ФАРИШТАЛИ ХОНАДОН: У ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?
24 июл 2020 й.
1089 марта ўқилди.

 

 ФАРИШТАЛИ ХОНАДОН: У ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?

Одамлар анча-мунча сарф-харажат қилиб, елиб-югуриб чиройли уйлар қуради. Лекин айрим иморатлар, бир қарашда, кўзингизга данғиллама кўринса-да, бироқ хонадонда файз бўлмайди. Нега? Чунки у ерда Қуръон тиловат қилинмайди, намоз ўқилмайди. Иморат қанча ҳашаматли бўлмасин, Аллоҳнинг каломи ўқилмаса, ундай жойда файз-барака бўлмайди. Зеро қуруқ дабдаба билан уйимизга нур кириб қолмайди. Яшаб турган жойимиз нурга тўлсин, десак, Қуръон ўқийлик, ибодат қилайлик, зикр айтайлик.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Пайғамбаримиз (с. а. в.) шундай деган эканлар: “Қуръон тиловат қилинадиган уйнинг аҳли учун кенглик ҳосил бўлади, фаришталар ҳозир бўлиб, шайтонлар у ердан узоқлашади. Бундай хонадоннинг яхшиликлари кўпаяди. Қуръон ўқилмайдиган уйнинг аҳли учун танглик ҳосил бўлади. У ерни фаришталар тарк этади. Ўрнига шайтонлар келади. Шунинг учун яхшиликлари камаяди” (Доримий саҳиҳ санад билан ривоят қилган).
Баъзилар: “Ҳар бир уйда биттадан Қуръон бўлиши керак”, ‒ деб ота-бобоссидан қолган Қуръонни матога яхшилаб ўраб-чирмаб, қўл етмайдиган жойга илиб қўяди. Кейин ойда-йилда бир олиб, у ер-бу ерини варақлаган бўлади. Мусҳафни деворга осиб қўйишдан ҳеч қандай фойда йўқ. Аллоҳнинг каломини ўқисак, ҳукмларини қунт билан ўргансак, илоҳий таълимотларга мувофиқ яшасак, яъни кўрсатмаларга амал қилиб, ман этилган амаллардан тийилсак, ана ўшанда қалбимиз мунаввар, хонадонимиз файзли, икки дунёмиз обод бўлади, иншооллоҳ!
Оилада аёл кишининг ўрни ‒ бениҳоят муҳим. Аёл оқила, меҳрибон, сабр-қаноатли ҳамда тежамкор бўлиши зарур. Ҳадиси шарифда: “Тежамкор қашшоқ бўлмас”, ‒ дейилган. Тежамкорликнинг акси эса ‒ исроф. Исрофгарчилик шайтоний ишлардан бўлиб, кишини гуноҳга етаклайди. Зеро, “Аъроф” сурасининг 31-ояти каримада: “Аллоҳ исрофгарларни ёмон кўради”, ‒  дейилган.
Оила тушунчасини, эр-хотин ва фарзандлардангина иборат, деб ўйлаш ‒ хато.  Сабаби муқаддас динимиз таълимотида оила кенгроқ, яъни эру хотин ва фарзандлардан ташқари, ота-она, ака-укаларни ҳам ўз ичига олади. Шу ўринда айтиш лозимки, оилада кексаларимиз бўлиши ‒ кони фойда. Чунки улар бизнинг дуогўйларимиз. Кўпни кўрган, тажрибали бу зотларнинг ҳар бир ўгити ‒ тиллодан қиммат. Чунки халқ: “Бошидан ўтганнинг қошидан ўтма”, ‒ дейди. Бу, кексалар кўп нарсани билади, дегани. “Қари билганни пари билмас”, ‒ деган мақолимиз ҳам бор-ку. Яъни оилада кекса ота-оналарнинг ҳам ўз ўрни, вазифаси, бурчи ва масъулияти мавжуд. Шуни эсдан чиқармайликки, бобо-бувилари билан ўсган болаларнинг бобо-бувиларсиз ўсган болалардан кескин фарқи бор. Демак, кексаларимиз хонадонимизнинг фаришталари ҳисобланади. Улар орқали миллий ва умуминсоний қадриятлар авлоддан-авлодга осон сингади.
