берган нарсалар билан охиратни истагин. Дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек сен ҳам яхшилик қил”,-дейилади.
Яъни яхши киши ўрта йўл тутиб, дунё ва охират ишларини бирга олиб боради.
Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради.Ватанимизда диний экстремизм билан танилган фирқалар асосан “Ваҳҳобийлик”, “Ҳизбут-таҳрир” ва “Акромийлар”дир. Бу фирқаларнинг ўхшаш томонлари бир нечта:
1. Ҳокимиятга интилиш;
2. Ўзларидан бошқаларни кофирликда айблаш;
3. Бир неча асрлардан бери диёримизда амал қилиниб келинаётган ислом қонун қоидалари ва Ҳанафий мазҳабини тан олмаслик;
4. Илмсизлик.
Диний экстремизм билан қандай кураш олиб боришнинг моҳияти Президентимиз И.Каримов томонидан асослаб берилган. Яъни, “Ғояга қарши фақат ғоя, фикрга қарши фақат фикр, жаҳолатга қарши фақат маърифат билан баҳсга киришиш, олишиш мумкин”. Президентимиз И.Каримов бошчилигида давлатимиз раҳбарлари томонидан диний экстремизмга қарши олиб борилган кураш таҳсинга сазовордир. Бир неча бор авф эълон қилиниши натижасида кўпчилик адашиб-улоқиб юрган ёшлар ўз ишларига пушаймон қилиб, ўз оилалари бағрига қайтди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, диний тушунчалар ва қонун-қоидаларда ҳаддан ошиш, кўр-кўрона ёндошиш диний экстремизм пайдо бўлишига олиб келади.
 
 
Мир Араб мадрасаси
                                             Саидов Шаҳбоз
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:45
Куёш: 07:45
Пешин: 13:10
Аср: 16:40
Шом: 18:20
Хуфтон: 19:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram