ЭНГ АФЗАЛ КУНЛАР
15 август 2018 й.
«орқага
2142 марта ўқилди.
ЭНГ АФЗАЛ КУНЛАР
Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду ва санолар бўлсинким, ҳижрий – қомарий йилнинг охирги ойи зулжижжа ойининг 10-куни мусулмонларнинг улуғ байрамларидан бўлган Қурбон ҳайитига ҳам етиб келдик. Ислом арконларидан бўлган Ҳаж ибодати ҳам шу кунларда адо қилинади. Бу йилги Қурбон ҳайитининг биринчи куни 21 август кунига тўғри келади. Бу кунларда вожиб бўлган амаллардан бири қодир бўлганларга қурбонлик қилишдир. Шу жиҳати билан қурбонлик Ислом динимиздаги ўзаро ижтимоий ёрдамлашишнинг гўзал бир намунаси бўлади. Аслида қурбонликдан мақсад, Аллоҳ таоло розилигини топмоқ. Бу мақсаднинг амалга ошиши эса кибрдан (манманликдан), риёдан (хужа кўрсин) узоқ бўлиб, самимият ва ихлос билан қурбонликни адо этишга боғлиқ. Аллоҳ Таоло Ҳаж сураси 37-оятида “Аллоҳга(қурбонлик ) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин, у зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашингиз учун–уларни (чорваларни ) сизларга бўйсундириб қўйди .
"Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг” деган.
Қурбонлик қилиш бошқа ибодатлар каби Аллоҳ учун дейилса-да, аслида манфаатни (эҳтиёжманд) инсон кўради.
Аллоҳ таоло эса инсоннинг қалбидаги ниятига кўра муомала қилади .
Қурбонлик Қурбон ҳайити намозидан сўнг бошланади, бу йил 21-22-23 август кунлари қурбонлик кунлари ҳисобланади .
Анас ибн Молик р.а дан ривоятдаги ҳадисда: “Расулуллоҳ (с.а.в) оқ рангли, шохдор иккита қўйни қурбонлик қилиб, ўз қўллари билан сўйдилар, такбир айтдилар ва оёқларини қўйнинг бўйнига қўйиб турдилар” дейилган. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари .
Қурбонлик вақтида дуо қилиш суннат амал саналади .
Имом Муслим р.а Оиша р.а дан ривоят “Расулуллоҳ с.а.в. қўйни сўйиш учун ерга ётқизиб: “Бисмиллаҳ, Эй Аллоҳ ! Сен ушбу қурбонликни Муҳаммаддан (с.а.в), оиласидан ва умматларидан қабул эт! деб дуо қилдилар.
Қурбонлик гўшти уч тақсим қилинади. бир қисми маҳалламиздаги эҳтиёжманд оилаларга тарқатилади ,бир қисми пишириб берилади, бир қисми оилага сақланади .
Қурбонликни эгаси сўйгани яхшироқ. сўйишга қодир бўлмаса бошқа одам унинг номидан сўяди, қурбонлик терисини ва гўштини сотиш мумкин эмас, сотилган тақдирда ҳам пули садақа қилинади.
Ҳайит куни ҳамма бир -бирини бу улуғ кун билан самимий муборакбод этади. Ҳайит намозидан сўнг меҳрибон ота-онамиз, қариндошларимиз, табаррук азиз инсонларни зиёрат қиламиз, ҳолидан хабар оламиз. Баъзи сабаблар билан аразлашган инсонлар бўлса ярашишади, гиналар унутилади. Аллоҳ таоло Ҳайит кунлари барча хонадонларга хурсандчилик ато айласин.
Азизлар келаётган Қурбон ҳайити муборак , юртимиз тинчлиги бардавом бўлсин.
Жондор тумани “Дарвеши” жомеъ
масжиди имом хатиби Рўзиев Ҳикматулло