Тўғрисини айтганда, турмуш қурганидан кейин мустақил яшай бошлаган оилалар ўртасидаги келишмовчиликларнинг кўпи ота-она билан яшаётган ёш оилаларда унча-бунчага юз беравермайди. Бу ‒ исботланган ҳақиқат. 
Оилада тинчлик-тотувликнинг, меҳр-оқибатнинг ўзаро иззат-ҳурматнинг ўрни беқиёсдир. Ўзаро тотувлик, меҳр-оқибат бир жойда баракот бўлади. Аксинча бўлса, баракот қочади. Халқимиз бежиз: “Бир кун жанжал бўлган уйдан, қирқ кун баракот қочади”, ‒ деб айтишмаган. 
Ривоят қилишларича, Иброҳим алайҳиссаломнинг уйларида тўрт эшик бўлиб, қайси эшикдан бирор киши келар экин, деб қараб ўтирарканлар. Меҳмондўстлик халқимиз қонига сут билан кирган. Меҳмонни отадай улуғ кўриш, меҳмондорчиликни уйининг зийнати деб билиш ‒ халқимизга хос сифат. Меҳмон келган уйнинг чироғи равшан тортиб, хонадон янада баракали бўлади, дастурхонлар кўркамлашади, меҳмонхона тор бўлса ҳам, меҳри дилинг кенгаяди. Ҳадиси шарифларда айтилишича, уйларига меҳмон қўнмайдиган одамлар ёмон кишилардир, бундай уйларга фаришталар ҳам кирмайди. Меҳмонсиз уй суви қуриган тегирмонга ўхшайди. Меҳмон баҳонасида уй-жойлар тозаланади, рўзғор бутун бўлиб, дастурхон ноз-неъматларга тўлади. Ҳатто, баъзан оилада ўзаро уришиб, гаплашмай юрган эр-хотинлар меҳмон шарофати билан ярашиб ҳам кетишади. Меҳмондорчилик ‒ буюк мутафаккир ва донишмандлар, ёзувчи ва шоирлар ижодида, халқ мақолларида кенг ўрин эгаллаган. Меҳмондорчилик, бу ‒ энг яқин дўстларнинг қадрдонлигидир. 
Мана бу ҳадисларнинг маъно-мазмуни ҳам бизни хонадонимизни файзли қилишга ундайди: 
“Аллоҳ таоло наздида уйларингизнинг энг яхшиси етим ҳурмат қилинадиган хонадондир”. Умар (разияллоҳу анҳу)дан Байҳақий ривояти.
“Аллоҳ зикр қилинадиган уй билан Аллоҳ зикр этилмайдиган уйнинг мисоли худди ўлик билан тирикнинг мисолига ўхшайди”. Абу Мусо Ашъарий (разияллоҳу анҳу)дан Бухорий ва Муслим ривояти.
“Аёлларнинг баракалиси чиқими енгилларидир”. Ҳазрат Ойша (разияллоҳу анҳо)дан Аҳмад ривояти.
“Жам бўлиб овқат енглар. Тарқоқ бўлиб еманглар. Чунки барака тўпланиб еганлар билан биргадир”. Ибн Можа ривояти.
Бу мулоҳазалардан маълум бўляптики, хонадоннинг файзли, баракотли, фариштали бўлиши кўп нарсага боғлиқ экан. Кимки хонадонининг фариштали бўлишини хоҳласа, шу шартларга амал қилиши лозим.

Ғафуржон Раззоқов, 
“Баҳоуддин Нақшбанд”  жоме масжиди имом-хатиби
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:36
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram