ФАРОВОН ДИЁР- САОДАТ МАНЗИЛИ
09 май 2023 й.
«орқага
528 марта ўқилди.
ФАРОВОН ДИЁР- САОДАТ МАНЗИЛИ
Ўзининг ерини азиз бандалари учун ҳаёт макони, тинч диёр ва фоний неъматларга тўла қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду саноларимиз бўлсин.
Бандаларининг ҳаёти офият, тинчлик ва фаровонликда ўтар экан, уларнинг барчалари бахтли бўладилар. Нафақат инсоният, балки, Аллоҳ таоло яратган жамийки махлуқотларга ҳам осуда ҳаёт жуда зарурдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам маҳлуқотларни қўрқитиш ва уларга зарар беришдан огоҳлантирдилар. Ер курраси бошқа сайёраларга қараганда анча кичик бўлишига қарамасдан, Аллоҳ таоло шу кичгинагина заминга беҳисоб неъматларни жойлаштирди. Буларнинг барчаси бандаларини йўқдан бор қилган Роббисини эслаш ва Унга тақво қилиб, ҳаётларини ибодат билан ўтказишдан иборат эканлигини тезда англашларини билдиради. Шунинг учун бутун инсоният, у хоҳ эркак ёки аёл, хоҳ Ажам, хоҳ Араб бўлсин, ўзининг бу дунёси ва охирати учун фаровон ҳаёт, Қиёматга қадар фақат солиҳ,обид ва фозилларнигина қолдириши энг олий яхшилик бўлади. Нега бугунги кунда фаровон ҳаёт, сиҳҳат ва офият кўпчилик халқ ва диёрларнинг армонига айланмоқда?!... Чунки, неъмат берилган баъзи одамлар дунё ҳаётида гуноҳ ва маъсият, қотиллик, гиёҳвандлик, болафурушлик, ўғрилик ва бошқа юртларнинг мустақил ерларига фитна уруғини экишни яхши ва афзал билганларидир. Уларни иймон, инсон ҳаёти ва қиймати, биродарлик, ўзаро яхшилик учун ҳамкорлик каби мўминлик сифатлари тарк этган. Аллоҳ таоло яратган покиза тупроқ уларнинг сўнгги манзили бўлишини била туриб, нафслари васвасаси уларга ғолиб келаверади. Мана шу лаҳзаларда инсонларнинг ҳаёт тарзини иймон ҳаловати билан гўзал қилиш, Аллоҳ таолонинг ерини фаровон сақлашга илм ва амал билан шошилиш ҳар бир инсоннинг вазифасидир.
Эй Аллоҳнинг бандалари, инсонга ато қилинган яхшиликлар лаззатли ва гўзалдир.
Шу ўринда Доктор Оиз Қорнийнинг муборак сўзларини эслаймиз: Огоҳ бўлинг! Пайғамбар васияти, насиҳати, даъвати шундай: “Осуда чоғингда солиҳ амалларинг билан Аллоҳга танилиб қолгин, бошингга мушкулот тушганида сени таниб, қутқаради”.
Эй, исломий йигитлар! Эй, Аллоҳнинг Китобини кўтариб юрганлар! Эй, Пайғамбар алайҳиссалом суннатини олиб юрганлар! Биз фаровон, тинч- осуда, тўкин ҳаёт кечирмоқдамиз, шукрини адо этайлик! Аллоҳнинг неъматига нонкўрлик қилишдан Ўзи асрасин!
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ушбу хитобини унутмайлик:
إِن كُلُّ مَن فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ إِلَّا آتِي الرَّحْمَنِ عَبْدًا {مريم/93} لَقَدْ أَحْصَاهُمْ وَعَدَّهُمْ عَدًّا {مريم/94}
“Осмонлар ва Ердаги бор жонзот (қиёмат кунида) Рахмон (ҳузурига) бўйинсунган ҳолда келур. У уларни ҳисоблаб, ададини санаб қўйгандир”. (Марям сураси. 93-94 оятлар)
Аллоҳ таолонинг иймон неъмати шунчалик тотлики, уни мукаммал тақвога эга бандаларигина ҳис эта оладилар. Дунё ҳаётини Аллоҳ таолодан қўрқиб ўтказиш, куфр ва туғён устидан ғалаба қилишга олиб келади.
Эртаю кеч Ўз Роббиларини йиғлаб, ўтиниб сажда қилиб вақтларини ўтказаётган, ризқларини ҳалолдан қидираётган, ватани, дийни учун хизмат қилаётган мухлис бандаларига Тубо жаннати бўлсин.
Аллоҳ таоло Макка шаҳри билан қасам ичади:
وَهَذَا الْبَلَدِ الْأَمِينِ {التين/3}
“Ва мана бу эминлик юрти(Макка) билан қасам”. (Тийн сураси, 3- оят)
Аллоҳ таоло барчаларимизни Макка шаҳри баробарида дунёни тинч ва осуда сақлаб, асраб авайлашга чақирмоқда. Башариятнинг куч- қуввати уруш ва фасодни енгиб, дунёни фаровон ва тинч сақлашга етади. Берилган ақл ва дийн неъматини бу заминни обод ва осойишта сақлаш учун фойдаланадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Ўз неъматларини зиёда қилаверади.
Энг гўзал сўз Аллоҳникидир. Унинг Сўзларини жаннатда эшитадиган жисмни ҳар бирларимизга берган. Бу жисмларни гуноҳлар, инсонни хаётини барбод қилиш билан қаритмаслик лозим.
Гўзал Сўзни тинглаш учун Аллоҳ томон қочмоқлик керак.
إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ أُوْلَئِكَ هُمْ خَيْرُ الْبَرِيَّةِ {البينة/7}
“Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар- айнан ўшалар халойиқнинг энг яхшисидирлар”. (Баййинаҳ сураси, 7 – оят)
Яхшилик ва тақво ишларида йўлбошчи бўлиш, солиҳ амалларни бажариб, Аллоҳнинг энг суйган бандасига айланиш ва Аллоҳ таолонинг ҳидоят йўлини ноҳақ кимсаларга мақташ,уларни истиғфорга чақириш башар аҳлининг сифати бўлиши даркор.
Мўмин инсон бу дунёнинг ошини еб, охиратни ишини бажаради. Агар ушбу натижаларга эришиладиган бўлса, башарият ўзаро биродар бўлиши ва инсониятни йўқотишга қаратилган ҳар қандай бузуқ ғоя ва ашёлардан покиза бўлиб, ҳар бир инсон дунё ва охират саодатига эришади.
Зеро, Аллоҳ таолонинг Азиз Китобида зикр қилинган жаннат ва унинг боқий неъматлари Парвардигорнинг жазосидан ёки Унинг неъматларига нисбатан ёмон муомала қилишдан қўрққан кишилар учундир.
Бутун оламларнинг Роббиси Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Жасур Панжиев,
Бухоро шаҳар “Имом Ғаззолий”
жомеъ масжиди имом-хатиби
Бухоро шаҳар “Имом Ғаззолий”
жомеъ масжиди имом-хатиби
ТАВБА - МЎМИННИНГ СИФАТЛАРИДАНДИР
Суюкли ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати қилиб яратган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду саноларимиз бўлсин!
Албатта, тавба Аллоҳ азза ва жалланинг бандаларига инъом этган улкан неъматидир. Бандалар зоҳирий ва ботиний хатоларига пушаймон бўлган холатда истиғфор айтишлари,солиҳ амалларини зиёда қилишлари орқали Аллоҳнинг раҳматига эришадилар.
Сиз ўзингизни дунёда бахтли қилмоқчи бўлсангиз, аллоҳга яқин бандалардан бўлишни истасангиз ва амалларингиз солиҳ ниятларингизга мос бўлишини хоҳласангиз, истиғфорга шошилинг!!!
Агар истиғфорингиз қалбингиздаги комил ниятингизга мос бўлмасдан ғафлатга сизни бардавом қиладиган бўлса билингки, истиғфорингиз истиғфорга муҳтождир.
Тавба бу- ютуқ аҳлининг сармояси, адашган бандаларнинг ҳидоат эшикларининг калити ва гуноҳлардан Аллоҳ таолонинг тоатига қайтишдир. Ўтган набийлар ўз қавмларини тавбага чақириб тўғри йўлни кўрсатганлар. Бу хушхабарни қабул қилган қавмлар нажот топганлар.
Тавбаи Насуҳ- банда аввал қилган гуноҳ амалига қаттиқ пушаймон бўлиб, абадий ўша ишга қайтмаслигидир. Мазкур тавба, содиқ ва жазм ила айтилган тавбадир.Тавба қилишни барча мўмин инсонлар биладилар. Гоҳида бирор бир ҳодиса, бир инсоннинг ҳаёти орқали ёки амру маъруф қилинса, тавба қилувчи инсоннинг ҳаёти ҳидоят сари ўзгариб кетади.
Аллоҳ таоло Ўзининг азиз китобида :
إِنَّمَا التَّوْبَةُ عَلَى اللَّهِ لِلَّذِينَ يَعْمَلُونَ السُّوءَ بِجَهَالَةٍ ثُمَّ يَتُوبُونَ مِنْ قَرِيبٍ
فَأُولَئِكَ يَتُوبُ اللَّهُ عَلَيْهِمْ وَكَانَ اللَّهُ عَلِيمًا حَكِيمًا
яъни: “Албатта, Аллоҳнинг тавба қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат эгасидир”
(Нисо сураси, 17-оят).
Шунинг учун Аллоҳ таолонинг бандадаги ҳақларидан бири, Ўз Роббисига исён қилмаслиги, гуноҳни орқасидан тавба ва истиғфорни тезлаштириши ва молида хато қилиб бировнинг ҳаққига кириб қолганда уни эгасига қайтириб садақа орқали нуқсонларини поклаши лозимдир.
Энг солиҳ банда, бир гуноҳни содир этганда уни мағфират қилишини Аллоҳ таолодан сўрайдиганидир. Роббисига чин тавба билан зорланиб дуо қилади ва Аллоҳ таоло унинг гуноғини мағфират қилади.
قال بعض السلف: مَن وُفِّق للدعاء، فليُبشر بالإجابة
Баъзи салафлар айтганлар: Аллоҳ таоло қайси бандасига дуо қилишни муваффақ қилган бўлса, дуоси ижобат бўлиши билан хурсанд қилади.
Шунинг учун банда ҳар бир амалидан ўзига хайр етишлигини хис этади.
Ҳукамолар айтадилар : Танг вазиятга тушиб қолсанг, Аллоҳнинг рахмати ҳамма нарсадан кенглигини эсла!
Моддий нарсалар маънавий нарсалардан муҳим бўлганида жасад ерга кўмилиб, руҳ осмонга кўтарилмаган бўлур эди.
Инсонлар дунё ҳаётида истиқомат қилар эканлар, моддий бойликлар деб кўп гуноҳлар содир этадилар. Унинг сўнгги оқибати оғир тушкунлик олиб келганда ҳам чин тавба билан Аллоҳ азза ва жаллага илтижо қилсалар, уларни хотиржам ҳаётга олиб чиқади. Шунинг учун мўмин банданинг ҳаётида тавба истиғфорнинг ўрни жуда муҳим. Ота она фарзандларига тавба ва унинг фазилати ҳақида ёшлигидан таълим бериб бормоқликлари керак.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ банданинг тавбасини модомики у ғарғара ҳолига бориб қолмаган бўлса қабул қилади», дедилар». Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Демак, Аллоҳ таоло банданинг жони ҳалқумига келмасидан аввал тавбага шошилиши лозим ва ундан кечиктирса, кеч бўлиб қолади.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ то қуёш мағрибдан чиққунича кундузу гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кечаси қўлини ёзади ва кечаси гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кундузи қўлини ёзади», дедилар».
Тавбанинг ҳақиқий бўлиши учун тўрт шарт бордир:
1.Маъсиятдан дарҳол узилиш.
2.Маъсиятни қилганига астойдил надомат қилиш.
3.Яна унга ўхшаган гуноҳларни қилмасликка қатъий азму қарор қилиш.
4.Агар гуноҳ одамлар ҳақига тегишли бўлса улардан узр сўраб ҳақларини жойига қайтариш.
Бу шартлар бандани фаровон ҳаёт сари элтади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам тавба қилар ва биз умматни тавба қилишга чақириб ушбу дуони таълим бердилар:
«Аллоҳим! Сен Роббимсан! Сендан ўзга илоҳ йўқ. Мени яратдинг, ва мен Сенинг бандангман. Мен қодир бўлганимча Сенинг аҳдинг ва ваъдангдаман. Сендан ўзим қилган нарсаларнинг шарридан паноҳ тилайман. Сенинг менга берган неъматингни эътироф қиламан. Гуноҳларимни ҳам эътироф қиламан. Мени мағфират қил. Сендан бошқа ҳеч бир зот гуноҳларни мағфират қилмас».
Мазкур саҳеҳ дуони ёд олиб ибодатларга бардавом бўлмоқлигимиз керак. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг каломида зикр қилган солиҳ бандалардан қилиб, хатоларимиз афв этилган ҳолда ҳаёт кечирмоғимизни насиб этсин.
Бухоро шаҳар, “Имом Ғаззолий” жоме масжиди имом хатиби:
Жасур домла Бухорий