ЭР ВА ХОТИННИНГ ОИЛАДАГИ БУРЧЛАРИ
23 феврал 2022 й.
1018 марта ўқилди.

ЭР ВА ХОТИННИНГ ОИЛАДАГИ БУРЧЛАРИ

Оила жамиятнинг асосидир. Оила мустаҳкам бўлса, жамият, мамлакат ҳам мустаҳкам бўлади. Аллоҳ таолонинг иродаси билан ҳар бир инсон бу дунёга келар экан бахтли яшашга интилади. Инсон ҳаётининг барча жабҳасида тартиб-интизом бўлсагина, саодатли яшаши мумкин. Аллоҳ одам зурриётини заиф қилиб яратган. Токи, Парвардигорнинг Ўзи фойда нима-ю зарар нималигини бандаларига билдирмаса ожиз инсон бу нарсаларни  ажрата олмайди. Нафсига ёққан нарсани қилиб кетаверади. Шунинг учун Парвардигори олам инсонларга Ислом шариатини нозил қилиб уларнинг ҳаётлари низомини Қуръони Карим орқали белгилаб қўйди. Аллоҳнинг амрига итоат этганлар дунё ва охиратда нажот топиб саодатли ҳаёт кечиришлари муқаррар. Роббимиз эркак ва аёллар ўртасида муроса ва тотувлик бўлиши учун уларнинг қалбларида муҳаббат, иноқлик ва меҳрибонлик туйғуларини  пайдо қилди.  Одам зурриёти наслининг поклиги, давомийлигини таъминлаш учун ва ер юзининг обод бўлиши учун Аллоҳ таоло инсонларни оила қуришликка буюрди. Парвардигор Қуръони Каримда бу ҳақиқатни баён этиб жумладан шундай марҳамат этади: 
وَاللَّهُ جَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا وَجَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَزْوَاجِكُمْ بَنِينَ وَحَفَدَةً وَرَزَقَكُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ
“Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва неваралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантирди...”. (Наҳл сураси, 72-оят).
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан юз  ўгирса у мендан эмас”, деганлар. Демак, никоҳ асосида оила қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари экан, мусулмон киши оилали бўлиш йўлида ҳаракат қилиши, оилани эса никоҳ асосида қуриши лозим. Оила қуриб никоҳ ўқилганидан кейин эр ва хотин зиммаларида бир-бирининг ҳақлари тушади. Турмуши давомида ўзи ва жуфтининг ҳаққини адо этиб яшайдиган эр-хотин саодатли ҳаёт кечиради. 
Эрнинг ўз хотини олдида ижтимоий, жисмоний, молиявий бурчлари мавжуд. Аллоҳ таоло бу борада марҳамат қиладики: 
وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ
“...Улар(аёлларингиз) билан тотув турмуш кечирингиз..” (Нисо сураси, 19- оят). Динимизда агар эр хотинига нисбатан яхши муомала қилиб яшаса, Аллоҳнинг амрига итоат этган ва ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашган  яхши мўмин сифатида баҳоланади. Чунки бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Сизларнинг ичингизда энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганингиздир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман” , - деб билдирганлар.
Эркак кишининг оиладаги  энг катта  бурчларидан бири  қарамоғидагиларни моддий таъминотини қилишдир. Қўл остидагилар ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймасликдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларининг бирида: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади” - деб марҳамат қилганлар. Ҳозирги кунда баъзи эркаклар шу масалада ўз вазифаларини унутиб қўйганликлари сабабидан баъзи оилаларда эр-хотинлар ўртасида можаролар пайдо бўлмоқда. 
Ислом таълимоти аёлни улуғлаб, унинг шарафи, иффати, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаб берган. Исломда эркакларга ўз аёлларига яхши, хушмуомалада бўлиш, уларни хорламаслик буюрилган. Илм олишга шароит яратиб бериш, дин-диёнатдан хабардор қилиш, таом, кийим, бошпана ва рўзғор ашёлари билан таъминлаш каби кўплаб мажбуриятлар ҳам эркакка юклатилган. Шунингдек аёлни ҳам эри олдида ўзининг бурч ва мажбуриятлари бордир. Агар аёл оилада бу масъулиятни ҳис қилса, Аллоҳ таоло ундан рози бўлиб,  эри  билан саодатли ҳаёт кечиради. Аёл бўйнидаги эрининг ҳақларидан энг асосийси эрга итоат қилишдир. Аёл гуноҳ бўлмаган барча ишда эрига итоат қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат этадилар: “Аёл беш вақт намозини ўқиса, бир ой рўзасини(фарз рўзасини) тутса, ўз фаржини ҳаромдан сақласа ва эрига итоат қилса, унга жаннатнинг истаган эшигидан кир дейилади!”, - дедилар. (Имом Табароний ривояти)
Аёл эрининг розилигисиз кўчага чиқиши динимиз кўрсатмаларига хилоф иш саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида: “Эрнинг хотини устидаги ҳаққи аёлнинг эри рухсатисиз уйдан чиқмаслигидир. Агар шундай қилса, то тавба қилгунча ёки уйга қайтгунча Аллоҳ ундай аёлни лаънатлайди” – дедилар. (Имом Байҳақий ривояти). Аммо аёл эрининг рухсати билан шариатимиз кўрсатмасига мувофиқ кийинган ҳолатда, ишлайдиган жойига, ота-онасини зиёратига бориши, зарурат юзасидан дўконга чиқиши мумкин бўлган ишдир.
Итоатли аёл эрининг ҳаққини ўз ҳаққидан ва ҳамма яқинларинг ҳаққидан ҳам устун қўяди. Эри берган насибага рози бўлиши, унга инжиқлик қилмаслииги керак. Афсуски, баъзи аёллар бошқа эрнинг ўз хотинига сарфлаган нарсаларини мисол қилиб, эридан худди шундай нарсалар билан таъмин қилишини талаб қилади. Ваҳоланки, инсон дунёвий ишларда ўзидан юқорига қараб эмас, балки ўзидан пастроққа қараб ибрат олиши керак. Бу ҳолат инсонни   Аллоҳ унга тақсимлаб берган ризқига шукр қилишга ундайди. Акс ҳолда эса ношукурликни келтириб чиқаради. Аёлнинг эрига ношукурлик қилиши, қаноатсизлиги эса оила мустаҳкамлигига путур етказиб, орада совуқлик пайдо қилади. Бугун аксарият эр-хотинларнинг ўзаро можароларига айнан мана шу ҳолатлар ҳам сабаб бўлмоқда. 
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, эр оиладига ўрнини билиб аёли ҳаққини поймол қилмаса, аёл эса эрни ҳурматини жойига қўйиб итоатда яшаса, оила мустаҳкам бўлади. Эр ва хотин бўйнидаги бурч ва масъулиятларини Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилаб берди. Бу буйруқларга итоат этган, бу борада Парвардигорнинг қайтариқларидан қайтган эр ва хотин албатта дунёда ҳам охиратда ҳам саодатли ҳаёт кечиради.

Бухоро шаҳар “Абу Бакр Ас-сиддиқ” жомеъ масжид
имом-хатиби Орифжон домла Тўқсанов
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:15
Куёш: 06:55
Пешин: 13:10
Аср: 16:35
Шом: 18:20
Хуфтон: 20:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram